Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:39

Ўзбекистон Швеция ҳукуматига норозилик билдирди


Швеция ва Швейцария томонидан айбланаётганларнинг Гулнора Каримовага алоқаси борлигига ишора қилувчи маълумотлар бор.
Швеция ва Швейцария томонидан айбланаётганларнинг Гулнора Каримовага алоқаси борлигига ишора қилувчи маълумотлар бор.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Швеция Ташқи ишлар вазирлигига TeliaSonera ширкатининг Гулнора Каримовага пора берганига оид иддаоларни ўрганаётган Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер ҳамда “жанжалли ва провокацион мақолалар эълон қилаётган” швед ОАВларига норозилик нотаси юборди.


Швецияда тергов қилинаётган TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистонда коррупцион схемаларга аралашгани хусусида швед ОАВда чоп этилаётган мақолалар Ўзбекистон ҳукуматини жиддий ташвишга солган кўринади.

“Швед компаниялари нодемократик давлатларда” номли мақола чоп қилган Dagens Nyheter швед газетасига кўра, расмий Тошкент Швеция Ташқи ишлар вазирлигини TeliaSonera ширкати ўзбекистонликларга пора берганига оид иддаолар юзасидан олиб борилаётган тергов жараёнига аралашишга чақирган.

Швеция аппелация судида бир ўзбекистонлик (газета унинг исми шарифини келтирмайди) манфаатини судда ҳимоя қилувчи адвокат Томас Ротпфеффер судга Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт номига юборган иккита норозилик нотаси нусхаларини тақдим қилган.

Дипломатик хатларда Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлернинг тергов жараёнидаги ҳатти-ҳаракатларига норозилик билдирилади ҳамда швед ОАВлари “жанжалли ва провокацион мақолалар эълон қилаётган” ликда айбланади.

Бироқ, Dagens Nyheter газетасига кўра, расмий Стокҳолм мамлакат судлов ва тергов идоралари ҳамда ОАВи ишларига аралалашиш ниятида эмас. Швеция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Андерс Йёрле журналистларга “Бу ноталар биз томондан ҳеч қандай чораларга туртки бўлгани йўқ” деб баёнот берган.

Dagens Nyheter газетасининг ёзишича Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистонда “бизнесни лицензиялашда диктаторнинг қизи асосий фигура бўлгани”дан хабари бўлганига оид янги далилларни ҳам тақдим этган.

Швед газетаси TeliaSoneraнинг юқори лавозимли менежерлари ўртасидаги ёзишмалар нусхасини эълон қилди. 2007 йилга доир бу мактубларда Гулнора Каримова ва унинг синглиси Лоланинг исмлари акс этган.

Бу мактублардан бирига кўра, TeliaSonera мулозимлари ўша йилнинг 24 март куни Гулнора Каримова билан шахсан учрашишни режалаштирган.

Teliasonera менежерларининг ўзаро ёзишмаларида Гулнора Каримова исми келтирилган.
Teliasonera менежерларининг ўзаро ёзишмаларида Гулнора Каримова исми келтирилган.



"Gulnar" деб ном қўйилган мактубда бундай деб ёзилган: "Бу информация ўзбекистонлик ҳамкоримиз Гулнора Каримова ҳақида. Улар қайси компания орқали инвестиция қилишларини айтмади. Сиз "зонтик" сифатида Bank Credit Standart Group банкига таянишингиз мумкин". Қизиғи шундаки, "Зонтик" сўзи молия олами жаргонида "криша", "ҳимоя" маъноларини беради, дея қайд этади швед журналистлари.

"Кредит-Стандарт" акциядорлик тижорат банки 2012 йилда Ўзбекистондаги энг яхши банк деб топилгани ҳам қизиқ. Лекин Гулнора Каримовага яқин алоқаси борлиги айтиладиган бу банкдан ўтган йил охирида хорижий валюталар операцияларини амалга ошириш лицензияси олиб қўйилди.

TeliaSonera ширкати янги очиқланган бу маълумотлар юзасидан ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ. Ширкат вакиллари ички текширув натижаларини январ ойининг охирига бориб эълон қилишини айтиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бўлими TeliaSoneraга қарши қўйилаëтган Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун “откат” берганлик ва пул ювиш амалиëтларига аралашганлик айблари юзасидан расмий тергов жараëни бошлаган эди.

Швеция жамоатчилик телевидениеси сентябр ойида TeliaSonera телекоммуникация ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинган "TeliaSonera-ўзбек иши" номли ҳужжатли филмни намойиш қилиши ортидан Швеция прокуратураси бу юзадан жиноий иш очган эди.

16 октябрда Швецияда чиқадиган бир қатор нашрлар Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган Гаяне Авакяннинг Takilant ширкатига тегишли маблағлар музлатилгани ҳақида хабар тарқатди.

Стокҳолм суди октябр ойида Гулнора Каримовага яқин шахсларга қарашли Takilant Ltd. фирмасининг 30 миллион АҚШ долларига тенг ҳисоб рақамини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

7 декабр кунги суд мажлисида TeliaSoneraни Ўзбекистонда бизнес қилиш учун пора берганликда айблаётган Швеция прокуратураси яна бир Ўзбекистон фуқароси – Беҳзод Аҳмедов ҳам бу ишга алоқадорликда гумон қилинаётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG