Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:02

Ўшда ҳазрат Навоий ёдга олинди


Ўшда ҳазрат Навоийнинг 572 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирдан лавҳа, 2013 йилнинг 9 феврали.
Ўшда ҳазрат Навоийнинг 572 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирдан лавҳа, 2013 йилнинг 9 феврали.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри марказидаги истироҳат боғи олдида 9 феврал куни Алишер Навоийнинг 572 йиллигига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.


Ўшликлар ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гул қўймоқда, 2013 йилнинг 9 феврали.
Ўшликлар ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гул қўймоқда, 2013 йилнинг 9 феврали.
Бир соат давом этган тадбирда Ўш шаҳар ҳокимияти номидан шаҳар вице-мэри Дастан Хаджаев, Ўш шаҳар кенгаши депутати, Ўш ўзбек миллий-маданий маркази раиси Рашид Хўжаев, Ўшдаги Бобур номли мусиқали драма театри жамоаси ҳамда Ўш Давлат университети Ўзбек филологияси кафедраси аъзолари ҳамда Ўшдаги ўзбек ва қирғиз мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

- Навоий туғилган кунини нишонлаш ҳар йиллик анъанамизга айланиб қолган. Бугун ҳам келиб, пойига гул қўйиб нишонлаяпмиз. Бу кишининг Шарқ маданияти, қолаверса, дунё маданиятига қўшган ҳиссаси жуда катта. Шу сабабли бу инсоннинг асарлари бугунги кунгача халқ оғзида. Бу эса унинг асарлари жуда кучли ва мазмунли эканини яна бир бор тасдиқлайди, - деди Ўш шаҳар вице-мэри Дастан Хаджаев.

Ўшдаги Бобур номли ўзбек мусиқали драма театри раҳбари Бахтиёр Тўхтаматовга кўра, Навоий туғилган куни 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг ҳам узлуксиз нишонланиб келинаётган ягона тадбирдир. Тўхтаматовнинг айтишича, шу йилнинг 13 феврал куни ўзбек театрида ҳазрат Навоий ва Бобурнинг туғилган кунлари кенг нишонланади.

- Ҳар йили 12-13 феврал кунлари ўтказиларди бу тадбир. Лекин биз бугун келиб, шоирнинг руҳини шод этиб, кейин бу кунга аталган кечани ўтказишни ният қилдик. Феврал ойи Бобур билан Навоийники, феврал ойи шеъриятники, феврал ойи халқлар дўстлигиники бўлади, - деди Бахтиёр Тўхтаматов.

Ўшдаги Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳайкали, 2013 йилнинг 9 феврали.
Ўшдаги Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳайкали, 2013 йилнинг 9 феврали.
2010 йилги Ўш воқеаларидан шаҳардаги Навоий ҳайкали ҳам бенасиб қолмаган –ҳайкалнинг қўли синдирилган ва бўйнига сиртмоқ ташланган. Ўшдаги Бобур номли ўзбек академик театри эса миллатчилар томонидан ёқиб юборилганди. Ўтган вақт мобайнида бу жойлар тиклана бошлади. 2011 йили эса оддий ўшликлар Навоий ҳайкалини қайта таъмирлашган.

Ўш ўзбек миллий-маданий маркази раиси Рашид Хўжаев фикрича, бугунгига ўхшаш маданий тадбирлар Қирғизистон жанубида яшаётган ўзбеклар ва қирғизларни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши керак, айни пайтда икки миллат вакиллари вақти-вақти билан турли жойларда содир бўлиб турган маиший жанжалларга босиқлик билан муносабатда бўлиши лозим.

- “Ўшда ўзбек ва қирғиз миллати ўртасидаги турли можаролар умуман йўқ бўлди” десам, хато қилган бўламан. Чунки анча-мунча маиший урушлар бўлиб туради. Биз ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам кўчадаги майда урушлар, икки ўртоқ уриши ёки икки спортчи уришини сиёсатга айлантирмаслигимиз керак. Бу кўриниш аввал ҳам бўлиб келган, бундан кейин ҳам бўлиши мумкин. Бу нарсага сиёсий тус берилса, бундай кўринишлар ҳеч қачон тўхтамайди, - деди Рашид Хўжаев.
XS
SM
MD
LG