Тошкентдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларда атига 3 соатгина бензин сотилаётган бир кезда Ўзбекнефтегаз мутасаддилари Ўзбекистондаги бензин тақчиллигини қозоқ нефти импорти ва хориж сармоясисиз ҳал қилиш қийинлигини айтмоқда.
АҚШда чиқадиган Washington Times газетасига бу борада изоҳ берган Узнефтегаз ташкилоти мутасаддиси мамлакатда ёқилғи тақчиллигини тугатиш учун хориж сармояси зарурлигини таъкидлади.
Тошкентда яна бензин йўқ
Тошкентдаги автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчаларида бензин ҳар куни атига 3-4 соатдан сотилмоқда.Шаҳарнинг бир неча туманидаги шохобчаларга Тошкент вақти билан кундузги соат 2 ларда боғланган Озодлик мухбири уларнинг ҳаммасидан деярли бир хил жавоб олди.
- Ҳозир бензин йўқ. Эрталаб соат 6 дан бўляпти. 6 дан келаверингда. Шу 9 гача бўлаяптида. Обедга бориб, бензин қолмайди уже,- деди Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларининг операторлари.
Шохобчаларнинг ходимлари бензин ҳажми нега бу қадар қисқариб бораётгани сабабларидан бехабарлигини айтмоқда.
"Бундан бир неча ҳафта муқаддам ҳам аҳвол бундан кўра яхшироқ эди", демоқда ёқилғи қуйиш шохобчалари операторлари. Яъни, бензин сотуви тонгги соат 6 дан тушги соат 12 ларга қадар давом этаётган эди.
Шохобчалардан биридан олинган маълумотга кўра, шу кунларда Тошкентдаги заправакаларни бензин билан таъминлаётган Фарғона нефтни қайти ишлаш заводидан келаётган бензин ҳажми сезирларли равишда камаймоқда.
Йиллик лимит тугаяпти
Ўзбекнефтегаз ташкилотининг ўзини таништирмаган расмийсига кўра, мамлакатга Қозоғистондан келтириладиган йиллик импорт ҳажмининг тугаётгани боис бу йилги тақчиллик юз бермоқда."Фарғонада, асосан, импорт нефт қайта ишланади. Қозоғистондан келтириладиган нефт. Ҳозир йил тугаяпти, йиллик лимит ҳами", деди Ўзбекнефтегаз ташкилотининг ўзини таништирмаган расмийси.
Унга кўра, шу кунларда Қозоғистон томони билан кейинги йил учун нефт импорти тўғрисидаги шартномани узайтириш устида музокара бормоқда.
"Ҳар йили шунақа договорни янгилаш пайтида шунақа тақчиллик бўлади. Чунки, йиллик поставка ва унинг тўловини амалга оширишга ўхшаган масалалар қайта кўрилади, анализ қилинади. Бизни шартнома имзолаётган ҳамкорларимиз олдида ўз мажбуриятларимиз бор", деди Ўзбекнефтегаз ташкилотининг ўзини таништирмаган расмийси.
Бу расмий сўнгги бир неча йил охирида такрорланадиган бензин ва газ тақчиллигини ҳал қилиш имкони борми, деган саволга жавобан: "Биз нефтни поставка қилаётган ҳамкорларимиз олдидаги тўлов мажбуриятимизни тўлиқ бажаришимиз керак ва бунинг учун молиявий имконимиз етарли бўлиши керак. Хуллас бу саволингизга тўлиқ жавоб беришга мен масъул эмасман", дея гапни қисқа қилди.
Айни пайтда у шу кунларда Ўзбекистоннинг ички истеъмолига кетаётган нефтнинг қанча қисми хориждан импорт қилинаётганига оид саволимизни ҳам очиқ қолдирди.
Унинг сўзларига кўра, бу "тижорат сири"дир.
"Ўзбекистон 2011 йилда Қозоғистондан 0,4 миллион тонна нефт олди"
Ўзбекнефтегаз билан ҳамкорлик қилувчи Россиядаги йирик хусусий Трансойл ширкати сайтида берилган маълумотга кўра, 2011 йилда Ўзбекистон Қозоғистондан 0,4 миллион тонна нефт сотиб олган.Бунча қора олтин қайта ишлаш қуввати йилига 5 ярим миллион тонна бўлган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига етказилган.
Дарвоқе, Трансойл ширкати сайтида берилган маълумотга кўра, 2010 йилда қозоқ нефти импорти ҳажми бироз кўпроқ – ярим миллион тонна бўлган.
Яъни мустақил манбарлар бераётган рақамларга кўра, Ўзбекистон Қозоғистондан импорт қилаётган нефтнинг ҳажми қисқармоқда. Бошқа тарафдан эса мамлакатда нефтни қазиб олиш ҳажми ҳам қисқариб бормоқда.
"Ўзбекистонда газ тақчиллиги ислоҳотларга чақириқни кучайтирди"
Узнефтегазнинг юқори лавозимли мутасаддиларидан бирига таянган Washington Times нашри куни-кеча шундай сарловҳа остида Ўзбекистонда газ тақчиллиги ҳақида мақола ёзди.Нашр бир неча йил ичида нобяр-декабр ойларида юзага чиқаётган ёқилғи тақчиллигининг икки сабаби ҳақида ёзди.
Узнефтегазнинг юқори лавозимли мутасаддиси Washington Times нашрига келтирган биринчи сабаб, мамлакатга мавжуд нефт заҳираларини қайта ишлаш учун хориж сармоясига эҳтиёжнинг катталигидир.
Washington Timesнинг бу мутасаддидан келтирган иқтибосида шундай дейилади:
"Биз муаммони кўпроқ нефт қазиб олиш ва қайта ишланаётган бензин сифатини ошириш орқали ҳал қилишимиз мумкин. Лекин раҳбарлар нефт ва газ саноатини ҳам худди сут берадиган сигирни боқиш каби таъминлаб туриш зарурлигини тушунмаяпти. Улар бизнинг сигирдан фақат сут талаб қилаяпти. Бундан ташқари, газдан олинаётган маблағ нефт саноатигина эмас, балки қанақадир бошқа соҳаларга сарфланмоқда", дея иқтибос келтиради Узнефтегазнинг исмини ошкор қилмасликни сўраган юқори лавозимли мутасаддисидан Washington Times нашри.