Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:53

"Ўзбекэнерго" минглаб ишчисига ойлик бермаяпти


Тошкент иссиқлик электр станцияси.
Тошкент иссиқлик электр станцияси.

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчиси 3 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаётганидан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилди.

"Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компаниясига қарашли Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станциясининг 1400 ишчиси 3 ойдан буён меҳнат ҳақларини ололмаётганидан шикоят қилиб, Озодликка мурожаат қилди.


“3-5 ойдан буён ойлик йўқ”


Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан учинчи ўринда турувчи Тошкент Иссиқлик электр станцияси (ТошИЭС¸ аввалги ТошГРЭС) ишчиларига бир неча ойдан буён ойлик маошлари берилмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка станция ишчиларидан бирининг укаси хат билан мурожаат қилди.

“Тошкент Иссиқлик электр станциясида ишчилар 3-5 ойдан буён ойликсиз ишламоқда. Ишчиларнинг жуда кўпчилиги яқинларидан қарз олиб ишлаяпти. 5 ойдан буён ойлик олмаётганлар ҳам бор. Пул йўқлигидан еб-ичишнинг тайини йўқ. Пул камлиги учун ишчилар заводга пешком келаяпти. Ишчиларнинг аҳволи жуда оғир. Акам ва станцияда ишлайдиган минглаб маҳалладошларим номидан Озодлик ходимлари ишчиларга ойлик маошларини олишларига ёрдам беришингизни сўраймиз” дея мактаб йўллади исмини ошкор қилмаётганимиз қибрайлик йигит.

ТошИЭС ходимларидан бири исмини ошкор қилмаслик шартида Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда бўлди.

“Бизнинг бўлим ишчиларига август ойининг пулларини яқинда беришди. Лекин сентябр ва октябр ойларининг пулини ҳали беришмади. Пул йўқ дейишаяпти. Бундан олдин бунақа катта узилиш бўлмаган. Узоғи билан 15-20 кунга кечиккан вақтлари бўларди. Лекин 3 ойга кечикиши энди бўлаяпти. Раҳбарларга шикоят қилсак, айб биздамас дейишаяпти” деди станция ишчиси микрофонсиз суҳбатда.

“Ойликни бериш учун кредит оламиз”


Тошкент Иссиқлик электр станциясининг Иқтисод бўлими мулозимларидан бири Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда ишчиларга ойлик берилиши кечикаётганини тан олди:

“Тўғри, ишчиларга пулларини ўз вақтида бера олмаяпмиз. Баъзи бўлимларга 2 ойгача кечикаяпти. Бошқаларида икки ярим ойдан бери бера олмаяпмиз. Энди пул етишмай қолди. Биз “Ўзбекэнерго” ташкилотидан оламиз пулни. Улар етказиб бера олмай қолди. Лекин ҳал қилиш йўллари изланаяпти” деди исмини ошкор қилмаётганимиз мулозим микрофонсиз суҳбатда.

“Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси Ҳисоблаш бўлимининг ўзини таништирмаган ходимасига кўра, Тошкент иссиқлик электр станцияси ишчиларига ойлик бериш учун банкдан имтиёзли кредит олишга қарор қилинган.

Суҳбатдош ТошИЭС ишчиларига ойлик маошлари 5-10 кун ичида тўла берилишига ваъда берди.


Ойлик кечикиши сабаблари


“Ўзбекэнерго” компанияси ходимаси ТошИЭС ишчиларининг ойлик маошлари кечикаётгани сабабларини изоҳлашни истамади.

Лекин Озодлик мухбири суҳбатлашган ТошИЭСнинг Иқтисод бўлими мулозими бунга ойдинлик киритишга рози бўлди.

Унинг айтишича, ҳозирда Тошкент Иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш жараёни бўлаяпти ва ташкилот маблағлари қурилишга сарфланаётгани боис пул муаммоси юзага келган.

Модернизация ишлари жорий йилнинг 23 март куни бошланган бўлиб, жами 468 миллион АҚШ долларлик лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

Лойиҳа хорижий фирмалар консорциуми томонидан амалга оширилмоқда, улар орасида Чехия ва Словакия фирмалари бор.

Хорижий кредитлардан ташқари лойиҳанинг маълум қисми Ўзбекистон Тараққиёт ва тикланиш жамағармаси томонидан ажратилиши айтилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун қолган барча харажатлар “Ўзбекэнерго” компанияси зиммасига юклатилган.

ТошИЭС мулозимига кўра, ҳозирда модернизация ишларига “Ўзбекэнерго”дан ташқари ТошИЭС ҳам ўз маблағларини сарфлаётгани натижасида, ойлик маошларининг кечикиш муаммоси юзага келган.

ТошИЭСни модернизация қилиш лойиҳаси дастлаб 2008 йилда имзоланган. Бироқ лойиҳа ўз вақтида молияланмагани боис¸ 2010 йилда у тўхтатилиб, 2011 йилнинг декабрида қайта имзоланган.

"Ўзбекэнерго" расмий сайтида ёзилишича, ТошИЭСда модернизация 2015 йилда якунланиб, қуввати 370 МВт бўлган буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши режалаштирилган.

Янги лойиҳа ишга туширилса ТошИЭС электр ишлаб чиқаришда йилига 175 кубометр табиий газни тежаш қувватига эришиши кутилаяпти.

UzDaily сайти маълумотига кўра, ҳозирда ТошИЭС қуввати 1,86 минг МВтни ташкил қилади.

“Сирдарё ИЭС” ва “Толимаржон ИЭС”ларидан кейин учинчи ўринда турувчи ТошИЭСнинг биринчи блоки 1963 йилда фойдаланишга топширилган.

ТошИЭС Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси ва саноат корхоналарини электр энергияси билан таъминлайди.
XS
SM
MD
LG