Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:40

Севара Назархон “Голос”ни тарк қилди


Uzbekistan - Pop Singer Sevara Nazarkhon. Undated
Uzbekistan - Pop Singer Sevara Nazarkhon. Undated
7 декабр куни "Голос" лойиҳасида ҳакамлик қилган рус қўшиқчилари Леонид Агутин¸ Александр Градский¸ Пелагея ва Дима Билан ўзбекистонлик икки қўшиқчи Севара Назархон ва Светлана Саъдиеваларни танловдан чиқариш учун овоз берди.

"Голос" лойиҳасининг учинчи босқичигача келган Севара Назархон “У ерда мен йўқман”, деган рус романсини ижро қилган эди.

Кейинги босқичга чиқиш йўлида Севара Назархонга Артем Кочарян рақиб бўлди.

Бу иккала қўшиқчини эшитган ҳакамлар Артем Кочарянни мусобақанинг якунловчи босқичига ўтказди.


Ўзбек мухлислар норози

Танловдан кейин Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон Россиянинг “Комсомолская правда” газетасига берган интервюсида: ”Рус тили менинг она тилим”, деб таъкидлади.

Бу эътирофга қарамасдан, Севара Назархон учун ўз ҳамюртлари кўпроқ қайғураëтгандай тасаввур ҳосил бўлди.

"Голос" телевизон қўшиқ танловининг ўзбек ҳофизлари Севара Назархон ва Светлана Саъдиевалар қатнашган дастлабки икки дастури эфирга узатилмади.

Ўзбекистондаги телеузатиш марказининг ўзини Ғайратбек Содиқов, деб таништирган мухандисининг Озодликка айтишича¸ "Голос" телевизон қўшиқ танлови жонли тарзда эфирга узатилгани боис Ўзбекистонда ëйинланмаган.

Шунга қарамасдан, Ўзбекистон аҳолиси интернет ва сунъий йўлдош воситасида мусиқа мусобақасини томоша қила олди.

Севара Назархоннинг мусобақадан чиқарилишига унинг ҳамкасблари салбий муносабат билдирди.

Кўпчилик ўзбекистонликлар Севара Назархонни мусобақадан четлатган ҳакамлар ҳақсиз, деган фикрда собит қолди.

Севара Назархон билан ҳамкорлик қилиб келган Тошкентлик бастакор Али Ниëзимбетов ҳам шундай фикрда:

- Ҳа, адолатдан бўлмади лекин. Энди менинг ўйлашимча, ўзимизники бўлсин деган мақсадда улар Севарани чиқариб юборди. Чунки Севаранинг катта кучлигини, катта овоз қудратини улар кўриб турибди. Агар улар бўпти, деб унга овоз берганда, Севара Назархон полний нима қилиб юборарди. Севара билан жуда яхши алоқадамиз. Жуда ҳам талантли у қиз. Севара Назархон Россия шоу бизнесида бизларнинг тилимизда "катта война" қилиб берардида. Севара Назархон бўлиб кетарди. Ўшанга йўл қўймади шекилли. Мен шунақа деб билдим.

Озодлик: "Голос" лойиҳасининг асосий мақсади янги юлдузларни кашф қилиш. Лекин, Севара Назархон шаклланган, профессионал артистку, эскидан юлдузку у?!

-Тўғри, у Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист. Уни ҳаммаси билиб ўтирибди. Мен айтаяпманку, шунақа деб билдимда. Агар "За" берганида, Севара Назархон жуда "катта война" қилиб берардида.

Озодлик: Ўзбекистондаги томошабинлар қанчалик қизиқиб томоша қилди? Ëки бу фақат сизга ўхшаган тор доирадаги бастакорлар гуруҳигагина қизиқ бўлдими?

- Йўқ, бу ҳаммага ҳам қизиқ бўлди. Кўп жойда гаплашдик, муҳокама қилдик. Энди ачиндик, тўғриси. Ҳаммамиз шунақа тушундикки, бу ерда бир националний вопрос кетди шекилли. Ўша нарсадан биз ғалати бўлиб қолдик.

Озодлик: Ўзбек ашулачиси Севара Назархоннинг олдин шўро давридаги каби фақат Москвага интилишига қандай қарайсиз?

- Жуда ҳам яхши қарайман. Спортсменлар мана Ўзбекистоннинг донғини кўтараяпти. Нимага биз санъаткорлар кўтара олмаймиз?

Озодлик: Москвадан бошқа Ню Йорк, Париж, Лондон, деган катта шаҳарлар ҳам борку, Катта мусиқа марказлари бор?

- Энди биласизми, Севара ўша ердаги халққа кўринди. У ëқда продюсерлар чиқади, уни кўтаришга ҳаракат қилади барибир. Улар ҳам жуда ахмоқ одам эмас. Талантни кўргандан кейин у одамнинг орқасидан пул ишлашни барибир яхши кўради. Уларда шоу бизнес яхши ривожланган.

Озодлик: Ўтган йил мен Германияга Руслан Чагаевнинг бокс мусобқасига боргандим. Чагаев ютқазди, лекин биттаси “Руслан ютқазиб ютди”, деди. Ютқазиб ютиш иборасини Севарага нисбатан қўллаш мумкинми?

- Мумкин. Бу нарсани мен 100 фоиз гарантияси билан айтаман, мумкин. Чунки у ëқда продюсерлар кўп. Қизиқадиган продюсерлари бор. Улар Севарани қаердандир барибир рўëбга чиқаради.

Озодлик: Ўзбекистонда “Ўзбекнаво”дан изн олган 500га яқин поп ашулачи бор экан. Севара Назархоннинг улар орасидаги ўрни қанақа?

- Севара Назархоннинг обрўйи жуда яхши. Жуда ҳам ҳурматга сазовор санъаткор. Севара Назархоннинг ютуғи шундаки, у любой йўналишда – ҳоҳланг миллий, ҳоҳланг мақом, ҳоҳланг классика, ҳоҳ эстрада - у қизга Оллоҳ ҳар тарафлама берган. Тем более¸ Севара Назархон дуторчилар ансамблидан чиққан.

Озодлик: Мансур Тошматов билан биргаликда “Сидерис” гуруҳини тузишган.

- Мансур Тошматов қилганлар бу гуруҳни. Тўртта қиздан иборат бўлган. Энг асосий солисти Севара Назархон эди. Қарангки, тўртта қизнинг орасидан битта ўзи чиқиб келаяпти. Севара Назархон бўлди. Мана сиз Прагадан туриб¸ мен эса Тошкентда¸ иккаламиз Севара Назархон ҳақида муҳокама қилаяпмиз. Бу ютуқ дегани эмасми?

Озодлик: Демак, ютқазганидан ҳафа бўлдингиз, лекин ютди, деб ҳисоблайсиз?

- Ҳа, мен барибир Севара Назархон томондаман¸ дейди бастакор Али Ниëзимбетов Озодлик билан суҳбатда.

Россия Биринчи телеканали ўтказган “Голос” лойиҳаси шу пайтгача ўтказилган мусиқа мусобақаларидан фарқланади.


"Голос" ҳақида

Ушбу лойиҳа ҳакамлари юзлаб номзод ичидан энг лойиқларини фақат эшитиш йўли билан танлайдилар. Танлов давомида ҳакамлар хонандалар юзини кўрмасдан овоз берадилар.


Томошабинлар танлови

Ҳакамлар ғалвиридан ўтган қўшиқчиларгина жонли эфир мобайнида томошабинлар танловига лойиқ кўрилади.

Телетомошабинлар қўл телефонларидан SMS юбориб, лойиҳада иштирок этган энг кучли овоз соҳибини аниқлашади.


Севара Назархон ҳақида

Севара Назархон 1978 йили Андижонда туғилган.

Аввалига Ғанижон Тошматов раҳбарлигидаги "Дуторчи қизлар" ансамблида миллий мусиқадан сабоқ олган.

Кейинчалик Севара Назархон Ғанижон Тошматовнинг ўғли Мансур Тошматов ташкил қилган “Сидерис” поп-мусиқа гуруҳига ўтган.

“Сидерис”да қаддини ростлаган Севара Назархон сал ўтмай бу гуруҳни тарк этиб, яккахон хонанда сифатида фаолият бошлади.

Севара Назархон британиялик мусиқачи Питер Габриел билан биргаликда куйлаб, албом чиқарган.

2005 йилда BBC Music Awards танловида қатнашган Севара Назархон “Осиëнинг яхши ижодкори”, деган номинацияда мукофот олдган эи.
XS
SM
MD
LG