Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:05

Ўзбек иши TeliaSonera президенти истеъфосига олиб келди


TeliaSonera бошқарув кенгаши Mannheimer Swartling ҳисоботи тақдим қилиниши ортидан Ларс Нюебргга ишончсизлик билдирди.
TeliaSonera бошқарув кенгаши Mannheimer Swartling ҳисоботи тақдим қилиниши ортидан Ларс Нюебргга ишончсизлик билдирди.

TeliaSonera бош ижрочи директори Ларс Нюберг истеъфо берди. Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар миқдорида пора берганликда гумон қилинаётган TeliaSonera ўтказган ички текширув натижалари жума куни эълон қилинди. Унда айтилишича, катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera Ўзбекистонда пора берганини тасдиқловчи далиллар топилмаган бўлса-да, 2007 йилда ширкат вакиллари Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатишга урингани коррупция рўй бергани эҳтимоли борлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди.



Ларс Нюберг TeliaSonera буюртмасига кўра Mannheimer Swartling адвокатлик фирмаси ўтказган ички текширув натижалари очиқланиши ортидан истеъфога чиқди.

Собиқ президент эълон қилган баёнотда “Mannheimer Swartling TeliaSonera пора бериш ва пул ювишга аралашганига оид иддаоларни тасдиқловчи фактларни топмаганидан мамнунман”, дейилади.

“Лекин шу билан биргаликда Mannheimer Swartling хулосаларида TeliaSonera ширкати Ўзбекистонга сармоя киритишдан аввал маҳаллий ҳамкор кимлиги ва TeliaSonera ундан сотиб олган активларни қаердан олгани борасида синчковлик билан текширмаганликда танқид қилинган. Бу олди-берди қонуний бўлган бўлса-да, биз маҳаллий ҳамкор тўғрисида кўпроқ маълумотни қўлга киритмасдан, активларни сотиб олмаслигимиз керак эди. Мен бундан афсусдаман”, дея билдирди яна Ларс Нюберг.

Баёнотда айтилишича, TeliaSonera бошқарув кенгашига Mannheimer Swartling ҳисоботи тақдим қилиниши ортидан кенгаш аъзолари Ларс Нюбергга ишончсизлик билдиргани оқибатида, у кетишга қарор қилган.

Айни пайтда, TeliaSonera бошқарув кенгашига ҳисоботни тақдим қилган Mannheimer Swartling вакили Бёрн Риседан иқтибос келтирилган пресс-релизда, TeliaSonera асосий акциядор бўлган Fintur Holdings ширкати Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатишга урингани ва коррупция рўй берганига ишора қилувчи далиллар бўлмаса-да, буни тўла ишонч билан инкор этиб бўлмаслиги ҳам эътироф этилади.

“Коррупциялашган мамлакатда бизнес юритар экансиз, TeliaSonera дан кўра эҳтиёткорроқ ва синчковроқ бўлишингиз керак. Агар маҳаллий ҳамкор кимлигини билмасангиз, боз устига, ундан сотиб олаётганингиз активларни ҳамкорингиз қаердан олганини ҳам билмасангиз, бу ерда коррупция аралашмаганига тўла ишонч ҳосил қила олишингиз ҳам қийин бўлади”, дея таъкидлади Mannheimer Swartling текширувини бошқарган Бёрн Рисе.

Ҳисобот хулосаларига кўра, “TeliaSonera алоқа тўлқинлари ва рақамлар сериясини сотиб олишга келишиб олаган пайтда, маҳаллий ҳамкор, кейинчалик Takilant ва унинг шўъбаси Teleson Mobile бу активларни қаердан олганидан бехабар бўлган”.

TeliaSonerа 2007 йил июл ойида Ўзбекистондаги Coscom уяли алоқа оператори улушларининг 74 фоизини қарийб ярим миллиард АҚШ долларига сотиб олган. Кейинчалик Ucell дея номи ўзгартирилган ширкатнинг 26 фоизига эгалик қилган Takilant Ltd. ширкати яна 20 фоизлик улушни 2010 йилда 320 миллион АҚШ долларига сотган.

Швеция прокуратураси декабр ойида очиқлаган имейл ёзишмаларига кўра, Takilant Ucell ширкатининг қолган 6 фоиз улушини ўтган йилнинг апрелида 85 миллион АҚШ долларига сотишга уринган. Лекин ўша пайтда Швецияда Ucell мобил оператори Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига ўз мижозларига оид маълумотларни бергани билан боғлиқ жанжалнинг чиқиши ортидан бу амалга ошмай қолади.

Takilant фирмасининг хўжайини Гулнора Каримованинг хос ёрдамчиси Гаянэ Авакян Швеция прокуратураси томонидан TeliaSoneraдан пора олганликда гумон қилиниб, тергов қилинмоқда.

TeliaSonera ижрочилари ўртасидаги 2007 йилга доир имейл ёзишмаларига кўра, ўша пайтда Takilant номидан шведлар билан рақиб ширкат бош директори Беҳзод Аҳмедов музокара қилган. Ярим йилдан бери қаердалиги номаълум қолаётган Аҳмедовнинг ҳам Гулнора Каримовага яқин алоқаси бўлгани боис Takilant ортида Ўзбекистон президентининг қизи тургани айтилади.

Швеция прократураси бу иш бўйича олиб бораётган терговда Беҳзод Аҳмедов, Гаянэ Авакяндан ташқари, Гулнора Каримовага яқин алоқаси борлиги айтиладиган яна бир Ўзбекистон фуқароси Алишер Эргашев ҳам гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер TeliaSonera ички текшируви хулосалари юзасидан бундай муносабат билдирди.

- Тушунишимча, ички тергов етакчиси жиноят содир этилганини тасдиқлай олмаслигини айтган. Лекин бошқа томондан, у жиноят содир этилганини инкор эта олмаслигини ҳам айтмоқда. Мен бошиданоқ жиноят содир этилган, деган хулосани берганим йўқ. Жиноят содир этилганига ишора қилувчи жиддий гумонлар борлигини айтиб келганман, деди Гуннар Стетлер.

22 январ куни Стокҳолм минтақавий суди Гулнора Каримовага қарашли экани айтилаётган ва TeliaSoneraдан юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора олганликда гумон қилинаётган Takilant Ltd. фирмасининг 1,8 миллиард швед кронасига (275 миллион АҚШ доллари) тенг маблағини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Ўтган ойда Швеция Олий аппеляцион суди TeliaSonera мобил ширкати Ўзбекистонда пора бергани билан боғлиқ ишнинг Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинишига рухсат берди. Айни қарорга биноан Швеция прокуратураси хорижликларни ҳам бу иш доирасида тергов қилиши мумкин. Озодлик мухбирининг пора олганликда гумон қилинаётган Гаянэ Авакян, Беҳзод Аҳмедов ва Алишер Эргашев Швеция прокуратураси томонидан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинми, деган саволига Швеция прокуратураси “ҳа”, деб жавоб берди.

Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганига оид айбловлар илк бор ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.

Декабр ойида швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга берди.


Бундан ташқари Швейцарияда ҳам бу ишга бевосита алоқаси бўлган пул ювиш ва пора олиш жиноят бўйича тергов кетмоқда. Швейцариядаги жиноят ишида ҳам Беҳзод Аҳмедов, Гаянэ Авакян ва Алишер Эргашев фигурант сифатида ўтмоқда.
XS
SM
MD
LG