Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:14

Ўзбекистон ШҲТ йиғинида ўз позициясида собит эканини билдирди


Қирғизистон Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев (ўнгда) Хитой ҳукумати раҳбари Вэн Цзябао (чапда) ни кутиб олмоқда.
Қирғизистон Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев (ўнгда) Хитой ҳукумати раҳбари Вэн Цзябао (чапда) ни кутиб олмоқда.

Бишкекда ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари учрашувида Ўзбекистон минтақада барпо этилиши режалаштирилаётган гидроэнергетик иншоотлар лойиҳалари халқаро экспертизадан ўтказилиши шартлигини яна бир бор талаб қилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош вазирлари анжуманида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов гидроэнергетик иншоотлар фақат нуфузли халқаро экспертизадан ўтгандан сўнггина қурилиши кераклиги ҳақида баёнот берди. Азимов мана шу ҳолатдагина минтақа давлатлари ўртасида конструктив ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар ҳақида гап бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистон томони Тожикистон ва Қирғизистонда йирик гидроиншоотлар қурилишига қарши эканини билдириб келаётган эди. Ўзбекистон расмийлари фикрича, мазкур гидроиншоотлар қурилса, минтақа экологиясига катта зарар етади ҳамда сув заҳиралари назорати фақат бир давлат қўлига ўтиб қолади.

Тошкентнинг бундай эътирозларига нисбатан Бишкек расмийлари ва Қирғизистон билан ҳамкорликда Қамбарота -1 ГЭСини қуришни режалаётган Россия томони Ўзбекистонни ҳам мазкур лойиҳаларга жалб этишдан манфаатдор эканликларини билдирган эди.

Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Бош вазирларининг навбатдаги учрашуви 5 декбарда бошланди. Унда Россия Бош вазири Дмитрий Медведев, Хитой Бош вазири Вэн Цзябао, Қозоғистон ҳукумати раҳбари Серик Ахметов, Тожикистон бош вазири Оқил Оқилов,Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов иштирок этмоқда. Шунингдек, Монголия, Эрон, Афғонистон,Покистон ва Хиндистон делегациялари кузатувчи сифатида қатнашмоқда.

Ҳукумат раҳбарлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизматларининг интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги ҳақида меморандумни, фавқулодда ҳолатларда ўзаро ёрдам шартномасини имзолайдилар.Бундан ташқари ташкилот бюджети, бир йиллик фаолияти тўғрисидаги ҳисобот тингланади ва 2013 йилга мўлжалланган тадбирлар муҳокама қилинади.

Анжуманда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тараққиёт банкини ташкил этиш ташаббуси кўтарилди. Бугунги анжуманда мазкур тузилмани ташкил этиш масаласида қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Шунингдек, анжуманда 2013 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар президентларининг Бишкекда ўтадиган саммити кун тартиби ҳам белгиланади.
XS
SM
MD
LG