Ўзбекистондаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар бундан буён мамлакатга келаётган сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун 2004 йилдан буён тўлаб келаётган 1 долларга тенг пулни тўламайдиган бўлди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Молия вазирлиги ва “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг яқинда қабул қилинган қарорида кўрсатилган. “Сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхона хўжаликларидан сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун олинадиган сайёҳлик йиғими ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида” дея номланган бу қарор 14 январдан кучга кириши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистондаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар бу йиғимни мамлакатга келаётган ҳар бир сайёҳ учун 2004 йилдан буён тўлаб келаётгандилар.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси исми ошкор этилишини истамаган ходимига кўра, чет эллик ҳар бир сайёҳ учун Ўзбекистонга киришда бир марта тўланадиган бу йиғим эндиликда бекор қилинган. Айни пайтда Ўзбекистондаги меҳмонхоналар бундан буён ўзининг чет эллик мижозларидан кунига 2 доллардан қўшимча ҳақ оладилар.
- Олдин ҳар бир хорижий сайёҳ ва Ўзбекистондан чиқиб кетаётган сайёҳларга тўланган. У бир марталик бўлган. Ҳозир ҳар бир тун учун фақат меҳмонхоналар тўлайди ва улар 2 доллардан тўлашади, - дейди “Ўзбектуризм” миллий компанияси вакили.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган сайёҳлик фирмаларининг вакиллари Озодлик билан суҳбатда 1 долларлик йиғим бекор қилинишидан хурсанд эканларини, бу уларнинг бизнесига ижобий таъсир қилишини яширмадилар.
Самарқанддаги “Афросиёб Палас” меҳмонхонаси масъули эса 2 долларлик йиғимни ҳали тўламаганлари, шунинг учун бу меҳмонхона бизнесига қандай таъсир қилиши ҳақида ҳозирча бирор гап айтолмаслигини айтди.
- Бизлар ҳали 2 доллардан ишлаб кўрмаганмиз. Аввал ишлаб кўрайлик, кейин жавобини айтишимиз мумкин, - деди “Афросиёб Палас” вакили.
Бухородаги “Комил” меҳмонхонаси менежери Комил Қодиров эса меҳмонхоналар учун жорий қилинган 2 долларлик йиғим уларнинг бизнесига бевосита таъсир кўрсатмаслигини айтади.
- Бизнинг бизнесимизга бу муайян шаклда таъсир кўрсатмайди. Шунчаки сайёҳлар меҳмонхона ҳақига яна икки доллардан қўшиб тўлайдилар, улар учун яшаш бироз қимматроқ бўлади, холос, - дейди Комил Қодиров.
Унинг айтишича, ҳозир Бухорога сайёҳлар келиши ёмон эмас, дейлик, ўтган йили “Комил” меҳмонхонасига 1500 чоғли хорижлик сайёҳ қўниб ўтган.
Комил Қодировга кўра, сайёҳлик фирмалари учун 1 долларлик йиғим бекор қилингани билан улар Ўзбекистонга келаётган туристлар учун меҳмонхоналарни ҳам брон қилиб қўйишлари керак ва улар хорижлик сайёҳларга тур таклиф қилишда ҳар тун учун 2 доллардан ҳақ қўшишга мажбур бўладилар.
- Саёҳат фирмалари бу тўловни барибир тўланадиган ҳаққа қўшишлари керак бўлади. Чунки биз меҳмонхона учун тўланадиган ҳақни тақдим қилган пайтимизда унинг ичига бу 2 долларни ҳам киритган бўламиз. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда ўтган ҳар тун учун сайёҳлар моҳиятан бундан буён кўпроқ пул тўлайдилар, - дейди “Комил” меҳмонхонаси менежери.
Комил Қодиров “Ўзбектуризм” ҳисобига тушадиган бу пуллар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун хизмат қилиши мумкин, деб ҳисоблайди.
- Агар бу пуллар, қарорда айтилганидек, ҳадаф аудиторияга, янада агрессивроқ рекламага, промоушенга йўналтирилса, бу туризм соҳасининг ривожланишига туртки беради, - дейди Комил Қодиров.