Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:39

Ўзбекистонлик қочқиннинг суди тўртинчи марта қолдирилди


Ўзбекистонлик собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновни Тошкентга қайтариш масаласида шу ҳафта бошида ўтиши лозим бўлган суд жараёни яна номаълум муддатга ортга сурилди. Шу билан мазкур жараён тўртинчи марта қолдирилмоқда.




Ҳабибулло Сулаймоновнинг адвокати Токтогул Абдиевнинг айтишича, Қирғизистон Бош прокуратураси ноқонуний равишда Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини 16 мартгача узайтирган.

- Қирғизистон Жиноят процессуал кодексининг 435-моддаси Бош прокуратурага экстрадиция қилиниши керак бўлган шахс экстрадиция қилинмаган бўлса уни ҳибсдан озод қилишга кўрсатма беради. Сулаймонов иши судда кўрилаётгани учун у бир ойнинг ичида экстрадиция қилинмади, демак у ҳибсдан бўшатилиши лозим эди. Аммо Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди 16 феврал куни Бош прокуратуранинг Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини 16 мартгача узайтириш тўғрисидаги ноқонуний илтимосини қаноатлантирди,- деди Токтогул Абдиев.

Адвокатнинг айтишича, у Сулаймоновни ҳибсда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги суд қарорига норозилик билдириб, юқори суд инстанциясига шикоят аризаси киритган. Токтогул Абдиев, шунингдек, судянинг хизмат сафарига кетгани сабали Ҳабибулло Сулаймоновнинг суди яна номаълум муддатга қолдирилганини айтди.

Ҳабибулло Сулаймонов 2012 йилнинг 19 ноябрида бошпана изловчи шахс мақомини бериш илтимоси билан ариза киритган эди. Бу ариза 8 феврал куни БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги томонидан рўйхатга олинган.

Қирғизистон Бош прокуратураси Ҳабибулло Сулаймонов иши юзасидан қўшимча тафсилотлар берилмаслигини билдирди. Бош прокуратура расмийси Алманбет Абдраманов Сулаймоновнинг адвокати билдирган маълумотлар юзасидан ҳам шарҳ бера олмаслигини айтди:

Тошкентдаги масжидлардан бирининг имоми бўлган Ҳабибулло Сулаймонов таъқиблардан қочиб, 2001 йили Бишкекка келгани ва бу ерда савдо-сотиқ билан шуғуллангани айтилади. Сулаймонов ўтган йил октябр ойида Ўзбекистоннинг сўровига кўра Бишкекда қўлга олинган.

Декабр ойида Қирғизистон Бош прокурори Ўзбекистонда диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларда айбланаётган собиқ имомни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Сулаймонов Бош прокурорнинг қарори юзасидан апелляция судига мурожаат қилиб, Қирғизистондан сиёсий бошпана берилишини сўраган.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун, бир қатор бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари, Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази Бишкек расмийларини собиқ имом Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилмасликка чақирган.
XS
SM
MD
LG