Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:36

Қурбонова иши Жиззахга қайтди, Назаров - бедарак



“Жамият ва қонун” нинг бугунги сонида унинг муаллифи Сарвар Усмон эшиттиришнинг сўнгги сонларидан баъзилари қаҳрамонлари билан боғлиқ можароларга қайтади.

Бугунги эшиттиришда Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, сенатор Қуроқбой Эргашев иштирок этади.

****************************************************

Янги, 2013 йил арафасида “Жамият ва қонун”нинг сўнгги сонлари қаҳрамонларига қайтмоқчимиз.

Бир-икки йиллик танаффусдан кейин қайта тикланган эшиттиришимизнинг сўнгги сонларида ўзларини ҳақ-ҳуқуқлари топталган, деб билган, маҳаллий идоралар ва судларда ўша ҳуқуқларини қайта тиклай олмаганидан зорланиб Озодликка мурожаат қилган бир қатор ўзбекистонликлар ҳақида ҳикоя қилдик.

Хўш, эшиттиришларимиздан сўнг нима ўзгарди?

Уларнинг ишига биров аралашдими?

Бу саволларга “Жамият ва қонун”нинг баъзи қаҳрамонлари мисолида “Ҳа”, дея олсак, бошқалари мисолида бундай дея олмаймиз.

Сенатор Эргашев нима деди?

Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Эргашев Қуроқбой Ялғашевич ноябрда эфирга узатилган эшиттиришда тилга олинган эди.

Сайтимизда “Жиззахлик директор бир йилда 4 марта ишдан бўшатилди”, деган сарлавҳа остида эълон қилинган эшиттиришнинг асосий қаҳрамони эса, Зарбдор туман 2-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг собиқ директори Иззатой Қурбонова эди.

Собиқ директор ишсиз юргани, уни ҳатто фаррошликка ҳам ишга олишмаётгани, бир йилда 4 марта ишдан бўшатилиб, 3 марта қайта тиклангани, барча кўргиликлари ортида вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қуроқбой Эргашев тургани тўғрисида айтиб берган эди.

Сенатор билан ўз вақтида боғланган, бироқ саволларимизни беролмаган эдик.
Қуроқбой Эргашев билан 27 декабр куни боғландик.

Озодлик: Бу сенатор Эргашевми?

- Ҳа.

Озодлик: Домла, Озодлик радиосидан телефон қилаяпман. Бир ойча олдин гаплашган эдик Иззатой Қурбонова бўйича. Сиз Тошкентга клетаëтган вақтда мен сиз билан боғланган эдим. Кейинроқ гаплашайлик деган эдингиз. Кейин туша олмадим сизга. Шу масала нима бўлди деб сўрамоқчи эдим.

- У киши, сиз биласиз вилоят фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори билан ишдан олинганку у киши.

Озодлик: У киши тўрт марта ишдан олинибди, уч марта қайта тикланибди. Битта вазифадан тўрт марта ишдан олинибди ва у киши сизни айблаяптида. Айблаган ўшанда, эшиттириш қилганмиз. Иззатой Қурбонованинг айби нимадан иборат? У кишига ҳатто фаррошлик қилишга рухсат берилмаяпти экан. Ишсиз қолибдида.

- Йўқ, у кишига фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори чиққандан кейин ишдан олинди. У кишига биз иш таклиф қилганмиз. Энди у кишининг мақсади мактабга бориб ишлаш. Мен ўша мактабда ишлашим керак, дейди. У мактабга бориб ишлайдиган бўлса, бу ердаги соғлом муҳит, умуман ўқитувчилар хоҳламаяпти унинг у ерда ишлашини. Бориб йиғилиш қилдик мактабида. Ўқитувчилари билан гаплашдик. “Ишласин. Ўзининг фанидан дарс берсин ҳеч бўлмаса” десак, ўқитувчилар дод дейди. У кишининг устидан 20га яқин ариза тушган республиканинг ҳамма ташкилотларига. Шундан кейин у киши қайта кўрилиб, текширилиб, Халқ таълими вазирлигининг коллегиясида ишдан олинган у киши.

Озодлик: Домла, мен сизга ишондим ҳам дейлик. Лекин нима учун бир вазифадан бир йилнинг ичида тўрт марта олинади. Сиз ўзингиз ишдан олиб, яна тиклаб қўяверибсиз. Уч марта қайта тиклагансизда. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Икки оғиз сўз билан изоҳлашим мумкин. Нима учун шундай бўлган? Коллегияда кўрилади масаласи. Ҳақиқатан камчиликларга йўл қўйганлиги, ички интизомга бўйсунмаганлиги сабабли ишдан олинади. Вилоят халқ таълими бошқармасининг буйруғи чиқарилади. Лекин у киши буйруқ чиққан кундан уч-тўрт кун олдин касаллик варақасига чиқиб олади. Бир ҳафталик касаллик варақасига чиқади. Мисол учун 25-число куни буйруқ чиқади, 22-числодан болничний очтириб олади. Лекин биз у кишининг мактабига бориб, йиғилиш қилиб, коллегиянинг қарорини ўқиб бериб, у кишини мактабда кўриб, ишда эканлигини билиб, буйруқ чиқарамиз. Лекин борадида уч кун олдин касаллик варақасига чиқиб олади. Касаллик варақасига чиққандан кейин касаба уюшмасига “Мен касаллик варақасида эдим. Мени ноҳақдан ишдан бўшатди” деб ариза ëзади. Халқ таълими вазирлигининг коллегиясида, кўчма коллегияда, Жиззахда ўтказилган коллегияда ҳам опа залда қатнашган. Вазир билан гаплашган. Лекин ўша числони уч кун олдин қилдида касаллик варақасига чиқиб олади. Кўраяпсизми, залда ўзи вазир билан гаплашди, у ерда 800га яқин одам қатнашди. Ҳозир кўчада эдим, янглиш гапираëтган бўлсам узр сўрайман, 18-число куни эди, буйруқ коллегиядан ўтди, у киши 15-числодан 21-числогача бир ҳафталик қилиб касаллик варақасини тўғрилади. Кейин касаба уюшмасига ëзади мени нотўғри бўшатди деб. Касаба уюшмасига касаллик варақасини олиб боради. Шундан кейин қайтадан тиклаб беришга мажбур бўлган. Икки ҳолатда шундай бўлган. Учинчи ҳолатда вилоят фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига мурожаат қилганман ўзим касаллик варақасига чиқиб олган бу киши, буйруқ чиққан, касаллик варақасига чиққани учун қайта тикланаяпти деб. Шундан кейин икки ҳолатда тиклашга мажбур бўлганмиз. Учинчи ҳолатда фуқаролик ишлари судига берган эдик. Касаллик варақасини текшириб кўриб нотўғри эканлигини билгандан кейин вилоят фуқаролик ишлари бўйича суди бизникини тўғри деб топиб, бошқатдан ишдан бўшатиб юборди. У кишига икки марта таклиф бердик ишлаш учун. Йўқ, фақат у киши директор бўлиши керак шу мактабга, дейди Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қуроқбой Эргашев.

Сенаторнинг гапларидан собиқ директорга берадиган саволлар пайдо бўлди ва Иззатой Қурбонова билан боғландик.

Лекин телефон алоқаси ўта сифатсиз бўлгани учун у киши билан гаплаша олмагач, Қурбонова билан боғлиқ можародан хабари бор инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зиёдилло Раззоқовдан қисқагина информация ола билдик.

Қурбонованинг иши икки кун олдин Олий суддан Жиззахга қайтиб келди

Қурбонова Иззатой Жиззах вилоятидаги барча фуқаролик инстанцияларидан норози бўлиб, касаба уюшманинг саъй-ҳаракатлари билан Олий судга Бўритош Мустафоев номига шикоят аризаси билан мурожаат қилган эди. Шикоят аризаси қаноатлантирилиб, бундан икки кун олдин Олий суддан Жиззах вилоят судига қайта кўриб чиқиш учун жўнатилди, деди Зиёдилло Раззоқов.

- Эндиликда Иззатой Қурбонованинг манфаатларини ва унинг берган аризаларини Жиззах вилоят фуқаролик ишлари судида қайта кўриб чиқиб, бу менимча албатта байрамдан кейин кўриб чиқса керак тахмин билан ўтирибди, деди Зиëдилло Раззоқов.

Демак, “Жамият ва қонун” эшиттириши ишсиз қолган жиззахлик мактаб директори Иззатой Қурбонова билан боғлиқ можарога яна қайтади.

“Жамият ва қонун”нинг сўнгги сонлари қаҳрамонларидан баъзилари билан боғлиқ можароларга қайтаяпмиз.

Жаҳонгирни топиб бўлмаяпти

1983 йилда туғилган фарғоналик милиция кичик сержанти Жаҳонгир Назаровнинг кўргиликлари тўғрисида “Жамият ва қонун”нинг декабрнинг бошидаги сонида ҳикоя қилган эдик.

Эшиттириш сарлавҳасига Жаҳонгирнинг “ДАНга ишга кириш учун $7000 узатиш керак”, деган гапини чиқаргандик.

Давлат автомобил назорати хизмати ходими бўлиб ишлаган Жаҳонгир Назаров Озодликка арз қилар экан, “2007 йили ишдан олишган. Тинимсиз мана шунақа проблемалар, азоб-уқубат, под давление 5-6 марта ишдан олиб, 5-6 марта ишга қўйишган. Мана ҳозир ҳам ишдан олишган. Прокуратура, ҳаммаси тил бириктираяпти”, деган эди.

Эшиттириш давомида Жаҳонгир Назаров давлат автомобил назорати тизимидаги коррупция тўғрисида қатор маълумотларни айтиб берганди.

Назаровнинг ишини ўрганар эканмиз, унинг бевосита раҳбари, Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси давлат автомобил назорати хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Тожибоев билан ҳам гаплашгандик.

У Назаров тўғрисидаги саволларимизга жавоб берар экан, бундай деган эди:

“У ичиб олиб, маст ҳолатда формада тўполон қилиб, уриб, УВД замначалникларни урган бу ерда. Унга кейин 277-модда билан иш қўзғатилган прокуратурада. Ҳозир унга прокуратура томонидан қидирув эълон қилинган”.

Жаҳонгир Назаров тўғрисидаги эшиттириш эфирга узатилганидан бери 20 кундан кўпроқ вақт ўтди.

Бу орада бир неча бор, сўнгги марта 27 декабр куни Жаҳонгир билан боғланишга ҳаракат қилдик. Лекин ҳаракатларимиздан наф чиқмади.

Шундан сўнг Фарғона вилоят ИИБ кадрлар бўлими билан боғландик. Бўлимнинг ўзини таништирмаган ходими билан ўртамизда мана бундай савол-жавоб бўлиб ўтди.

Озодлик: Жаҳонгир Назаров деган йигит ҳақида эшиттириш қилган эдик. Мен Равшан Тожибоев билан ҳам гаплашганман. Назаровнинг иши нима билан битди? Уни қидирувда дейишаëтган эди.

- Фарғона шаҳар прокуратураси иш қўзғаган.

Озодлик: Бу гапларнинг ҳаммасидан хабарим бор. Биз эшиттириш қилганмиз. Қидирувда дейишган эди. Равшан Тожибев айтган эди. Ўзини топа олмаяпман.

- Жиноят қидирув болалари билади. Қидирув бўлган бўлса, жиноят қидирувнинг болалари билади. Алоқам йўқ унга.

Озодлик: Унинг қўлга олинган олинмаганидан хабарингиз йўқ.

- Хабарим йўқ, деди Фарғона вилоят ИИБ кадрлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими.

Назаровнинг собиқ бевосита раҳбари, Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси давлат автомобил назорати хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Равшан Тожибоевдан ҳам, Фарғона шаҳар прокуратурасидан ҳам маълумот олишнинг иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG