Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:59

Андижонга 12 миллион дона тут кўчати келтирилади


Андижон вилоятида барпо этиладиган янги тут плантацияларида етиштириладиган барг ёрдамида йилига икки марта ипак қурти боқиш имкони борлиги айтилмоқда. Бироқ, ўзбекистонлик пиллачилар, давлат пилла нархи кўтармас экан бу соҳада ижобий ўзгариш бўлишига ишонмайди.


Хитойча тут икки марта барг беради

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бу йил Хитойдан 12 миллион дона тут кўчати сотиб олинади.

Асосан Андижон вилоятига олиб келинадиган тут кўчатларини парваришлаш ва ипак қурти боқиш янги тартибда жорий қилинади, дейди Озодликка Андижон Қишлоқ хўжалиги институтининг кафедра мудири, пиллачилик бўйиса мутахассис Жалолиддин Тўйчиев:

- Ана шу 12 миллион дона кўчат 90х90 қилиб ўтқазилади. Бу плантациялар пахта қабул қилиш пунктлари қошида барпо қилинаётган қуртхоналарга яқин жойларда ташкил қилинади. Бундан асосий мақсад, пиллачиликни ривожлантириш ва шу билан бирга пахта қабул қилиш пунктларида ишлаётган мавсумий ишчиларни иш билан таъминлашдир,- дейди Жалолиддин Тўйчиев.

Мутахассисга кўра, Хитойдан келтириладиган тут нави маҳаллий тутлардан фарқ қилади:

- Буни фарқи шундаки, бизнинг тутлардан фақат бир марта барг олиш мумкин. Хитой тутларидан эса биринчи бор баҳорда барг сидириб олинади, иккинчи бор ёзда новдаси билан кесиб олинади,- дейди Жалолиддин Набиев.

Ўзбекистонда пиллачиликка ҳукумат эътибор қаратаётганини олқишлаш керак, дер экан мутахассис, давлат энди пилланинг харид нархини қайтадан кўриб чиқса ёмон бўлмасди, деган фикрни билдирди:

- Менимча, харид нархлари ҳам сал яхшиланиб қолса халқимиз хурсанд бўларди. Халқимиз пилла қурти боқишни яхши билади ва меҳнатдан қочмайди. Ҳозир бир килограмм пилланинг харид нархи 3850 сўм бўлса, шу 5-6минг сўм бўлиб қолса, одамларда пилла қурти боқишга қизиқиш кўпаярди,- дейди Андижон Қишлоқ хўжалиги институти кафедра мудири Жалолиддин Тўйчиев.

Нега фермер ипак қурти боқишни ёмон кўради?

Ўзбекистонда пилла харид нархининг пастлиги пиллачилар машаққатли меҳнатидан тегишли даромад ололмаётганидан шикоят қилиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ипак қурти боқиш фермерларга мажбурий равишда юклатилади. Фермерлар эса, ишчилар ҳақини буғдой ёки сомон билан беради.

Исми сир қолишини сўраган жиззахлик фермер Озодлик билан суҳбатда фермер учун пилла қурти боқишнинг турган-битгани зарар, дейди.

- Бизнинг ишимиз фақат пахта ва ғалла бўлиши керак. Айни пахта чопиғи ва яганаси даврида пиллани мажбурлаб юклаб қўйишади. Мажбурий равишда олдингизга шартномани ташлайди. Оппоқ вараққа печатни босамиз. Бу пилла қурти боқамиз деган шартнома бўлади. Боқмай кўрингчи, олдингизда минг битта сунъий тўсиқлар пайдо бўлади,- дейди фермер.

Унинг айтишича, фермернинг қўшимча иш оғирлигини ишчиларнинг бўйнига ташлашдан бошқа чораси қолмайди:

- Ишчиларимизга қурт боққани учун буғдой берамиз. Масалан, икки қути боқиб берадиган бўлса икки тонна буғдой берамиз. Масалан менда шийпон бор, ўша ерда боқтираман. Пилласиз фермерга кун йўқ. Масалан 50 гектар ерингиз бўлса, гектарига 4 килограммдан пилла бериш керак. Умумий 200 килограмм пилла топшириш керак. Бу истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам сизга юклатилган мажбурият,- дейди фермер.

Пилла қачон даромадли соҳага айланади?

Жиззахлик фермернинг фикрича, пиллачиликни зўравонлик йўли билан ривожлантириб бўлмайди. Энг аввало пилланинг харид нархини кўтариш ва унинг пулини пиллани топширган заҳоти оладиган қилиш керак, дейди фермер:

- Бизда энг ёмони ўша арзимаган пулни ҳам бермайди. Счётда пул йўқ деб, ҳеч нарсага ярамайдиган адрасми ёки еб бўлмайдиган икки қоп унми ташлаб кетади. Агар пиллани ҳозирги нархи 3800сўмни ҳам нақд берадиган бўлса эди, одамларнинг ўзлари талашиб-тортишиб ипак қурти боқарди. Ваҳоланки ўша пулни ярмини ҳам ололмайди,- дейди фермер.

Бухоро вилоятининг Жондор туманида фермерлик қиладиган Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, ипак қурти боқишда касаначилик усулини қўллаш керак:

- Пилла қурти боқиш аслида ихтиёрий тарзда бўлиши керак. Буни маҳалла фуқаролар йиғинлари одамларга кўнгилли равишда жалб қилиши керак. Бироқ айни пайтда бу иш туман ҳокимликлари зиммасига юкланган. Ҳокимликлар эса фермерларга бўлиб беради. Фермер бундан фойда кўрмайди, аксинча зарар кўради. Масалан, фермерлар қурт боқувчиларга ер бераман деб ваъда қилади, буғдойидан капсан бераман дейди ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари воситасида кам таъминланган оилаларга бола нафақасини кесиш билан таҳдид қилинади. Одамлар бундан жуда оз фойда кўрсада ипак қурти боқишга мажбур бўлади,- дейди Бобомурод Раззоқов.

Пилланинг ҳузурини ким кўради?

"Ўзбекенгилсаноат" давлат ҳиссадорлик компанияси берган маълумотга кўра ўтган йилда 25 минг тонна пилла етиштирилади.

Ўзбекистонда пилла хом ашёсини қайта ишлаб, уни толага айлантирадиган 26та корхона фаолият юритади. “Ўзбекенгилсаноат” давлат ҳиссадорлик компаниясидан Озодлик олган маълумотга кўра, бу корхоналар пилла тайёрлаш ширкатлари билан ҳар йили шартнома тузади. Ўз исмини очиқламаган компания мулозимига кўра, Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлкат ичкарисидаги ипакчилик корхонлари эҳтиёжи учун ишлатилади:

- Корхоналар тўғридан-тўғри экспорт қилишади. Ҳаммаси экспорт нархини ўзи белгилайди. Ўртача 3,2 килограмм пилла хом ашёсидан бир кило тола олинади. Менимча, ҳозир бир килограмм тола 30 АҚШ доллари атрофида сотиляпти, деди “Ўзбекенгилсаноат” мулозими.

Агар бир килограмм ипак толаси 30 АҚШ долларидан сотилаётган бўлса, ипак пилласининг бир килоси қарийб 10 АҚШ долларига тўғри келади. Ўзбекистонлик пиллакорлардан сотиб олинаётган бир килограмм пилла хом ашёси нархи эса расмий курс бўйича 2 долларга ҳам етмайди.

Жаҳон бозорида 2010 йилда бир килограмм пилла хом ашёси 13,5 доллардан сотилган.
XS
SM
MD
LG