Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:42

Шоҳимардонлик аёл: Бир амаллаб яшаяпмиз!


Сўх ва Шоҳимардонга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами ортилган машиналар.
Сўх ва Шоҳимардонга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами ортилган машиналар.

Уч ҳафтадан зиёд қамалда қолаётган Шоҳимардон аҳолисига шу кунларда гуманитар ёрдам тарқатила бошлади. Бироқ ташқи дунёдан узилиб қолган шоҳимардонликлар ижтимоий муаммолар гирдобида яшамоқда.


Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудидаги учта экславидан бири бўлган Шоҳимардонга бориш учун қўшни республиканинг 17 километрлик ҳудудини босиб ўтиш лозим. 90 квадрат километр майдонга эга Шоҳимардонда олти мингга яқин аҳоли яшайди.

Сўх эксклавида 5-6 январ кунлари маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан бери Сўх тумани ва Шоҳимардонни мамлакатнинг қолган қисми билан боғловчи йўллар тўсиқ қолмоқда.

25 кун давомида қамалда яшаётган шоҳимардонликларнинг бугунги кундаги аҳволини бир оила мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик.

Суҳбатлашганимиз шоҳимардонлик аёл исми ошкор қилинмаслигини илтимос қилгани учун, уни шартли равишда Гулсум момо деб атадик.

Ёши 50 дан ошган Гулсум момо турмуш ўртоғи ва бир невараси билан яшайди. Момонинг айтишича, Шоҳимардонга жўнатилган инсонпарварлик ёрдамидан бир қисми унинг оиласига ҳам теккан.

- Уч литр ёғ беришди. Ун 10 кило беришди уч кишига. 800 грамдан шакар ва ҳар бир хўжаликка бир донадан совун олдик, дейди Гулсум момо.

26 январ куни Ўзбекистон ҳукумати томонидан Сўхга 31 та, Шоҳимардонга эса 16 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами етказилган.

Шоҳимардон қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, аҳолига ёғ, ун, шакар ва кир совун тарқатилган.

Шунингдек, гуманитар ёрдам билан биргаликда бензин, пиёз ва сабзи ҳам келтирилиб, аҳолига арзон нархда сотилган.

Гулсум момонинг айтишича, Шоҳимардон аҳли ғамлаб қўйган озиқ-овқатининг таги кўриниб қолган пайтда гуманитар ёрдам уларга жуда асқотган.

Лекин суҳбатдошимиз, аҳоли рўзғорга зарур бўлган айрим нарсаларнинг етишмаслигидан қийналиб яшашда давом этмоқда, дейди.

- Ўзимиз картошка экамиз. Пиёз билан сабзидан қийналаётган эдик. Бу нарсаларни йўл очиқ пайти қоплаб олиб келгандик. Тугаб бўлди. Ёрдамга келган сабзидан 3-4 кило олдик. Гўштни энди одамлар қўй-молини сўйиб сотаяпти. Энди рўзғорга кетадиган майда-чуйда нарсалар дўконларда тугаб қолди. Чой, қанд, печенье, тухум ва шунга ўхшаган нарсалар машиналар ўта олмаётганига тугаб кетди. Йўлимиз очилса, яна бўлиб қолар деб ўтирибмиз. Ўзимни рўзғоримда совун тугаган эди. Кеча совун беришди, бугун кир ювдим. Шакар тугаганди, шакар беришди, шуни ишлатаяпмиз. Энди кўмиримиз оз қолди. Қиш яна қанча бўлишини билмаймиз. Шу ўтин, кўмирдан қийналамиз. Ҳозир икки қоп кўмиримиз қолди. Бу икки ҳафтага етса керак,- дейди Гулсум момо.

Суҳбатдошимиз озиқ-овқат етишмовчилигидан ҳам кўпроқ Фарғонада ўқиётган жиянлари тақдиридан ташвиш билдиради.

Гулсум момонинг икки жияни Фарғонада ўқийди. Момонинг айтишича, Шоҳимардон қамалда қолганидан буён жиянлари уйига кела олмаяпти.

- Жиянларим Фарғонага кетишгани бўйича кела олишмаяпти. Энди улар иқтисодий томондан нима бўлаяпти деб ташвишдамиз. Жиянлар ҳар шанба-якшанба куни келиб, озиқ-овқат, пул олиб кетишарди,- дейди Гулсум момо.

Шоҳимардон чегаралари ёпилганидан буён қишлоқда битта ҳам тўй ўтказилмади. Гулсум момонинг Қўқонга узатилиши ният қилинган жиянининг ҳам тўйи тўхтатиб қўйилган.

- Тўйга озиқ-овқатни шаҳардан қилиб келардик. Ҳозир тўй қилишга имконият йўқ. Ўзимнинг жиянимни чиқармоқчи эдик. Йўл очилишини кутиб турибмиз. Уни Қўқонга узатамиз. Шу йўл очилса, тўйни бошласак керак,- дейди Гулсум момо.

Шоҳимардон қамалда қолганидан буён қишлоқда уч киши оламдан ўтган. Қишлоқ аҳли уларнинг маракалари учун озиқ-овқат маҳсулотларига ёрдам беришган. Шунингдек, Шоҳимардон қишлоқ фуқаролар йиғини озиқ-овқат заҳирасидан маърака ўтказаётган оилаларга кўмак берган.

Қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотга кўра, ўтган йили ҳам чегаралар ёпилгани боис Шоҳимардон ўн кун қамалда қолган эди.

Сўх мажоросидан сўнг Сўх ва Шоҳимардондан ташқари айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак қишлоғи ҳам ўзбек чегарачилари томонидан тўсиб қўилган.

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги вазият борасида музокара қилган бўлса-да Тошкент раҳбарияти Сўх можароси ва эксклавдаги вазият хусусида ҳамон расмий муносбат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG