Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Сеулдаги ўзбек элчилиги: Ўзбекнинг боласи Ўзбекистон фуқароси!


Элчилик сериаллардан туғилган орзулари ортидан Кореяга тушган ўзбек келинлари ажрашганида, уларнинг фарзандларини олиб қолиш учун бир неча бор судлашганини айтмоқда.
Элчилик сериаллардан туғилган орзулари ортидан Кореяга тушган ўзбек келинлари ажрашганида, уларнинг фарзандларини олиб қолиш учун бир неча бор судлашганини айтмоқда.
"Ўзбек элчихонаси эшигида" рукнига Жанубий Кореядаги элчихона фаолиятидан арз қилиб боғланган ўзбеклар мурожаатига элчининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси шундай жавоб берди.


Фуқаронинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Ўзбекистонники

Сеулда истиқомат қилаётган Мурод исмли тингловчига кўра, унинг паспортини иш берувчи ташкилот вакили йўқотиб қўйганида, у илк бор Ўзбекистон элчихонанинг Консуллик хизмати эшигини қоққан.

- Ўзбекистон элчихонасига борганимда менга вақтинчалик паспорт вазифасини ўтайдиган қоғоз қилиб беришган. 10 ярим - 11ларда қабул қилишган. Унақа навбат ҳам йўқ эди. 6-7та одам бор эди. Виза олаëтган Корея фуқаролари ҳам бор эди. Обеддан кейин расм олиб келиб берганман кичкинароқ. Ўшани топширганман. 50 долларга етар етмас пул тўлаганман. Шу билан Ўзбекистонга қайтиб кетганман. Хизмат кўрсатиш даражаси Россиядаги элчихона даражасидай эмас. Ундан сал яхши, дейди Мурод.

Мурод ўзини қийнаб турган ҳужжат муаммосини бир кунда ҳал бўлгани ва Консуллик хизмати ўз вазифасини бажарганидан мамнун эканини таъкидлади.

Бироқ у идора ичида ўз вазифасини бажараётган консуллик зиммасидаги вазифалар фақат бу билан чекланмаслиги керак, деган хулосада. Чунки, Ўзбекистон фуқароси ўлароқ ўз давлати ҳимоясига муҳтож бўлган ўзбеклар Жанубий Кореяда жуда кўп.

“Булар орасида айбсиз айбдорлари ҳам, айбли айбдорлари ҳам бор”, дер экан Мурод қонунни бузган ёки бузмаганидан қатъий назар, муаммоли вазиятга тушган ҳар қандай фуқаро манфаати Ўзбекистоннинг хориждаги консулликлари томонидан давлат манфаати каби ҳимоя қилиши зарур, деган хулосани тилга олди.

У айниқса, Жанубий Кореяга турмушга чиқаётган ва кейин бир неча ой ўтмасидан турмуши бузилиб, ҳимоясиз кўчада қолаётган ўзбек қизлари ҳақида куюниб гапирди.

- Биласизми яқинда ачинарли битта ҳол кўриб қолдим. Кўчага ëзиб қўйибди плакатда: “Ветнам фуқароси, Филиппин фуқароси, Хитой фуқароси, Ўзбекистон фуқаро қизларига уйланаман” деб қўл телефон номерини ëзиб қўйибди. Бунақа нарсани кўп жойда кўраяпман, дейди Сеулда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Мурод.


Ўзбекистон фуқаролигини олмаган фарзанд муаммоси

Жанубий Кореяга келин бўлиб борган 26 ёшли Нигора ўзидан 10 ёш катта йигитга турмушга чиққани ва бахти очилиб, ҳозир бир фарзандни катта қилаётганини айтди.

Бироқ, оиласи тўкис бўлсада айни дамда Ўзбекистон ҳукуматининг ҳимоясига муҳтож эканини айтган Нигора 5 ёшли фарзандини Ўзбекистонга олиб боролмаётгани ва бу борада элчихонадан ёрдам ололмаётганини сўзлаб берди.

Нигора бунга қадар Жанубий Кореяда туғилган ва фақат шу давлат фуқароси ўлароқ расмийлаштирилган фарзандига сайёҳлик визасини олиб, Ўзбекистонга 4 бора борганини айтди.

Сайёҳлик визасини эса Ўзбекистон элчихонасидан эмас, сайёҳлик компаниялари орқали олган.

- Билет сотадиган саëҳат компанияси. Ўшаларга берасиз документларингизни. Улар сизга виза қилиб беради. Уч ойлик. Ҳозир ўша компаниялар виза қилмаяпти. Элчихона бизларнинг документларимизни қабул қилмаяпти. Элчихонага телефон қилдик. Ўзи умуман телефонни кўтаришмайди. У куни кўтарган эди, муомалани кўрсангиз! Йўқ дейди, виза январдан бўлади, дейдими-ей?! Аниқ ҳеч нарсани айтишмаяпти. “Қаттан олдиларинг бунақа нимани? Бунақа қонунни санла ўзингча тўқийверасанлами?” дейишаяптида.

Озодлик: Сенсираб гаплашдими?

- Сенсираб, энди биласизу муомаласи шунақароқ, дейди Жанубий Кореяга келин бўлиб тушган ва ҳозир 5 ёшли боласини Ўзбекистонга олиб бора олмаётган Нигора.


Кореяга бораётганлар - ишчилар, келинлар, тужжорлар

Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик хизматлари фаолиятига бағишланган махсус лойиҳа доирасида аввалги ва шу кунлардаги мурожаатларда тилга олинган муаммоларни жамлаб, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасига боғландик.

Аввалига ўзимизни қизиқтирган саволларни жамлаб, элчихонанинг Консуллик хизматига мактуб йўлладик, кейин эса телефон орқали боғландик.

Ҳар икки мурожаатимизга тегишли тартибда жавоб берган элчихона ходимлари тингловчилардан йиғилган саволларнинг деярли ҳаммаси юзасидан батафсил маълумот беришга розилик билдиришди.

Кейин, Озодликнинг конкрет саволларига Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Феннинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов жавоб берди.

Бу мулозим суҳбатнинг ёзиб олинишини истамади ва шу боис, у киши билан микрофонсиз суҳбатлашдик.


Сеулдаги элчихонада ҳам каттагина навбат бор

Бахтиёр Ибрагимовга кўра, консуллик хизматига кунига 30-35 нафар атрофида фуқаро мурожаат қилади ва мурожаатчиларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ибрагимовга кўра, консулликка иши тушганлар орасида паспортини йўқотган ёки паспорти яроқсиз ҳолга келиб қолган ўзбекистонликлар ҳақиқатда кўп ва баъзан, келганларнинг кунлаб навбат кутиб қолиши учрайдиган ҳодиса.

Бу мулозимга кўра, шу кунларда бундай процедурани тезлаштирувчи ва шунингдек, паспортни элчихона консуллик хизматининг ўзида алмаштириб берувчи янги технологияларни ўрнатиш устида иш бормоқда.

Бахтиёр Ибрагимов Корея фуқароларига турмушга чиққан аёлларнинг бир неча соатлик йўлдан келиб, иши битмасидан ортга қайтишга мажбур бўлишини ҳам инкор қилмади.

Унга кўра, элчихона олдида 30 дан ортиқ кишидан иборат навбат бўлиши одатий ҳол бўлгани боис, консуллик ходимлари имкон қадар болали аёлларни навбатсиз қабул қилишга ҳаракат қилади.

“Консуллигимиз ходимлари болали аёлларни навбатсиз қабул қилишади. Лекин, бўладики шунақа ҳолатлар, бир хилги фуқаролар ҳужжатларни сал нотўғри расмийлашитириб, кейин бошқатдан тўлидириб келинг, дейилса норозилик кўрсатишади. Агар ҳужжат тўғри бўлса, ҳеч қанақа мумммо йўқ” деди Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Феннинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов.


"Ўзбек келини фарзанди - Ўзбекистон фуқароси", тамом-вассалом

Ибрагимовга конкрет мурожаатлар, жумладан, 5 ёшли боласини Ўзбекистонга олиб бора олмаётган Нигоранинг мурожаати асосида савол бердик.

Яъни, корейс йигитига турмушга чиққан ва фарзандига Корея республикасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олган, муҳими, шу вақтга қадар Ўзбекистонга сайёҳлик визаси асосида борган болага нега энди Ўзбекистонга виза берилмаяпти?

Бахтиёр Ибрагимов бу масала бевосита Ўзбекистон қонунчилиги билан боғлиқ жиддий масала эканини урғулар экан, ота-онасидан бири Ўзбекистон фуқароси бўлган оиланинг хорижда туғилган фарзанди автоматик тарзда Ўзбекистон фуқароси ҳисобланишини эслатди.

Элчи маслаҳатчисига кўра, бу ҳолда болага Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси берилиши ва бола исталган муддатда она ватанига сафар қилиши мумкин.

“Лекин, бунақа оилалар гувоҳнома олишни рад қилиб, виза сўрашади. Ўзбекистон фуқаросига қандай қилиб Ўзбекистонга кириш учун виза берасиз?! Бу болага туғилганлик гувоҳномасини муаммосиз берамиз ва улар кейин истаган вақтида борверади Ўзбекистонга” деди суҳбат давомида Ибрагимов.

Аммо, ўзбекка уйланган Корея фуқароси ҳам ўз фарзандини ўз давлати фуқароси бўлишини истаса ва худди Нигоранинг мисолида кузатилгани каби, ота-она фарзандини ҳали Ўзбекистон фуқароси сифатида қайд эттирмаган бўлсачи, дея яна савол бердик элчихона ходимига.

“Ўзбекистон қонунчилигига биноан бу бола Ўзбекистон фуқароси ва агар улар бу фуқароликни истамаса, у ҳолда тегишли тартибда ҳужжатлар билан элчихонага мурожаат қилиб, фуқароликдан чиқиши керак”, деди Ибрагимов.

Яъни унинг жавобларидан тушунишимизча, Нигоранинг оиласи ҳозир 5 ёшга кирган фарзандини аввалига Ўзбекистон элчихонаси орқали Ўзбекистон Республикаси расмий қайдидан ўтказиши – унга гувоҳнома олиши, кейини эса тегишли тартибда фуқароликдан чиқиши керак.


Ўзбек фарзандининг Ўзбекистон фуқароси бўлишини истамасачи?!

Ўзбек келинини туширган корейс оиласи фарзандни Ўзбекистонда расмий қаддан ўтказиб ўтирмасдан, халқаро ҳуқуқ нормалари асосида боланинг Жанубий Корея фуқаролигида қолишини истасачи, деган саволга жавобан Бахтиёр Ибрагимов бу масала элчихона иродасига кўра ҳал қилинадиган масала эмаслигини таъкидлади.

Унга кўра, Нигоранинг фарзанди Ўзбекистон элчихонаси назарида Ўзбекистон фуқаросидир ва республикада амалдаги қонунчиликда икки фуқаролик тан олинмагани боис, у боланинг Корея республикасидан олган ҳужжати элчихона учун аҳамиятсиз.

“Бунақа ҳолатларда кечирасизу, бизнинг ҳам ваколатларимиз чекланган ва дунёнинг ҳамма ҳуқуқий давлатларида бунақа масалаларда қонунга риоя қилинади”, деб қисқа жавоб берди Ибрагимов.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Феннинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов билан суҳбат давомида Кореяда юрган минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг манфаатлари ҳимояси, корейсларга турмушга чиқиб, тезда турмушдан ажраган ҳимоясиз ўзбекистонлик аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ҳақидаги саволларни ҳам бердик.


"Ишчи Ўзбекистонда имзолаган ҳужжатига амал қилиши шарт!"

Ҳозирда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси консуллик хизмати - консул ва унинг бир ёрдамчисидан иборатлигини қўшимча қилган Ибрагимов бу хизмат имкон қадар ҳамма муҳожирларнинг муаммосини ҳал қилиб беришга ҳаракат қилишини яна бир карра таъкидлади.

“Масалан, Корея иш берувчилари уларга Ўзбекистондалигида айтади, шунақа ишлаб чиқаришда уч йилга ишлашга розимисиз, деб. Улар розиман, деб келадида кейин ишни яхшироғига алмаштиришни ҳоҳлайди. Бу эса шартнома бўйича мумкин эмас”, дея таъкидлаган Ибрагимов алоҳида ҳолатлар – масалан, иш шароитини ишчининг соғлиги кўтармаган ҳолатларда уларга ёрдам берилиши мумкинлигини айтди.

“Бунинг учун VEGU деб номланган ташкилотга мурожаат қилишлари ва ўзининг соғлиги тўғри келмаслигини исботлаб беришлари керак. Агар уларга иш берган ташкилотнинг ишчи соғлиги кўтарадиган бошқа йўналиши бўлса, алмаштириш мумкин”, деди Ибрагимов.

Озодлик сўровига биноан Бахтиёр Ибрагимов ушбу ташкилотнинг Сеулдаги идораси телефон рақамларини тақдим қилди:

(+82 – мамлакат кодидан сўнг) – 2 26 32 99 33 ёки – 2 26 33 30 63(64)


"Сериалга мафтун қизни ота-она ва телевидение огоҳлантирсин!"

Ўзбекистонда намойиш этилаётган ранго-ранг сериалларга мафтунлик ортидан корейс йигитларга турмушга чиқаётган ўзбек қизларининг омадсиз турмуши ҳақидаги мурожаатларига жавобан Ибрагимов масъулиятнинг катта қисмини ота-она ва Ўзбекистон матбуотига улашди.

“Бу ерга келиб, ҳимоясиз қолаётган қизларимизни эса биз имконимиз етганича ҳимоя қиляпмиз. Қанчасига судлашиб, фарзандларини ҳам олиб бердик. Чунки, корейслар ҳам фарзанд масаласига қаттиқ туради ва болани отаси билан олиб қолишга ҳаракат қилади”, деди Ибрагимов.

