Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:34

Армияда қандай хизмат қилса бўлади?


Ўзбекистонда 14 январ - Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланади. OzodJavob га бўлган мурожаатлар орасида армия борасидаги саволлар кўплигини инобатга олиб, бу гал ҳарбий хизмат турлари, пуллик ҳарбий хизматнинг нархлари борасида суҳбатлашамиз.


Қашқадарёнинг Қарши шаҳридан email орқали мурожаат қилган Абдурашид ҳарбий хизматга бориш тартиб-қоидалари билан қизиқди.

“Мен бу йил 18 ёшга кирдим. Армияга бормоқчиман. Ҳозир бир йиллик ва бир ойлик армия хизмати бор экан. Пул тўлаш керак деяпти. Қанча тўлаш керак? Кейин бир йилликда хизмат қилган маъқулми ёки бир ойликда? Илтимос шуларни билиб берсангиз” дея ёзган Абдурашид.

Ўзбекистонда ҳарбий хизматнинг тўртта тури бор:

1. Муддатли ҳарбий хизмат
2. Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат
3. Контракт бўйича ҳарбий хизмат
4. Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.




Ўзбекистоннинг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонунига кўра, фуқаролар дастлаб ўн олти ёшга тўлган йили апрел — июн ойларида чақирув участкаларида қайдга олинади.

Ўзбекистонда фақат эркак фуқаролар ҳарбий хизматга чақирилади. Йигитлар ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташлари шарт бўлади.

Тошкентдаги Мудофаа ишлари бўлимларидан бирининг зобити, исмини ошкор қилмаётганимиз капитанга кўра, йигитлар 18 ёшга тўлгач муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

“Ҳарбий хизмат ёшига етган фуқароларга чақирув қоғози жўнатилгач, келиб махсус тиббий кўрикдан ўтади. Тиббий комиссия вазни, бўйи, соғлиги, жисмоний тайёргарлиги нормада деб топган йигитлар бир йиллик муддатли ҳарбий хизматга олинади”, дейди Ўзбекистон армияси капитани Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизмат вақти ўн икки ой, олий маълумотли шахслар учун эса тўққиз ой қилиб белгиланган.

Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат эса бир ой эканини айтади яна капитан.

“Соғлиги жойида бўлсаю, муддатли ҳарбий хизматга қабул қилиш рўйхати тўлган тақдирда ҳам бир ойлик хизматга олиш мумкин. Бизда қонун бўйича бир йиллик хизмат мутлақо бепул, бир ойлик хизмат эса пуллик бўлиб, 2 миллион 188 минг сўм пул тўлаш лозим", дейди тошкентлик капитан.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат учун тўланадиган пул Ўзбекистон Молия вазирлигининг махсус ҳисобварағига ўтказилади.

Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига йигирма етти ёшга тўлгунча жалб қилиниш мумкин.

Тошкентлик капитаннинг айтишича, қонун бўйича муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат бир хил тенгликда ҳисобланади.

“Кўпчилик бир йиллик ҳарбий хизматни бир ойликдан устун қўяди. Айниқса, МХХ ёки милицияга ишга кирмоқчи бўлганлар. Лекин қонун бўйича бир йиллик ва бир ойлик армия бир хил тенгликда. Бир ойлик ҳарбий хизматдан сўнг ҳам МХХ ёки милицияга ишга кириш мумкин , дейди суҳбатдош.

Микрофонсиз суҳбатда бўлганимиз тошкентлик капитаннинг айтишича, муддатли ҳарбий хизматнинг афзаллик томони унинг имтиёзларга эгалигидадир.

“Бир йиллик армияда бўлганлар ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлишади. Олийгоҳларнинг кириш имтиҳонларининг умумий баллидан 27 баллик имтиёз берилади”, дейди суҳбатдош.

Муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат бўйича мажбуриятларини ўтаган фуқаролар йигирма етти ёшга тўлганларидан кейин Қуролли кучлар резерви таркибига ўтказиладилар.

Контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида қабул қилинади.

Бу ҳарбий хизмат тури оддий аскар ва сержантлар учун уч йил, офицерлар учун беш йил муддат қилиб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистонда муқобил хизмат тури ҳам бўлиб, қонунга кўра, 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган фуқаролар, агар диний таълимоти қурол-яроғдан фойдаланиш ва Қуролли Кучларда хизмат қилишга йўл қўймайдиган, рўйхатга олинган диний ташкилотлар ҳисобида турсалар, муқобил хизмат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу фуқаролар ҳарбий хизмат ўрнига иқтисодиёт, ижтимоий соҳанинг турли тармоқларида кам малака талаб этиладиган (ёрдамчи) ишларни, шунингдек фалокатлар, ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларини бажаришга жалб қилиниш мумкин.

Муқобил хизматнинг муддати 24 ойни, олий маълумотли фуқаролар учун эса 18 ойни ташкил этади.

"Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги қонуннинг 22-моддасига кўра, фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидаги ҳолатларда озод этилади.

1) саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилса
2) яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлса
3) рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.


Шунингдек, Озодлик билан суҳбатлашган армия капитанига кўра, оилавий сабаб ҳам фуқарони ҳарбий хизматдан озод қилиши мумкин.

“Агар фуқаро уйланган бўлса ва рафиқаси иккинчи гуруҳ ногирони бўлса, ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзанди бўлса, армияга боришдан озод қилинади”, дейди суҳбатдош.

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.




Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:10 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG