Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Ўзбекистонда ноқонуний бензинфурушлар кўпайди


 Расмийларга кўра, АЁҚШларга тарқатилган бензиннинг ярми "қўл"га ўтиб кетиш ҳолатлари бор.
Расмийларга кўра, АЁҚШларга тарқатилган бензиннинг ярми "қўл"га ўтиб кетиш ҳолатлари бор.

Ўтган йили Ўзбекистонда ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини сотиш қоидалари бузилган 370 та ҳолат қайд қилинган. Бу ҳақда 31 январ куни хабар қилган Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, 2012 йилда бензинфурушлардан 3 миллиард 251 миллион сўмлик бензин маҳсулотлари мусодара қилинган.

Бензинфурушларга қарши кураш

Ўтган йили Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги Мустақиллик кўчасида яшовчи фуқаро Т. Болиев ноқонуний равишда бензинфурушлик қилаётган пайти ушланган.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти орқали хабар қилинишича, Болиевнинг уйида 10 миллион 930 минг сўмлик 5086 литр бензин топилган.

Солиқ қўмитаси самарқандлик бензинфуруш Л. Маллаевнинг ҳам ҳеч қандай ҳужжатсиз нефт маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаётган пайти қўлга олингани ҳақида хабар қилган.

Хабарда айтилишича, Маллаевнинг уйидан топилган 139,6 минг сўмлик 87 литр бензин ва 80,3 минг сўмлик 50 литр дизел ёқилғиси мусодара қилинган.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, ўтган йилнинг куз-қиш мавсумида мамлакатда бензин тақчиллиги кузатилган пайтда нефт маҳсулотлари билан ноқонуний савдо қилувчиларга қарши рейдлар ўтказилган.

Солиқ ходимига кўра, мазкур рейдлар давомида ҳужжатсиз бензинфурушлик билан шуғулланаётган кишилар ушланган.

Давлат солиқ қўмитаси маълумотига қараганда, ўтган йили жами 370 та ҳолатда бензин сотиш қоидалари бузилгани аниқланиб, 288 нафар шахс жавобгарликка тортилган.

Расмий хабарга кўра, улардан 46 миллион 900 минг сўмлик жарима ундирилган ҳамда 28 нафарига қарши жиноий иш қўзғатилган.

“Ҳар бир қишлоқда “қўлда” бензин сотувчилар бор”

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшовчи Озодлик манбаларига кўра, деярли барча қишлоқларда ноқонуний бензинфурушларни топиш мумкин.

Хоразмлик такси ҳайдовчиси Нормат аканинг айтишича, АЁҚШларда бензин тақчиллиги боис аҳоли асосан, “қўлдан” ёнилғи олади харид қилади.

- Одамлар уйида заправка қилиб қўйибди бензин, солярка сотадиган қилиб. Заправкалардан оладида аҳолига сотади. Уйида, гаражида сотадида. Заправкаларда эрталаб соат 9-10гача бўлади. Бошқа пайтда бўлмайди. Қолганини қўлдан оламиз. Хоҳлаган туманнинг хоҳлаган қишлоғида бор бензин билан шуғулланадиганлар. Урганч шаҳрида Қувайт деган кўча бор. Ўзи номи бошқаю лекин Қувайт деб қўйилган одамлар томонидан. Шу кўчадаги одамларнинг 80-90 фоизи бензин сотади. Хоразмнинг хоҳлаган жойидаги қишлоққа борсак, аҳолида бензин бор сотиладиган. Ўшалардан оламиз, дейди хоразмлик такси ҳайдовчиси.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Марказий инспекторлик гуруҳининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, мамлакатда бензин савдоси билан ноқонуний шуғулланувчиларга қарши кураш доимий равишда олиб борилади.

“Ўзбекистонда чет элга бензинни ноқонуний сотаётганлар йўқ. Лекин мамлакат ичкарисида ҳужжатсиз бензин сотувчилар учраб туради. Бу энди давлатга қарашли ташкилотлар айби билан эмас. Давлат заправкаларга тарқатади. Заправкалар хусусий бўлиб, уларда берилган битта машина бензиннинг ярмисини заправкада сотиб, ярмини “қўлда” сотувчиларга ўтказиб юбориш ҳолатлари бўлади. Улар аҳолига устига пул қўйиб сотади. Бу каби ҳолат аниқланган тақдирда алббатта жавобгарликка тортилади” дейди Марказий испекторлик бўлими ходими.

Ўзбекнефтгаз миллий холдинг компаниясининг Нефт инспекцияси бўлими ходимига кўра, бензиннинг ноқонуний савдосига қарши асосан Солиқ инспекцияси ходимлари шуғулланади.

“Биз ноқонуний бензинфурушларни ушлаш, уларга қарши курашиш ваколатига эга эмасмиз. Бу солиқчиларнинг иши. Менимча қонунларимизни мукаммаллаштириш керак. Бензинфурушларга қарши комплекс кураш олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди” деди Нефт инспекциясининг ўзини таништирмаган ходими микрофонсиз суҳбатда.

Айни пайтда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида бензин тақчиллиги кузатилмоқда.

Тошкентдаги манбаларимиздан олинган сўнгги хабарларга кўра, янги йилдан сўнг пойтахтдаги АЁҚШларда бензин тақчиллиги муаммоси бироз камайган.
XS
SM
MD
LG