Унга кўра, бунақа аёлларга ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи, Жанубий Кореяга қарашли Аёлларни ҳимоя қилиш маркази бор ва элчихона бу марказ билан ҳам изчил ҳамкорлик қилади.

Озодлик сўровига биноан элчи маслаҳатчиси бу ташкилотнинг ҳам Сеулдаги идораси телефон рақамларини тақдим қилди:

(+82 – мамлакат кодидан сўнг) – 2 21 70 41 30,
ишонч телефони: (+82 – мамлакат кодидан сўнг) – 2 15 77 13 66.


"Элчихонанининг иши тўкис", муаммо қонунчиликда

Сеулдаги Ўзбекистон элчисининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов билан микрофонсиз суҳбатда, шунингдек, Консул Қаҳрамон Долимов билан электрон манзил орқали мулоқотдан тушунилгани шу бўлдики, элчихона имкон қадар Кореяда юрган Ўзбекистон фуқароларига тегишли хизматни кўрсатмоқда.

Олинган жавобларга кўра, шунда ҳам қайсидир фуқаронинг муаммоси ҳал бўлмай қолаётган бўлса, бундай муаммолар аксар ҳолларда бу давлатда юрган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги етарли эмаслиги ёки Ўзбекистон қонунчилигининг хориж қонунчилиги билан зиддиятли жиҳатлардан келиб чиқмоқда.


"Қонун кимга нисбатан амалда?"

Одатдагидек, эчлихона жавобидан сўнг биз яна Озодликка арз қилган тингловчилар билан боғланишга уриндик ва Нигора билан қайта боғланишга муваффақ бўлдик.

Озодлик: Элчининг маслаҳатчиси айтдики: "Чет элда туғилган бола автоматик равишда Ўзбекистон фуқароси. Болага, биринчи навбатда, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш керак ва ўша гувоҳнома билан бола онанинг паспортига киритилади. Исталган маҳалда ҳеч қанақа визасиз истаганча бориб келаверади Ўзбекистонга", деди. Шундай қилсангиз бўладими? Эрингиз қарши эмасми?

- Қаршимас. Хўп, уни қилиб беришсин. Лекин кейин биз Ўзбекистондан бу ерга келаëтганимизда Кореянинг визаси керакку! Агар биз Корея элчихонасига бориб: “Боламизга виза қўйиб беринг”, десак, улар қўйиб бермайди. “Қандоқ қўйиб бераман? Бу автоматик тарзда ўзимизнинг фуқаромизку”, дейди уларам.

Озодлик: Олдин бунақа проблема бўлганми?

- Йўқ. Саëҳат виза билан чиқиб кетаверганмиз.

Озодлик: Қайтаëтганингизда нима бўлган?

- Виза 90 кунку. Қайтиб келаверганмиз. Киришда ҳам, чиқишда ҳам нормалний.

Озодлик: Яъни, қўлингиздаги бола Корея фуқароси бўлган. Ўзбекистонга сайëҳлик визаси билан келиб, ўша сайëҳлик визаси асосида Ўзбекистондан чиқиб кетган. Лекин аэропортда сиздан: “Бу бола автоматик равишда Ўзбекистон фуқароси. Бу бола паспортингизда бўлиши керак”, деган нарсани сўрашмадими?

- Унақа гаплар бўлмаган, дейди Нигора.

Нигоранинг бу сўзларидан сўнг эса яна бир қатор саволлар туғилади ва бу саволларга жавоб бериш масъулияти энди Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ваколатларидан ошиб, афтидан, Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги каби идоралар зиммасига кўчади.

Биз бу саволларга, албатта, жавоб олиш ниятидамиз ва тез орада ўзбекларнинг хорижда туғилган фарзандлари ҳуқуқий мақомига оид махсус эшиттириш тайёрлашни мақсад қилдик.


Лойиҳамизда иштирок этинг!

Марҳамат, агар сизда ёки сиз таниган-билган ўзбекистонликларда ўзбек консулликлари билан, ўзбекистонликларнинг хорижда туғилган фарзандлари билан боғлиқ конкрет ҳолатлар бўлса ҳамда уни бизга улашмоқчи бўлсангиз, Озодликка боғланинг!

Лойиҳамизда иштирок этинг ва қўлингиздаги фуқаролик паспортида ёзиб қўйилган ҳуқуқингиздан фойдаланишга ҳаракат қилинг:

"Паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир!"

Мурожаат учун манзил:

бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)
XS
SM
MD
LG