Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Бўрининг қулоғи кўринди, ўзи қани?


Ўзбекистон Адлия вазирлигининг расмий нашри “Инсон ва қонун” газетаси Ғаллаорол ва Фориш туманларида бўри ва тулкилар кўпайгани ҳақида хабар қилди. Айни пайтда Жиззах вилоят ҳокимлиги, Ғаллаорол ва Фориш туманлари ҳокимликлари бўрилар кўпайгани ҳақидаги хабарни рад қилишди.



“Инсон ва қонун” газетасининг жорий йил 8 январдаги сонида Жиззахда бўри ва тулкилар кўпайгани ҳақида кичик бир хабар эълон қилинди.

“Тоғларга қор тушди” сарлавҳаси остида чоп қилинган хабарда “Жиззах вилоятининг тоғли ҳудуди ҳисобланган Ғаллаорол, Фориш туманларида овқат дардида бўри ва тулкилар тоғдан тушмоқда” дейилади.

Газетанинг Жиззахдаги мухбири Асад Мустафаевга таяниб ёзишича, “Бўриларнинг қишлоқларга келишига қарши курашиш мақсадида айрим қишлоқларда тунги навбатчилик ташкил қилинган”.

Бу хабар Озодликка 11 январ куни етиб келиши ортидан мухбиримиз кун давомида Жиззахдан “бўри излади”.

Ғаллаоролдаги турли воқеа-ҳодисалардан кўз-қулоқ бўлиб турадиган Набижон Жўрабоев туманда бўри кўпайганлигидан хабари йўқлигини айтди.

- Бўри кўпайди деган гапни сиздан эшитаяпман. Мен бугун тоққа бориб келдим. Бунақа гап йўқ. Кейин бизда қор эриб кетди. Ёмғир ёғаяпти, лекин ҳаво анча илиқ. Тўғри бизда тулки кўп. Ёзин-қишин тулки бўлади. Энди уларнинг деярли зарари йўқ. Тоққа қор кўп тушиб, ойлаб эримасдан қолган пайтлари улар одамларнинг товуқларини еб кетиш ҳоллари бўлади. Лекин бу камдан-кам,- дейди Набижон ота.

Фориш туманида яшовчи Нодир ака ҳам бўрилар кўпайганидан бехабарлигини айтгач, мутасаддиларга мурожаат қилдик.

Жиззах вилоят ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими бўри кўпайгани ҳақидаги хабардан хайрон бўлди ва бизга Фориш ва Ғаллаорол туман ҳокимликларига мурожаат қилишни тавсия қилиб, телефон рақамларини берди.

Ғаллаорол туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган ходими бўрилар кўпайгани ҳақидаги хабарни мутлақо рад қилди.

- Ҳокимиятга ҳали унақа хабар келгани йўқ. Бунақа нарса бўлса, биринчи бўлиб менга келиши керак. Мен қабулхонада ўтираман, лекин бўри кўпайди деган гап бўлмади,- деди ҳокимлик ходими.

Фориш туман ҳокимлигининг навбатчи ходими ҳам бўри кўпайгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади.

- Бунақа гапни биз ҳали эшитганимиз йўқ. Ҳеч ким бўри кўрдим деб шикоят ҳам қилиб келгани йўқ. Бизда фақат тоғда бўри бор. Қишлоқларга тушганини эшитганимизча йўқ,- деди ҳокимлик ходими.

"Инсон ва қонун" газетасида Ғаллаорол ва Форишнинг айнан қайси қишлоқларида бўри ва тулкилар кўпайгани ҳақида ёзилмаган.

Газетанинг Жиззахдаги мухбири Асад Мустафаев билан боғланиш имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG