Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:29

Ўзбек қамоқхонаси ҳақидаги китоб нашрдан чиқди


“Zona-Uz” асарида ўзбек қамоқхоналарининг кўпчилик учун номаълум тарафлари ëритилган, дейди китоб муаллифи.
“Zona-Uz” асарида ўзбек қамоқхоналарининг кўпчилик учун номаълум тарафлари ëритилган, дейди китоб муаллифи.

Ўзбек қамоқхонасининг собиқ маҳбуси Евгений Дяконовнинг “Zona-Uz” китоби Литвадаги “Алма Матер” нашриëти тарафидан чоп қилинди.



Муаллиф ва бошқа маҳкумлар чизган расмлар билан безалган бу китоб ҳозир Норвегияда сиëсий қочқин мақомида яшаëтган 45 яшар инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Дьяконовнинг Ўзбекистон қамоқхонасида ўтказган 383 куни ҳақида ҳикоя қилади.

Китоб муаллифи Евгений Дьяконовнинг Озодликка айтишича¸ “Zona-Uz” асарида ўзбек қамоқхоналарининг кўпчилик учун номаълум тарафлари ëритилган:

- Нашриëт вакиллари билан муҳокама жараëнида¸ ўзбек турмасининг шу пайтгача кўпчилик учун номаълум қолаëтган тарафларига кўпроқ эътибор бериш керак деган ҳулосага келдик. Аҳлоқ-одоб нуқтаи назаридан айтилмай келаëтган мавзулардан бири¸ ўзбек турмаларидаги гомосексуализм кўлами. Яна бир мавзу эса маҳбуслардан ўлпон йиғилиши. Собиқ ўзбек маҳбуси сифатида мен муҳим деб билмаганим бу икки жиҳат нашриëт ходимлари тавсияси билан китобда ëритилди¸- дейди Евгений Дяконов Озодлик билан суҳбатда.

Бу китоб Серж Иваков номли уйдирма қахрамон тилидан ëзилди¸ аммо барча тафсилотлар ўз бошимдан кечирган ва ўзим кўрган реалликка асосланди¸ дея қўшимча қилади муаллиф.

Суҳбатдош китобнинг илк сатрларини 1997 йили қамоқхонага тушган кунида ëзганлигини айтади:

- Мен агар қамоқхонада қийноқлардан ўлиб кетсам¸ ëзган ëзувларим қолсин дея кўрган кечирганларимини қоғозга тушира бошладим. Аммо бу битикларнинг бир кун келиб китоб ҳолида чиқишини ўйламаган ҳам эдим¸- дейди ëзувчи.

Рок-клуб эгаси. Маҳбус. Инсон ҳуқуқлари фаоли

Ўзбек қамоқхоналари ҳақида китоб ëзган Евгений Дяконовнинг 45 йиллик умри ҳозирча шу уч мисрада акс этди.

Евгений Дьяконов 1997 йили қамоққа олинди. Унга Ўзбекистон Коституциясига тажовуз қилиш айби (159-модда) қўйилиб 22 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Дьяконовнинг Озодликка айтишича, уни қамашдан асл мақсад унга тегишли бўлган “Тошкент" Рок-клубини тортиб олиш бўлган:

- Аввалига “Камолот”ташкилотиданман деб келган ҳукумат вакиллари мендан “Тошкент" Рок-клубидан ўз ихтиëрим билан воз кечишни сўрашди. Мен рози бўлмаганимдан кейин муаммолар бошланди. Аввалига чўнтагимдан ўқ ва наша топишди. Кейин сиëсий айбларга “иқрор” қилишди,- дейди ўзбек қамоқхоналарининг собиқ маҳкуми Евгений Дьяконов.

Турма тижорати

Суҳбатдошимизга кўра, қамоқда у “Амнистия” савдогарлари билан учраштирилган:

- Улар менга катта пул эвазига қамоқдан чиқиш имкониятини таклиф қилишди. Мен рози бўлдим. Пулнинг бир қисми улар чўнтагига келиб тушганидан кейин мени руҳий касал сифатида Чуқурсойдаги шифохонга ўтказишди. Кейин “даволанганим” боис озод бўлдим,- дейди ўзбек қамоқхоналари ҳақидаги китоб муаллифи.

Озодлик учун 22 минг доллар

Дьяконовнинг айтишича, қамоқхонага атайлаб ташриф буюрган прократура вакили ҳукмда кўрсатилган 22 йил эвазига 22 минг доллар тўласа озод қилинишини билдирган:

- Мен ўз қўлим билан прокурорга 10 минг доллар бердим. Судя аввалига 12 минг доллар олди. Кейин судя яна 3 минг долларни тиланиб олди. Яна уч мингни ментларга беришга тўғри келди. Бундан ташқари "Тоштурма" бошлиғига пора берилди. Укам оиламиз бисотидаги ҳамма нарсани сотиб, суд ва прокурорларга олиб бориб берди. 30 минг долларга яқин пул харж бўлди. Қамоққа олингунимча мен бадавлат одам эдим. Рок-клубдан ташқари кафе ва ресторанлар эгаси эдим. Қамоқдан чиққанимда эса деярли гадо ҳолида эдим¸- дейди собиқ маҳкум.

Қамоқдан чиққанидан кейин Дьяконов Ўзбекистон турмаларидаги аҳвол ҳақида кўпчилик билсин дея мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳамкорлик қилди.

Бу ҳамкорлик боис унга яна ўзбек қамоқхонасига “йўлланма” берилди. 2003 йилда Дьяконовга нисбатан яна бир жиноий иш очилди.

Қамалиш хавфидан қўрққан собиқ маҳбус мамлакатдан қочиб, Норвегиядан сиëсий бошпана олди.

"Ўзбекистон қамоқхоналарининг собиқ маҳбуслари қамоқхона даҳшатларини тезроқ унутишга уринишмоқда. Мен эса бу даҳшатлар унутилмаслиги учун ҳаракат қиляпман", дейди собиқ маҳбус.

- Ўзбекистон қамоқхоналарида кўпчилик айтаëтганидек инсон ҳуқуқлари бузилиши эмас¸ балки режали жиноят кетмоқда. Бу жиноят ҳақида барча билиши керак. Ëзувчилар ëзган асарлар боис дунë немис концлагерлари ва Сталин лагерларидаги даҳшатдан огоҳ бўлиб, бир сесканган эди. Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳвол ҳақидаги эмоционал ҳақиқатни етказиш бизнинг бурчимиз,- дейди ëзувчи.

Ўзбек қамоқхоналари ҳақидаги китоблар

Кейинги 20 йил мобайнида ўзбек қамоқхоналари чиғириғидан юз минглаб маҳбус ўтган бўлса ҳам, бу ҳақда фақат 2та китоб ëзилган холос.

Булардан бири 1997 йили собиқ маҳбус Сафар Бекжон тарафидан нашр қилинган “Нариги дунë дарчаси ëнида” номли асардир.

Сафар Бекжоннинг "Нариги дунё дарчаси олдида" номли китоби ҳам ўзбек қамоқхонаси ҳақида.
Сафар Бекжоннинг "Нариги дунё дарчаси олдида" номли китоби ҳам ўзбек қамоқхонаси ҳақида.
Китоб муаллифи Сафар Бекжонга кўра¸ қамоқхона ҳақида ëзиш курортга боргандаги сафар таасуротларини ëзишдан кўра анча машаққатлироқ юмушдир:

- Қамоқхонада мен кўрган тафсилотлар шу қадар даҳшатли бўлгани боис¸ мен уларни бир юмшатиб¸ биз оз даҳшатини камайтириб ëздим. Аммо шу ëзганларимнининг ўзи ҳам ўзбек қамоқхонасидаги таҳқирли тизим борасида ўқувчилар шуурида маълумот ҳосил қилди деб ўйлайман¸- дейди суҳбатдош.

Сафар Бекжонга кўра, қамоқхона маҳкумлари ëзган китоблар, золим режимлар устидан эҳтимолий эртада ўтказиладиган маҳкама учун исбот ва далиллар тўплами бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:58 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG