Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Ўзбек чегарачилари қозоғистонликни ярадор қилишди


2 феврал куни Ўзбекистон чегарачилари ўзбек-қозоқ-чегарасида 26 ёшли Қозоғистон фуқаросини отиб ярадор қилди. Воқеа ўзбек-қозоқ чегарасидаги Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч тумани Интимоқ қишлоғи ҳудудида содир бўлган.


Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Жанубий Қозоғистон Ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари Салтанат Қоракўзовага кўра, воқеа қозоғистонлик фуқаро ўзбек-қозоқ чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилган пайти содир бўлган.

- Сариоғоч туман Ички ишлар бўлими ходимлари ва чегара хизмати вакиллари воқеа жойига бориб вазиятни ўрганди. Уларнинг аниқлашича, 2 феврал куни эрталабки соат 6 да 1986 йилда туғилган маҳаллий фуқаро Қозоғистон ҳудудидан Ўзбекистон томонга Зах канали орқали нолегал равишда ўтишга ҳаракат қилган. Ўзбекистон чегарачилари уни пайқаб қолиб, унга ўқотар қуролдан отишган,- дейди Салтанат Қоракўзова.

26 ёшли йигитнинг исми-шарифи тергов сири сабабидан ошкор қилинмаяпти. У ўзбек чегарачилари отган ўқдан бел қисмидан яраланиб, Сариоғоч туман марказий касалхонасига ётқизилган.

Сариоғоч касалхонасининг исми сир қолишини истаган шифокорига кўра, ярадор йигитнинг аҳволи ўртача бўлиб, унинг чап буйраги ва ичаклари шикастланган.

Салтанат Қоракўзовага кўра, ҳозирда мазкур воқеа бўйича ҳарбий-тергов бошқармаси суриштирув ишларини олиб бораяпти.

- Ҳозирда воқеа бўйича барча маълумотлар йиғилиб, Чимкент ҳарбий-тергов бошқармасига топширилди. Мазкур воқеа бўйича суриштирув ишларини ҳарбий терговчилар олиб боради,- дейди Озодликка Жанубий Қозоғистон Ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари Салтанат Қоракўзова.

Ўзбек-қозоқ чегарасида бу каби ҳолатлар тез-тез кузатилади. Жумладан, ўтган йили қозоғистонлик ота-бола Исмоиловлар қозоқ чегарачилари ўқидан яраланиб, касалхонага тушган эди.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида фуқароларнинг визасиз борди-келдисига оид келишув бўлишига қарамасдан, фуқаролар чегара пунктларидан ўтишда турли қийинчиликларга дуч келади. Ўзбекистон чегарачилари одамларни соатлаб ушлаб туради. Бу муаммодан қочиб, одамлар чегарани айланма йўллар орқали кесиб ўтадиган ҳолатлари учраб туради.

Шунингдек, кузатувчиларга кўра, қозоқ унининг Ўзбекистонга, ўзбек мева-сабзавотларнинг Қозоғистонга контрабанда йўли билан ўтказиш ҳолатлари ҳам кузатилади.
XS
SM
MD
LG