Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:37

Олланд: Малида исломчилар “оғир талафот” кўрди


Франция Президенти Франсуа Олланд Франция учқичлари Малида амалга оширган ҳужумларда исломчилар “оғир талафот” кўргани айтди. Олландга кўра, ҳаво ҳужумлари Малига Африка кучларини жойлаштиришга тайёргарлик кўриш учун уюштирилган.

Франсуа Олланд Африка ғарбида жойлашган Малидаги ҳужумлар учун ўч олиниши эҳтимоли бўлгани сабабли Франциядаги жамоат бинолари ва транспортда хавфсизлик чоралари кучайтирилганини айтди.

Франция расмийларига кўра, Малидаги Ал-Қоидага алоқадор гуруҳ ҳарбий вертолётни уриб туширгани оқибатида франциялик бир учувчи ҳалок бўлган.

Мали пойтахти Бамакони мудофаа қилиш учун шаҳарга юзлаб француз аскари жойлаштирилган.

Исломчилар ҳужумини қайтариш учун Франция қўшинлари Малига киритилганини БМТ Хавфсизлик кенгаши, Европа Иттифоқи ва АҚШ қўллаб-қувватлади.

Ўтган ҳафта исломчилар Мали марказида жойлашган Конна шаҳрини ишғол қилганди. Расмийларга кўра, ҳукумат кучлари Конна шаҳрини қайта ўз назоратига олган.

Мали президенти вазифасини вақтинча бажараётган Дионкунда Траоре жума куни мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Конна шаҳри учун бўлган жангларда ҳукумат кучларидан 11 аскар ҳалок бўлгани, тахминан 60 киши ярадор бўлгани айтилмоқда.

Париждаги президент саройидан телевидение орқали қилган чиқишида Франция президенти ҳарбий амалиётлардан мақсад Малига Африка кучларини жойлаштириш учун имконият яратишдан иборат эканини айтди.

- Аскарларимиз жасорати туфайли биз рақибларнинг муваффақиятли ҳаракатини тўхтатдик ва уларга оғир талафот етказдик. Бироқ бизнинг миссиямиз тугагани йўқ. Шуни эслатиб ўтмоқчиманки, Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига мувофиқ, миссиямиз Малининг ҳудудий яхлитлигини тиклашда бу мамлакатга Африка кучлари киритилиши учун тайёргарлик кўришдан иборат, дея баёнот берди Франция президенти.

Олланд Франциянинг собиқ мустамлакасига француз қўшинларини киритишдан кўзланган мақсад “терроризмга қарши курашиш” эканини алоҳида таъкидлади.

Ғарб расмийлари исломчилар Ғарбга қарши ҳужумлар уюштиришда Малини ўз базаларига айлантириши ва Шимолий Африкада Ал-Қоидага алоқадор жанггарилар таъсирини кучайтириши мумкинлигидан ташвиш билдирган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Малида қайта тартиб ўрнатилишида ҳукуматга ёрдам бериш учун 3300 нафар аскардан иборат Африка кучларини Малига киритиш ҳақида қарор қабул қилган.

Африка ғарбидаги 15 давлат аъзо бўлган Ғарбий Африка давлатларининг иқтисодий ҳамжамияти - ECOWAS ташкилоти Малига зудлик билан ҳарбий кучлар киритишни маъқуллаган.

Малида 2012 йил март ойида давлат тўнтариши амалга ошганидан кейин бўҳрон юзага келган.

Шундан сўнг дунёвий қарашдаги Туарег партизанлари мамлакат шимолини эгаллаб олган. Айни пайтда исломчилар ҳам фурсатдан фойдаланиб, катта ҳудудни ўз назоратига олган.
XS
SM
MD
LG