Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:25

Сўхдаги жанжалда ўқ еган бемор комадан чиқди


5 январ куни қирғизистонлик чегарачи отган ўқдан оғир яраланган сўхлик Шакар Абдуфаттоев комадан чиқди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегара ҳудудида чиққан можарода жароҳатланган яна тўрт нафар сўхлик ҳамон касалхонада қолмоқда. Шифокорлар уларнинг аҳволини ўртача барқарор, деб баҳолаяпти. Жанжал бошлангандан бери Сўхда қолаётган Фарғона вилоят ҳокими сўхликларни провокацияларга берилмаслик ва тинчликка чақирмоқда.


"Ярадорлар аҳволи яхшиланяпти"

Озодлик 10 январ куни Сўх жанжалида ярадор бўлганларнинг аҳволини билиш мақсадида Сўх тумани марказий шифохонаси бош шифокори Омонжон Фармонов билан боғланди.

Бош шифокорнинг Озодликка айтишича, қорнидан ўқ еган 26 ёшли Шакар Абдуфаттоев комадан чиққан:

- Яраланганларнинг аҳволи яхши. Шакар Абдуфаттоев кеча комадан чиқди. Ҳозир анча дуруст. Энди бундан бошқа маълумот беролмайман. Бошқа маълумотларни ҳокимиятдан оласиз,- деди Сўх тумани бош шифокори Омонжон Фармонов.

Овози ёзиб олинмаслиги ва исмо ошкор қилинмаслигини сўраган Сўх туманида истиқомат қилувчи ўқитувчининг Озодликка айтишича, Шакар Абдуфаттоевнинг жароҳати оғир бўлган:

- Ўқ қорнидан кириб, буйракни тешиб, у томондан чиқиб кетган экан. Тўрт кун ҳушига келмай ётди. Кеча комадан чиқибди деб эшитдик. Бироқ уни кўргани ҳеч кимни киритишмаяпти экан,- дейди ўқитувчи.

Сўхлик суҳбатдошимизнинг айтишича, қолган тўрт нафар ҳушёрлик ҳам касалхонада қолмоқда ва уларнинг аҳволи анча яхши.

Қирғизистонликлардан ҳам жабрланганлар бор

Озодлик радиосининг қирғиз хизмати мухбирлари маълумотига кўра, Сўх туманининг ўзбек-қирғиз чегарасида содир бўлган жанжалда турли тан жароҳатлари олган 17 қирғизистонлик касалхонага жўнатилган, қирғиз томонига тегишли 15та автомобилга зарар етказилган. Айни пайтда, жароҳат олганларнинг 7 нафари Боткен вилоятидаги касалхонада қолгани айтилмоқда.

Вилоят ҳокими осойишталикка чақирмоқда

Сўх туманидаги Озодлик манбаларининг айтишларича, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев беш кундан буён туманда қолиб, ҳар куни уч маҳал йиғилиш ўтказмоқда.

Исми сир қолиши ва овозини ёзиб олмаслигимизни сўраган ҳушёрликлардан яна бирининг айтишича, маҳалла оқсоқоллари уйма-уй юриб, аҳолини провокацияга учмасликка чақирмоқда:

Сўх тумани харитаси
Сўх тумани харитаси
- Вилоят ҳокими ҳар куни эрталаб, тушда ва кечқурун корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари раисларини йиғиб, мажлис ўтказяпти. Бу мажлисда маҳалла оқсоқолларига топшириқ бериляпти. Оқсоқоллар уйма-уй юриб, одамлардан “биз ҳеч қанақа йиғинларга қатнашмаймиз, агар бирор киши тўполонга даъват қилса, биз ҳеч қаерга бормаймиз, қўшни халққа ҳеч қандай эътирозимиз йўқ”, деган мазмунда тилхат ёздириб олинмоқда,- дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, айни пайтда Сўхда вазият тинч, барча корхона ва ташкилотлар ишламоқда, бироқ Сўх тумани Ўзбекистондан узилиб қолган:

- Қирғизистонликлар Риштонга олиб борувчи йўлларга тош, шағал тўкиб ташлаган. Ҳамма ёқ ёпиқ. Ҳозирча ҳамма нарса бор, запасларимиз етарли. Вилоят ҳокими шу ердаку, бир ечими топилиб қолар,- дейди ҳушёрлик суҳбатдошимиз.

Сўхдаги воқеалар хусусида ҳеч қандай информация йўқ

Сўхликларнинг айтишларича, чегарадан жанжал чиққанига беш кун бўлганига қарамай расмий матбуотда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ:

- Одамлар ўзи нима бўлаётганини билмайди. Миш-мишлар роса кўп. Аҳоли хавотирда яшаяпти. На газеталар, на Ўзбекистон телевидениеси ва на маҳаллий телевидение бу ҳақда ҳеч нарса бермаяпти,- дейди сўхлик манба.

Сўхдаги воқеалар хроникаси билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG