Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:22

Ўзбекистон-Германия товар айланмаси 30 фоизга озайди


Тошкентдаги "Бунëдкор" стадионини қурган немис қурувчиларига ҳануз ҳақ тўланмаган.
Тошкентдаги "Бунëдкор" стадионини қурган немис қурувчиларига ҳануз ҳақ тўланмаган.
Германия Федерал статистика идораси берган маълумотга кўра¸ 2010 йилда икки давлат ўртасида 759 миллион еврони ташкил қилган товар айланмаси бугунга келиб 518 миллион еврога тушган.

Қўшни Қозоғистоннинг Германия билан савдо айланмаси 2011 йили 6 миллиард еврони ташкил этгани ҳисобга олинса, немис тадбиркорларининг Ўзбекистонга қизиқиши анча камайган, деган хулоса чиқади.

Тошкентдаги Форумлар саройи қурилишида қатнашган немис ширкатларига ҳақ тўланмагани германиялик тадбиркорларни Ўзбекистондан ҳуркитган омиллардан бири сифатида кўрилади.

Форумлар саройи қурилишида қатнашган 20га яқин немис ширкати катта ҳажмдаги ишни бажарганига қарамай 60 миллион доллардан кўпроқ ҳақини шу пайгача ололмаган.

Ҳаққини ололмаëтган немис ширкатлари масаласи охирги марта ўтган йилнинг ноябр ойида Тошкентда муҳокама қилинган эди.

Германия Федерал Иқтисод вазирлиги мулозими Браунернинг Ўзбекистон Ташқи Иқтисодий алоқалар вазирлигида ўтказган учрашувларида бу масала кўтарилган ва ечимсиз қолган эди.

Бундан олдин 2011 йил май ойида Германия Ташқи ишлар вазирлигида¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов иштирокида ҳам бу масала муҳокама қилиниб, муросага келинмаган эди.

Тошкентдаги меҳмонхона бизнесига сармоя ëтқизиш учун тадқиқот олиб борган немис тадбиркори Торстин Модров Форумлар саройи қурилишида қатнашиб, ҳаққини ололмаган немис ширкатлари умумий манзаранинг бир қисми¸ деб ҳисоблайди.

Модровга кўра, Ўзбекистон иқтисодига сармоя ëтқизиш ўта таҳликали машғулот.

“Немис тўлқини” радиоси Германия Иқтисод вазирлиги мулозими Мартин Ҳофман билан суҳбат асносида Ўзбекистон тарафининг барча немис ширкатларидан ярим миллиард евро қарз эканини очиқлади.

Мартин Ҳофманга кўра, бу қарзларнинг аксарияти Ўзбекистонда конвертациянинг йўқлиги боис юзага чиққан.

Германия Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дерюш Эфтихор Озодлик билан суҳбатда конвертация билан боғлиқ муаммонинг кўламига тўхталди.

- Немис импортерлари Ўзбекистондаги даромадини конвертация қила олмаяпти. Улар хизмат ва товарлари эвазига маҳаллий валюта — сўмда ҳақ олишади. Сўмни конвертация қилиш ўта мушкул. Бу муаммога, асосан кичик ва ўрта бизнес вакиллари дуч келмоқда¸ дейди Дерюш Эфтихор Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда суҳбатдош немис тадбиркорлари Ўзбекистондан буткул юз бурди, деган фикр ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

- Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларида Европа мамлакатлари ичида Германия барибир асосий ўрин тутмоқда. Лекин товар айланмаси ҳажми оз, деган гап тўғри. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажмида Германия ҳиссаси бор йўғи икки ярим фоиз¸ дейди суҳбатдош.

Германия Иқтисод вазирлиги мулозими Мартин Ҳофман ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг Германия билан савдо айланмаси бу йил охиригача яна 20 фоизга тушиши мумкин.
XS
SM
MD
LG