Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:01

Ўзбекистонда валюта бозорини кимлар¸ қандай назорат қилади?


Душанба¸ 21 январ куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган навбатдаги жонли¸ интерактив мулоқотимизда Ўзбекистонда сақланиб қолаëтган расмий ва норасмий валюта нархларини кимлар¸ қайси гуруҳлар қайси усуллар билан назорат қилиши ҳақида суҳбатлашдик.

Ўзбекистон ҳукумати мустақил сиëсат юрғиза бошлаганидан бери ўтган 22 йил давомида мамлакатда амалга ошмай келаëтган муҳим ислоҳотлардан бири мамлакатда эркин валюта бозори яратиш¸ конвертация тизимини либераллаштириш бўлиб қолмоқда.

Тошкент раҳбариятини бу ислоҳотларга кўндириш учун ўтган 22 йил давомида халқаро молия тизимлари¸ хусусан¸ Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки мутахассисларининг Ўзбекистонга неча марта сафар қилиб¸ неча марта Тошкентдан тарвузлари қўлтиқдан тушиб кетганининг ҳисоби йўқ.



Мустақилликдан бери Ўзбекистон иқтисоди эришган ютуқлар ҳақида тинимсиз мақтанадиган¸ аксар халқ тушуниб етмайдиган макроиқтисодий кўрсаткичлар билан ҳамманинг оғзига уриб келаëтган Тошкент расмийлари¸ негадир постсовет ҳудудида деярли биргина ўзбеклар миллий пулининг эркин конвертация қилинмаëтгани ҳақида лом-мим демайдилар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:52:32 0:00
Бевосита линк

Хориж валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан қадрини расман Марказий банк белгилайди. Фақат давлат ва саноқли “танланган” савдо ва ишлаб чиқариш компаниялари олди-бердиси учун қўлланиладиган бу расмий курс¸ Марказий банк томонидан сунъий ушлаб турилади. Олий сиëсий-молиявий табақаларда ҳомийси йўқ аксар хусусий бизнес¸ қолаверса¸ аҳолининг бу расмий курсга қўли етмайди.

Хориж валюталарининг ўзбек сўмига нисбатини белгилашнинг яна бир йўли¸ биржа нархлари. Ўзбекистондаги валюта биржаларининг қайси қонуният асосида ишлашини аниқлаш ўта қийин бўлганидан¸ бу биржа олди-сотдисидан¸ аксар катта ва кичик бизнес бехабар. Боз устига¸ биржа нархлари¸ валюта қора бозоридан ҳам қиммат юради.

Бундай вазиятда¸ Ўзбекистонда аҳоли ва аксар хусусий бизнес учун очиқ қолаëтган ягона валюта бозори “қора бозор”дир. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қошида валюта жиноятларига қарши курашувчи ўнлаб тузилма борлиги ва бу “қора бозор”да валюта олганга ҳам¸ сотганга ҳам жазо чораларининг кучайтирилишига қарамай¸ бу бозор мамлакатнинг барча шаҳар ва ҳатто қишлоқларида 24 соат давомида ишлаб турибди. Аммо¸ мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистонда ҳатто валюта “қора бозори” ҳам эркин эмас – унинг тепасида ҳам ўз хўжалари¸ бу бозорни ўз манфаатига кўра йўналтириш қудратига эга¸ ундаги нархларни ўйнатиб турган шахс ва гуруҳлар бор.

19 январ куни Ўзбекистон валюта “қора бозор”и ëки қўлда бир АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбати 2760 сўмни ташкил этган бўлса¸ Марказий банк расмий курси бўйича у 1985 сўмни ташкил этган. Ўзбекистон валюта биржасидаги сўнгги нархлар ҳақида аниқ маълумот топишнинг иложи бўлмади.

Хўш¸ Ўзбекистонда миллий сўмни хориж валюталарига айирбошлаш соҳасида уч хил нархнинг сақланиб қолиши нима учун керак?

Ўзбекистон ҳукуматининг миллий пул эркин конвертациясини белгилашни 22 йилдан бери эркин бозор қонунларига қўйиб бермаëтганининг объектив сабаблари борми?

Ўзбек сўми қадри эртадан бошлаб эркин бозор қонуниятлари асосида белгиланса¸ мамлакат иқтисодига¸ бозордаги нарх-навога қандай таъсир кўрсатади?

Бундан кимлар¸ қандай зиëн кўради?

Ўзбек сўмининг хориж валюталарига нисбатан қурбини белгиловчи асосий омил ва мезонлар нима?

Ўзбекистонда сўмнинг бугунги ҳам расмий¸ ҳам “қора бозор” нархини кимлар¸ қайси асосда белгиламоқда?

Халқаро молия тизимларининг Тошкент раҳбарларини валюта сиëсатини либераллаштиришга кўндириш уринишлари нега самарасиз қолмоқда?

Тошкентни валюта эркин конвертациясини жорий қилишга ким ва қандай мажбурлаши мумкин?


Сизнингча¸ Ўзбекистонда уч алоҳида валюта бозори йўқолиб¸ унинг ўрнида ягона эркин бозор нархи пайдо бўлишига яна қанча вақт кетади?

Душанба¸ 21 январ куни Тошкент вақти билан 21:05 да OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали жонли мулоқотга бевосита қўшилиб¸ бу саволларга оид ўз мулоҳазаларингизни бевосита билдиришингиз мумкин.

Бу дастурга¸ хусусан¸ молия ва иқтисод¸ валюта айирбошлаш қонуниятлари соҳасидаги мутахассисларни таклиф қиламиз.

Агар Skype манзилларимизга ҳозирга қадар қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат қилиб¸ OzodSkype ва OzodlikOnline манзилларига сўров юборинг¸ скайпдошларимиз сафига қўшилинг!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG