Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:14

Бишкекда Алишер Соиповнинг укалари калтаклаб кетилди


Бишкекдаги уйлари олдида калтаклаб кетилган ака-ука соиповлар орасида Озодбек (ўнгда) ҳам бўлган.
Бишкекдаги уйлари олдида калтаклаб кетилган ака-ука соиповлар орасида Озодбек (ўнгда) ҳам бўлган.

Ўшлик марҳум журналист, 2007 йилнинг октябрида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган Алишер Соиповнинг уч укаси 2 декабр оқшомида Қирғизистон пойтахтида калтаклаб кетилди.

Жабрланувчиларнинг айтишича, 2 декабр маҳаллий вақт билан соат 21:30 ларда cоиповлар ижарага турган уй олдида уларни номаълум шахслар арматуралар билан калтаклаб кетган.

Шоҳруҳ Соипов калтаклаганлардан бири депутат Ўмурбек Текебаевнинг жияни эканини айтди.

Маъмурлар эса, депутатнинг жияни қўлга олинганини маълум қилди.




Воқеа тафсилотларини журналистларга уч ака-ука: Шоҳрух, Озодбек ва Юсуфларнинг каттаси Шоҳрух Соипов айтиб берди.

- Кеча кечки соат 9-9 яримлар чамасида укамлар яшайдиган Геологический переулок кўчасида тўрт қирғиз миллатига мансуб одамлар келиб, учта укамни, яна бирга яшайдиган болани арматура билан уриб кетишди, дейди Шоҳрух Соипов.



Шоҳрухнинг айтишича, номаълум йигитлар билан унинг укалари ўртасида можаро чиқишига укаларининг кўчада ўзбек тилида сўзлашаётгани сабаб бўлган.

- Бунинг асосий сабаби кичик укам билан магазинда чиққан кичик низо сабаб бўлган. Укамлар қўл телефонида ўзбекча гаплашиб туришганда, қирғиз миллатига мансуб болалар “сенлар қаерда яшайсан” деб сўраб-суриштира бошлаган, дейди Шоҳрух Соипов.

Жанжал чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида укалари, Шоҳрухнинг айтишича, гап-сўзсиз уйига кириб кетади. Бироздан кейин эса, номаълум йигитлар ака-укаларни уйидан кўчага чақиради.

- Биз “хўп, майли, яхшиликча гаплашармиз” деб чиқсак, афсус уларнинг қўлларида арматуралар бўлган. Бизнинг гапимизни охиригача эшитмасдан уриб кетишди, дейди Шоҳрух.

Оқибатда 3 декабр куни уч ака-укадан бири – Юсуф бошига етган жароҳатлар туфайли маҳаллий касалхоналардан бирининг нейрохирургия бўлимига ётқизилган. Лекин бу хабарни ака-укаларнинг ўзлари ҳозирча тасдиқлагани йўқ.

Соиповларни ички ишлар бўлимига бориб кўрган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова журналистларга бундай деди:

- Калтакланганлардан бири, Шоҳрух полда юрагини чангаллаб ўтирганини кўрдим. Танасида кўплаб калтак излари борлигини, қолган иккисининг ҳам калтакланганини кўрдим, деди Абдурасулова.

Бишкек шаҳар Октябр тумани ички ишлар бўлимига эса, соиповларни телефон орқали ёрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан келган милиция ходимлари 2 декабр куни кечқурун ушлаб олиб кетган ва у ерда 3 декабр тонгги соат 10 гача ушлаб турган.

Азиза Абдурасулованинг айтишича, соиповларнинг аризаси ички ишлар бўлимида қайд этилмаган.

Чақирилган “Тез ёрдам” эса, икки соатда ҳам етиб келмаган.

Шохруҳ Соипов ва Азиза Абдурасуловаларнинг айтишича, ички ишлар бўлимида соиповларни аризасини қайтариб олишга кўндиришга уринганлар.

Бироқ ички ишлар бўлими расмий вакили Эрнист Осмонбаев соиповлар ва Азиза Абдурасулова айтган гапларни инкор этди.

- Cуд-тиббий экспертиза тайинланди, жиноят қайд этилди, “Тез ёрдам” чақирилган, кимнинг қандай гуноҳи борлигини тергов аниқлайди, деган милиция расмийси.

Шоҳрух Соиповнинг айтишича, жиноятни ким содир этганини у аниқ билади.

- Унда қатнашган болалардан бири кетаëтганда қўл телефони тушиб қолган экан ерга. Милиция ходимлари топиб, ўша қўл телефони орқали тўполон қатнашчиларидан бирини ушлашга муваффақ бўлди. Кейин сўраб-суриштирилганда парламент депутати Ўмурбек Текебаевнинг туғишган укаси Асилбек Текебаевнинг ўғли бўлиб чиқди, деди Шоҳрух Соипов.

АKI-press агентлигининг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар қилишича, 21 яшар А.Текебаев қўлга олинган. Унинг депутат Текебаевнинг жияни эканлигини милиция ходимлари тасдиқлаган.

Шоҳрух, Озодбек ва Юсуф Cоиповлар 2007 йилнинг кузида Ўшда номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган журналист Алишер Соиповнинг укаларидир.

Шоҳрух Соипов Ўшда ўзбек тилида чиқадиган “Дайджест” газетасини таъсис этган.
Газета 2010 йилнинг сентябр ойида давлат рўйхатига олинган, лекин ўша йилги июн воқеалари билан боғлиқ вазиятнинг чигаллиги туфайли нашр этилмай келган ва жорий йил ёзида газетанинг биринчи сони дунё юзини кўрган эди. Шу кунгача газетанинг бир неча сони чоп қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG