Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:03

“Моддий зиён тўланмагунича Сўхга йўл очилмайди”


Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакили ўринбосари Саитжон Эратов мана шундай баёнот берди. Айни пайтда расмий Бишкек Ўзбекистон билан баҳсли ҳудудга симёғочлар ўрнатишга ким рухсат берганини ўрганмоқда. Симёғочларнинг ўрнатилиши 5 январдан 7 январгача давом этган жанжалга сабаб бўлган эди.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги вакилининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Саитжан Эратов Сўх воқеалари пайтида Ўзбекистоннинг Хушёр қишлоғи аҳолиси қирғизистонликларга келтирган зиён тўлаб берилишини талаб қилмоқда. Унга кўра, моддий зиён тўлаб берилмагунига қадар чегара ёпиқлигича қолаверади. Бунинг натижасида Сўх анклавида яшаётган 60 минг фуқаро Ўзбекистон ҳудудига ўтиш имкониятидан маҳрум бўлади.

-Моддий чиқимлар тўланмагунича Сўх анклави ёпиқ қолаверади. Улар машиналарни, уйларнинг деразаларини синдиришди, фуқароларимизни калтаклашди. Бу зарарнинг барчаси тўлаб берилиши шарт, - деди Саитжон Эратов.

Қирғиз расмийси 6 январ куни Қирғизистон чегарачилари томонидан отилган ўқдан яраланган Ўзбекистон фуқароларига товон пули тўлаш масаласини тилга олгани йўқ. Баъзи маълумотларда қирғиз чегарачилари 5 нафар, бошқа маълумотларда эса уч нафар ўзбекистонликни яралагани айтилади. Озодлик мустақил манбалар орқали яраланганлар орасида 26 ёшли Шакаржон Абдуфаттоев, 25 ёшли Зокиржон Шокиров, 1991 йиилда туғилган Достон исмли йигит борлигини аниқлашга муваффақ бўлган эди.

Қирғиз матбуотида пайдо бўлган айрим хабарларда айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари ким кимга қанча зарарни қоплаши ва жавобгарлар масаласида сўзлашувларни олиб бормоқда.

Саитжан Эратов, шунингдек, Сўх анклави йўли очилган тақдирда ҳам чегарадан ўтиш тартиби бутунлай ўзгаришини айтиб ўтди. Унга кўра, чегара очилгач сўхликлар Ўзбекистонга ўтиш учун Қирғизистон ҳудудидаги 80 километр масофани босиб ўтиб, Қизилқия постига боришга мажбур бўладилар. Шу кунгача сўхликлар Ўзбекистонга ўтиш учун тахминан 20 километр наридаги чегара пунктига борар эди.

Қирғизистон расмийларига кўра, 5-7 январ кунлари бўлиб ўтган Сўх жанжали юзасидан Ўзбекистон фуқароларига нисбатан учта жиноят иши очилган. Бу ҳақда Боткен вилоят прокурори Латип Жумабоев маълумот берди. Бу ишлар материаллар билан тўлиқлангач, Ўзбекистон ҳуқуқ -тартибот тузилмаларига жўнатилади.

- Биз тергов гуруҳини ташкил этдик. Ўзбекистонликлар бизнинг ҳудудимизда одам ўғирлаш ва бошқа оғир жиноятларни содир этгани учун жиноят ишлари очилди. Жиноят қилган одамлар жавобгарликка тортилишига, албатта, эришамиз, -деди Латип Жумабоев.

Вилоят прокуратураси тарқатган маълумотда айтилишича, жиноят ишларидан бири қирғиз милиционерининг ўзбекистонликлар томонидан калтакланиши, иккинчиси Қирғизистон ҳудудидан одамларни ўғирлаш, учинчиси эса қирғиз чегарачиларининг калаткланиши юзасидан очилган.

Ўзбекистон томони ўзбекистонликларнинг қирғиз чегарачилари томонидан отилиши юзасидан жиноят иши очгани ёки очмагани ҳозирча номаълум. Бу борада расмий маълумот берилгани йўқ.

Қирғизистон чегара хизмати тарқатган расмий маълумотда айтилишича, бугунги кунда Ўзбекистоннинг Сўх ва Шохимардон анклави атрофидаги Қирғизистонга қарашли 5 та чегара-ўтказиш пости ёпилган.

“Бу чегара - ўтказиш пунктлари Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан келишилган ҳолда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ёпилди. Вазият барқарорлашганидан кейин уларни қайта очиш масаласи ҳал этилади”, дейилади расмий маълумотда.
XS
SM
MD
LG