Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:56

МТС-Ўзбекистон ходимларини ишдан бўшатиб юборди


МТС ширкатининг Москвадаги қароргоҳи матбуот хизмати Ўзбекистондаги ходимлари ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарларни инкор қилмади. Фақат ҳозирча вазият бўйича матбуотга ҳеч қандай изоҳ берилмаслигини таъкидлашди.


14 январ куни кечқурун матбуот орқали МТС-Ўзбекистоннинг 400га яқин ходими ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабар пайдо бўлди.

15 январ куни МТС ширкатининг Москвадаги қароргоҳи матбуот котиби Валерия Кузменко бу хабарни инкор қилмаган ҳолда, вазият бўйича изоҳ бера олмаслигини айтди.

- Бу бўйича ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бера олмаймиз. МТСнинг Тошкентдаги раҳбарлари ҳам ҳозирча матбуотга бу борада ҳеч қандай изоҳ бера олмайди,- дея гапни қисқа қилди Валерия Кузменко.

Озодликнинг Тошкентдаги манбаси МТС-Ўзбекистон корхонасининг пойтахтдаги бош офиси - Лабзакдаги идораси ҳамда ширкатнинг асосий офислардан бири - Олой бозори ҳудудидаги идорасига бориб вазиятни ўрганишга ҳаракат қилди.

Манбанинг айтишича, иккала офис ҳам 15 январ куни ёпиқ бўлиб, офисларга кириш дарвозаларига эса қулф осилган.

“Иккита идора биносида ҳам ҳеч ким йўқ, ҳатто қоровул ҳам кўринмайди. Кўча тарафдаги, ҳамда орқа тарафдаги барча эшикларини тортиб кўрдим. Ҳаммаси қулфланган. Ҳеч зоғ йўқ”, деди Тошкентдаги манбамиз.

РИА Новости сайтининг ёзишича, МТС-Ўзбекистон ўтган йилнинг ёзидан буён фаолият кўрсатмаётганига қарамай, ширкатнинг Ўзбекистондаги ходимлари шу пайтгача ойлик олиб келаётган бўлган.

Кузатувчилар томонидан МТС ходимларнинг ишдан бўшатилиши ширкатнинг Ўзбекистонда ўз фаолиятларини қайта тиклашдан умид узганига далолат ўлароқ баҳоланмоқда.

Аввалроқ МТС-Ўзбекистон уяли алоқа ширкати 14 январ куни ўзини банкрот деб эълон қилажаги, бу ҳақдаги маълумот facebook ижтимоий тармоғида кенг тарқалгани хусусида хабар қилгандик.

Норасмий маълумотларга кўра, МТС-Ўзбекистон ширкати Ўзбекистондаги расмий доиралар билан ҳиссалар масаласида келиша олмаган: ўзбек ҳукумати 40% улуш сўрагани, бироқ МТС-Ўзбекистон бу таклифга розилик билдирмагани айтилмоқда.

МТС-Ўзбекистон тақдири билан боғлиқ воқеалар хроникаси:

24 декабр. 2012 йил. Россия. ИТАР-ТАСС.

"Система" корпорацияси раҳбари Владимир Евтушенковдан олинган маълумотга таяниб, ИТАР-ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Россиянинг МТС мобил алоқа компанияси ўзининг Ўзбекистондаги фаолиятини қайта тиклаш юзасидан Ўзбекистон билан “интенсив” сўзлашувлар олиб бормоқда.

13 декабр. 2012 йил. Шаҳрисабз, Гулистон.

Озодлик мухбири 13 декабр куни "Ўздунробита" ширкатининг Тошкент ва Ўзбекистоннинг турли вилоятлардаги бўлимларига боғлангач, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ва Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги ширкат бўлинмалари очилганига амин бўлди.

Бир неча ҳафта муқаддам идорага қайтганини айтган ширкат ходимлари ҳали иш бошламаганликлари, аммо январ ойидан иш бошлашга ҳозирлик бораётганини айтди.

- Бизга мол-мулкмизни суд қайтиб берганидан кейин офисни очганмиз. Ҳозир фақат бухгалтерия очиқ. Лекин январдан иш бошлаймиз, деган гап бор. Январдан ишга тушамиз, бу аниқ, деди "Ўздунробита" ширкатининг исмини ошкор қилмаган ҳисобчиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

13 декабр. 2012 йил. Тошкент.

Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари учрашувини кузатган журналистлар ёпиқ эшиклар ортидаги муҳокамаларда МТС ишини қайта тиклаш ҳақида қарор қабул қилинганини айтмоқда.

Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Козак етакчилигида 13 декабр куни Тошкентга сафар қилган делегация куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Тошкентлик мустақил журналист ва Uzmetronom интернет газетаси муҳаррири Сергей Ежковнинг айтишича, Ўзбекистон-Россия ҳукуматларо комиссиялари ўртасида бўлаётган музокаралардаги муҳим масалалардан бири МТСнинг Ўзбекистондаги филиали "Ўздунробита" ширкати фаолиятини қайта тиклаш бўлган.

20 ноябр 2012 йил. Тошкент.

Ўзбекистон Олий Хўжалик суди “Ўздунробита”нинг лицензиясини қайта тиклаш мақсадида Тошкент шаҳар Хўжалик суди ҳукми устидан киритилган даъво аризасини кўриш жараёнини номаълум муддатга тўхтатди.

19 ноябр 2012 йил. Тошкент-Москва.

МТС-"Ўздунробита" фаолиятини қайта тиклаш учун унинг ускуналари синовдан ўтказилгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.

Бироқ МТС ширкатининг Москвадаги қароргоҳи матбуот хизмати МТС ўзининг Ўзбекистондаги ускуналарини синовдан ўтказгани тўғрисидаги хабарларни инкор этиб, буни миш-мишлар даражасидаги гапдир, деб баёнот берди.

8 ноябр 2012 йил. Тошкент.

Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди апелляция ҳайъати МТС нинг Ўзбекистондаги барча активларини давлат тасарруфига ўтказиш тўғрисида қуйи инстанция чиқарган қарорни бекор қилди.

17 сентябр 2012 йил. Тошкент.

Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” компаниясининг тўрт нафар ходимини уч йилдан шартли равишда озодликдан маҳрум қилди ҳамда ширкатга тегишли мулкни давлат фойдасига мусодара қилди.

27 август 2012 йил Тошкент.

"Ўздунробита" мулозимларига қарши текширувлар асосида тўпланган фактлар маҳкамага оширилди.

31 июл 2012 йил. Тошкент.

Тошкент шаҳар хўжалик ишлари бўйича суди “МТС-Ўзбекистон” бренди остида ишлаган “Ўздунробита”ни лицензияларидан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Июл-август 2012 йил.

Мобил алоқасиз қолган миллионлаб МТС мижози Ucell ва Beeline компаниясига ўтиб кетди. Бироқ айни компаниялар бу каби фавқулодда оқимга ҳозир бўлмагани боис¸ Ўзбекистонда алоқа сифати кескин ëмонлашиб кетди. Сифат ҳозирга қадар яхшиланганича йўқ.

17 июл 2012 йил. Тошкент.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Ўздунробита” мобил оператори фаолиятини вақтинча тўхтатди.

МТС-Ўзбекистон алоқаси мамлакатнинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олиб, 9 миллиондан зиёд мижозга хизмат кўрсатар эди. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.
XS
SM
MD
LG