Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:01

Ўзбекистонда қамалиш навбати банк раҳбарларига келди


"Ипотека-банк"нинг Тошкентдаги бош идораси.
"Ипотека-банк"нинг Тошкентдаги бош идораси.

Ўзбекистондаги “Ипотека-банк” банки раҳбарлари ҳибсга олинди. Банк раҳбарлари ғайриқонуний валюта операцияларини амалга оширганликда айбланмоқда. Айни пайтда норасмий манбалар Озодликка Ўзбекистон Халқ банки бир неча раҳбарининг хорижга қочиб кетгани ҳақида хабар қилди.


Ўзбекистондаги “Ипотека-банк” нинг бир неча раҳбари ҳибсга олинди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган “Ипотека-банк” мижозларидан бири, тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандийнинг айтишича, банк раҳбарлари валюта ғайриқонуний олди-сотдисига оид жиноятларда айбланмоқда:

- Мен ўзим шу банкнинг мижозиман. Бир-икки ҳафтача бўлди, банкнинг бир қанча раҳбарларини қамашибди, деб эшитдим. Улар валютани ноқонуний айлантиришган экан, дейди Миркомил Тошкандий.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки қабулхонасидаги раис ёрдамчиси Озодлик билан суҳбатда, банк раҳбарлари ҳибсга олинганини тасдиқлади, бироқ бу ҳақда бошқа маълумот бера олмаслигини айтди.



Подробно.уз ахборот агентлигининг ёзишича, жорий йил феврал ойида Тошкент шаҳар прокуратурасининг Валюта, солиқ жиноятларига қарши кураш Департаменти ва бошқа куч ишлатар органларининг биргаликдаги ҳаракати натижасида, “Ипотека-банк” ходимлари ва “қора бозор”даги “валютчиклар” деб номланувчи шахслар иштирокидаги катта жиноий гуруҳ фош этилган.

Айни манбага кўра, бу гуруҳ аъзоларидан “Ипотека-банк” раиси ўринбосари Музаффар Эрматов, шу банкнинг Тошкент шаҳар бўлими раиси Алишер Усмонов, Юнусобод тумани бўлими раҳбари Қодир Абдуллаев, Тошкент вилояти бўлими раиси Адҳам Тожихўжаев, Оҳангарон шаҳар бўлими раиси Улуғбек Ҳотамов ва Ангрен шаҳар бўлими раиси Улуғбек Ҳайдаровлар Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг 1-тергов изоляторига жойлаштирилган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимовнинг айтишича, “Ипотека-банк” раҳбарларининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар, мамлакатдаги барча банкраҳбар-ходимларини бесаранжом қилиб қўйган:

- Ҳозир деярли барча банкларда ҳамма ҳаммадан қўрқиб, ҳадиксираб юрибди. Чунки, энг тепадаги одамнинг “нега бундай бўлаяпти, нега ўзбек сўми қадри тушиб кетаяпти”, деган саволларига жавоб бериш учун шундай “қурбон”лар керак эди. Ҳозир бир ярим ойдан буён шундай жараён кетяпти.Бу жиноий иш қўзғатилганидан ташқари, ҳозир ишдан олинганлар жуда кўп. Ҳар бир давлат тижорат банкидан 10-15тадан бошқарувчи, шу соҳани назорат қиладиган раис ўринбосарлари ва шунга ўхшаш ўз ишига “совуққонлик” билан қараган мулозимлар гуруҳ-гуруҳ ишдан олиняпти.

Бу ишларнинг ҳаммаси юқорига ҳисобот бериш учун қилинаяпти. “Мана хўжайин, ҳаммасини тартибга солдик, мана бу каззобларни қамадик”, деб ҳисобот берилади, бир ойдан кейин. Лекин реаллик бундай бўлмайди, дейди иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

РИА-Новости ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Халқ банкининг бир қанча юқори лавозимли мулозимлари ўз бошлари устида қора булутлар тўпланганини сезиб¸ эҳтимолий тазйиқлардан қочиш учун хорижга чиқиб кетган.

Бироқ Озодлик билан суҳбатлашган Ўзбекистон Халқ банки мулозими бу иддаони рад этди.

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга нақд хорижий валюта айирбошлаш тақиқланди. Ўзбекистон резидентлари валюта алмаштиришни фақат банклар орқали нақд бўлмаган ҳолда амалга оширишлари керак бўлади.

Нақд валюта алмашмаслиги хабари Ўзбекистондаги “қора бозорлар”ни жунбушга келтирди .

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:20 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG