Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:57

Интернет кафе ва масжидларда назорат кучайди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида Интернетга тўсиқ қўйишни "ғирт аҳмоқлик", дея атаган.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида Интернетга тўсиқ қўйишни "ғирт аҳмоқлик", дея атаган.

Ўзбекистонда ўқувчиларнинг Интернет кафеларига бориб, қандай сайтларга киришини назорат этиш учун мактаб ўқитувчилари Интернет кафеларида навбатчилик қилмоқда.



Eurasianet.org сайтининг ёзишича, ўқувчиларнинг нима ўқиб, қандай ўйин ўйнаётганини кузатиш учун мактаб ўқитувчилари кечгача кафеларни назорат этишади.

Тошкентнинг Сирғали тумани мактаблардан бирига қўнғироқ қилганимизда шу мактаб ўқув ишлар бўйича масъули, ўқитувчилар ҳақиқатан ҳам бундан кейин Интернет кафеларида навбатчилик қилишларини тасдиқлади.

- Синф раҳбарлари ҳар доим буни назорат қилади, маъанавиятчимиз ишлайди бу билан. Дежур (навбатчи демоқчи-таҳр.) ўқитувчиларимиз бориб-бориб назорат қилиб келади,- деди ўз исмини айтмаган мактаб мутасаддиси.

Тошкентнинг Улуғбек посёлкасидаги “Бомонд” Интернет кафеси ходими ҳам мактаб ўқитувчилари навбати билан болаларни қандай сайтларга киришини назорат қилиб туришганини айтди.

- Ўқитувчилар навбатчиликка келишади. Интернет кафемизга яқин тўртта мактаб бор. Шу мактаблардан ўқитувчилар келиб, шу ерда ўтиришади,- дейди “Бомонд” Интернет кафеси ходими.

Масжидларда ҳам ўқитувчилар "қоровуллик" қилмоқда

Шунингдек, ўқувчиларни жума намози ўқиладиган масжидларга бормасликлари учун дарс соатлари узайтирилиб, айрим мактаб ўқитувчилари масжидлар олдида ҳам навбатчилик қилмоқда.

Ўқувчиларни жума намози тугагунча мактабда ушлаб туриш учун дарс соатлари ҳам узайтирилган.

Дарс бўлмаган тақдирда ўқитувчилар уларни синфхонадан чиқармай, мажбуран ушлаб ўтириш холлари ҳам кузатилмоқда. Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқув ишлари бўйича мудири буни тасдиқлади.

- Масжидга тоже борилмайди. Ўқитувчилар, маънавиятчилар масжидга бориб, шуни кузатади. Жума кунлари жуда қаттиқ давоматни оламиз. Ота-оналари масжидга борадиганлар бизда ҳаммаси учётда,- деди Тошкентдаги мактаблардан бирининг масъул ходими.

Гўё ўқувчиларнинг дарсдан чалғимаслиги учун йўлга қўйилган бу амал ота-оналарнинг розилиги ва улар билан ҳамкорликда йўлга қўйилгани айтилмоқда.

Ўзбекистонда нафақат мактаблар, балки олий ўқув юрти ва махсус таълим муассасалари талабаларининг ҳам масжидларга боришлари қаттиқ назорат остида.

- Дарс пайти студентларнинг масжидларга боришлари қаттиқ назоратда, бу ерда бошқа гап бўлиши мумкин эмас,- дейди Тошкентдаги Маънавият ва маърифат маркази ходимларидан бири.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён диний ақидапарастлик ва бу ғояларни мамлакатга олиб кирмоқда, дея кўрилган турли диний гуруҳларга қарши курашиб келади.

Кузатувчилар фикрича, ҳукумат ёшларнинг турли диний оқимларга берилиб кетишини олдини олиш учун уларни масжидлар яқинига йўлатмасликка ҳаракат қилиб келмоқда.

Араб мамлакатларидаги инқилоблар ортидан эса Ўзбекистон ҳукумати Интернет устидан назоратни кучайтирди.

Ўзбекистонда Интернет кафелари махсус хизматлар томонидан назорат қилиниши ва кафе эгалари доимий равишда шубҳали саналган вебсаҳифаларга кираётган мижозлар ҳақида хабар беришга мажбур эканлиги ҳозир ҳеч кимга сир эмас.

- Бизда аксилҳукумат сайтларига кириш тақиқланган. Бизни ўзимиз буни назорат қиламиз. Умуман ҳамма Интернет кафеларининг бу борада Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан мижозларнинг алоҳида олинган сайтларга кирмаслигини таъминлаш бўйича шартномаси бор. Агар шу шартномани бузсам мени лицензиядан маҳрум қилишади,- дейди Тошкентдаги Интернет кафе эгаларидан бири.

Ойни этак билан ёпиб бўлмайди

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, Интернет кафелари ва масжидларда ўқувчиларга қўйилаётган тақиқилар ҳукуматнинг ички қўрқуви билан боғлиқдир.

- Масалан, Интернет кафеларида ўқувчиларнинг Интернетдан фойдаланишини назорат қилиш бу эркин маълумотга бўлган чекловдир. Инсонлар ўзлари хоҳлаган маълуотни олишини ҳукумат истамайди. Ўқувчиларнинг масжидларга қатнашини чеклаш чора-тадбирлари эса ҳукуматни айнан диний мухолифатдан ва дин эркинлигидан қўрқувларига бориб тақалади,- дейди Исмоилов.

Ўзбекистонда мухолиф қарашдаги сайтлар, шунингдек мустақил ахборот сайтларга тўсиқ қўйилган. Аммо, бу сайтларга турли айланма йўллар орқали кириш имкони сақланиб қолмоқда.

Ўқувчилар Интернет кафеларида назорат қилинса ҳам уларнинг кўпчилиги қўл телефонлари орқали эркин фикрли сайтларга бемалол кирмоқда.

Суҳроб Исмоилов фикрича, Ўзбекистонда ўқитувчиларни масжидлар ва Интернет кафеларига қоровул қилиб қўйиш ғирт бемаъниликдир.

- Чунки ойни этак билан ёпиб бўлмайди. Ундан кўра, болаларни яхшини ёмондан фарқлашга ўргатиш самаралироқдир. Менимча, бу борада ёшларимизда муаммо йўқ,- дейди Исмоилов.
XS
SM
MD
LG