Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:55

Нафиса Мўминова ўзбек аёллари орасида илк халқаро гроссмейстер


Нафиса Мўминова.
Нафиса Мўминова.

Асли фарғоналик 22 ёшли Нафиса Мўминова ўзбек шахматчи қизлари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди.


Нафиса - халқаро гроссмейстер

Шахмат оламида кўплаб муваффақиятларга эришиб келаётган Нафиса Мўминова учун 2013 йил омадли бошланди.

Халқаро шахмат федерацияси 22 ёшли Нафиса Мўминовани халқаро гроссмейстер унвонига муносиб деб топди.

Нафиса, Озодлик билан суҳбатда, ўзининг йиллар давомида эришган муваффақиятлари эвазига халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлганини гапириб берди.

- Ҳар бир унвон учун халқаро нормативлар бор. Шу нормативларни халқаро турнирлар, халқаро мусобақаларда бажарган бўлишингиз керак. Халқаро гроссмейстер унвонини олиш учун маълум даражада рейтинг белгиланган. Рейтинг 2300 дан кам бўлмаслиги керак. Ҳозир менинг рейтингим 2343,- дейди Нафиса.

Шахмат оламидаги пиллапоялар

Асли фарғоналик Нафиса Мўминова тўрт ёшидан шахмат ўйнашни бошлаган. Тўққиз ёшидан Қўқондаги шахмат клубига аъзо бўлган Нафиса 2002 йилда ўз тенгдошлари орасида Ўзбекистон чемпиони бўлди.

- 2002 йилда жаҳон чемпионатида ҳам қатнашдим. Жаҳон чемпионатида яхши натижа бўлмади. Чунки профессионал даражада шахмат билан шуғулланмасдим унда. Шахматдан анча узоқда эдим. Шахматга профессионал кириб келишимга асосий сабабчи 2007 йилдаги Марказий Осиë минтақасида жаҳон чемпионатига саралаш турнири бўлди. Ўшанда мен ҳам қатнашган эдим. Ўшанда биринчи бўлиб ўзбекистонлик аëллардан, Марказий Осиë минтақасига битта ўрин ажратилган эди, ўшани ютдимда, биринчи бўлиб ўзбек аëллари ичида жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдим. Бу жиддий турнир эди. 2008 йилда бўлиб ўтиши керак бўлган. Кейин тайëрланишни бошладим. Шундан кейин профессионал шахматга кириб келдим. Шахматга жиддий қарашни бошладим,- дейди Нафиса Мўминова.

У 2008 йилда 18 ёшгача қизлар ўртасида Осиё чемпионати кумуш медалига сазовор бўлди.

2010 йилда 20 ёшгача бўлган қизлар орасидаги жаҳон чемпионатида Нафиса кучли тўртликдан жой олди.

2012 йилнинг ёзида Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган Осиё ўйинларининг жамоавий беллашувида Нафиса кумуш медални қўлга киритди.

2011 йилда Марказий Осиё кубоги ва 2012 йилда “Toshkent open” халқаро шахмат турнирида ғолиб бўлди.

Уч опа-сингил шахматчилар

Олти йил аввал Нафиса Мўминова Шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилинди.

Ҳозирда Нафиса терма жамоа етакчи ҳисобланади. Жамоа сафида Нафисанинг икки синглиси - Ҳулкар билан Гулруҳбегим ҳам бор.

Ҳулкар бир қанча халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлса, Гулруҳбегим 2011 йилда Бразилияда ўтган 18 ёшгача бўлган шахматчилар орасидаги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллади.

“Қизларим Полгарларга ўхшасин"

Ҳозирда Тошкентда яшаётган уч опа-сингил Мўминоваларнинг шахмат бўйича мураббийлари уларнинг отаси Алишер Мўминовдир.

Алишер аканинг ўзи кураш билан шуғулланган. У шахмат оламининг ўтган асрдаги юлдузлари венгриялик уч опа-сингил Сюзен, София ва Юдит Полгарларга ҳавас қилиб, қизларига шахмат сирларини ўргатишни мақсад қилганини айтади.

- Менинг дадам ҳам шахмат ўйнаган. Мен Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Қумбосди қишлоғиданманда. Ўша ерда ҳамма шахмат ўйнайди. Чойхоналарда шахмат ўйнаймизда. Ўзим қизиққанман. Бир пайтлар Полгарлар бўлардию венгриялик учта опа-сингил, ўшаларга ҳавас қилганман. Кейинчалик қизларим туғилгандан кейин ният қилган эдимда. Асосийси бу ҳам эмас. Уларга ҳар томонлама тўғри тарбия беришни мақсад қилдим. Ёшлигидан чет тилларни ўргатдим, компютер, мусиқа билан шуғулланиш, қўшиқ айтиш, рақс тушиш ҳаммасини ўргатдимда. Шунда булар шахматга кўпроқ қизиқиб кетди. Учаласининг ҳам тренери ўзим. 2008 йилда дўконларим бор эди, уларни ҳам ташлаб, фақат қизларни тренировка қилдириб, мусобақама-мусобақа олиб юрибман,- дейди Алишер Мўминов қизларидан фахрланиб.


Алишер Мўминов билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:00 0:00
Бевосита линк


Нафиса отасининг ўз бизнесидан ҳам воз кечиб, шахматчи қизларини қўллаб-қувватлаётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдиради.

- Шахматга кириб келишим, шу натижага эришишимда энг катта сабабчи дадам бўлади. Агар дадам шунақа поддержка қилмаганларида, шу даражага етмаган бўлардим. Чунки дадам ўзларининг ишларидан ҳам кетдилар. Фақат мен билан, синглим билан шуғулландилар. Менимча, унча-мунча ота-она бунақа қилмаса керак деб ўйлайман. Чунки уйда ҳам кўпчилик қарши бўлган шахмат ўйнашимизга. Лекин дадам ҳар доим биз томонда бўлган, кўпчилик “Нима қиласан қизларга шахмат ўйнатиб. Эртадан кейин турмушга бериб юборасан” деб гапирарди. Лекин дадам уларнинг гапига нима қилмасдан бизни поддержка қилишда давом этди. Мана шу кунгача келишимга, дадамнинг ютуқлари деб ҳисоблайман, дейди Нафиса Мўминова.


Нафиса Мўминова билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:00 0:00
Бевосита линк

Ҳозирда Нафиса Мўминова Тошкентдаги Жисмоний тарбия институтида спорт психологияси бўйича таҳсил олаяпти. У келажакда спорт психологияси билан жиддий шуғулланишни режалаштирган.

Шу кунларда Нафиса Сингапурда мастер класс ўтаяпти. Нафиса билан суҳбатимиз ҳам у Сингапурдалиги пайтида skype орқали бўлиб ўтди.
XS
SM
MD
LG