Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:24

“Ўзнефтмаҳсулот” бензин тақчиллигида “нопок кимсалар”ни айблади


Артур Таймазов Халқаро Олимпия қўмитаси таклифини кескин танқид қилди. Самарқандда чақалоқфурушлар беш йилга кесилди. Депутатлар Сармишсой ноёб ёдгорлигининг аҳволидан хавотир билдирди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.


“Бензин тақчиллигида нопок кимсалар айбдор”

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик ширкати мамлакатда бензин тақчиллиги юзага келиши сабабларини изоҳлади (“Даракчи”, 21 феврал). Ширкатга кўра, республикада автомобиллар сони кўпайиб бормоқда, аммо шунга яраша миқдорда бензин ишлаб чиқарилмоқда. Ёнилғи тақчиллиги эса айрим нопок кимсаларнинг бойлик орттириш ниятида сунъий дефицитни келтириб чиқаришга уринаётгани оқибатидир. “Мавсум”, “лимит” тушунчалари ҳам шундайлар томонидан тарқатиладиган уйдирма сўзлар деб биламиз”, дейилади “Ўзнефтмаҳсулот” расмий хатида.

Газетага кўра, бензин тақчиллиги ҳозир ҳам ҳудудларда актуал муаммо бўлиб қолмоқда. Айрим вилоятларда бензин куннинг биринчи ярмидагина сотилади ва бу пайтда ёнилғи олишга улгурмаганлар 1 литр бензинни “қўл”дан 2500-3000 сўмга харид қилмоқда. Қорақалпоғистонда эса АЁҚШлар кўпи билан 20 литр бензинни, шунда ҳам ҳафтада 1-2 марта сотиши мумкин. Ёнилғининг “қўл”даги нархи эса 5000 сўмгача кўтарилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йил 1 январдан бензин нархи 40 сўмга ошди. Айни пайтда АЁҚШларда АИ-80 бензинининг бир литри 1645 сўм, АИ-91 – 1810 сўм, АИ-95 эса 1995 сўмдан сотилмоқда. Қора бозорда эса бензин баҳоси бир неча баравар баланд экани кузатилмоқда.

“Ўзбекистондаги ноёб тошсуратлар хавф остида қолмоқда”

Ўзбекистоннинг Зарафшон воҳасида жойлашган Сармишсой ёдгорлигини муҳофаза қилиш талаб даражасида эмас (“Экоҳаёт”, 20 феврал). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ф. Қувватов ва Ф. Холбоевга кўра, Сармишсойда сақланаётган ноёб тош суратларга зиён етказиш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Атроф-муҳитни маиший чиқиндилар билан ифлослаш, ўсимлик ва ҳайвонот оламига шафқатсиз муносабат ҳам давом этмоқда. Шунингдек, маҳаллий аҳоли томонидан бу ерда чорва молларининг боқилиши тошларнинг нурашига сабаб бўлмоқда. Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ноёб ёдгорликни сақлаб қолиш учун унга муҳофаза этиладиган ҳудуд мақомини бериш, қурилиш мақсадида тошларни ташиб кетишга барҳам бериш, умуман, Сармишсой муҳофазаси бўйича назоратни кучайтириш лозим.

Археологик тадқиқотларнинг гувоҳлик беришича, Сармишсой дарасида неолит даврига оид 10 мингга яқин ноёб тош чизгилар – петроглифларнинг бетакрор намуналари учрайди. Бу ерда, шунингдек, тош даври маконлари, устахоналар, шахталар, қадимги мозорлар, суғориш иншоотлари ва кўҳна қишлоқ ўринлари сақланиб қолган.

“Бир ҳафтада 80 минг ҳайдовчи жаримага тортилди”

Ички ишлар вазирлиги ўтган ҳафта давомида аниқланган йўл-транспорт қоидабузарликлари бўйича рақамларни эълон қилди (“XXI аср”, 21 феврал).

Бу маълумотларга кўра, ҳафта давомида республика бўйича йўл нозирлари томонидан 80421 та қоидабузарлик аниқланган. 1223 ҳайдовчи автомобилни маст ҳолда бошқаргани учун, 16847 нафари тезликни оширгани учун, 3984 нафари светофор ва чорраҳадан ўтиш қоидасини бузгани учун, 1116 нафари уяли телефондан фойдалангани учун, 14539 нафари хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатлангани учун, 510 нафари транспорт ойнасини меъёрдан ошиқ қорайтиргани учун жазога тортилган.

Ўлим ҳолатига олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари ҳам қайд этилган. Масалан, 16 феврал куни Сурхондарё вилояти Ангор туманида яшовчи Х. Нормаматов бошқа фуқарога тегишли “Нексия” автомобилини ишонч қоғозисиз бошқариб кетаётганда Т. Раҳматовни уриб юборган. Натижада пиёда касалхонада вафот этган.

“Самарқандда чақалоқ сотган шифокорлар 5 йилга кесилди”

Самарқанд вилоятидаги туманларидан бири туғруқ бўлими мудираси М. Саидова ва педиатрия бўлими мудираси Л. Ҳидоятова чақалоқфурушликда айбланиб, судга тортилди (“Адолат кўзгуси”, 21 феврал).

Газетада эълон қилинган тафсилотларга кўра, шифокорлар ота-онаси воз кечган чақалоқларни 1300-1500 АҚШ долларига пуллаган. Фарзанд сотиб олмоқчи бўлган ота-оналардан бири пировардида ниятидан қайтиб, ички ишлар идорасига мурожаат қилган ва шу тариқа шифокорлар қўлга олинган. Туғруқ ва педиатрия бўлими мудиралари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича айбланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, улар 2 йилгача тиббиёт муассасаларида раҳбарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

“Филмдан таъсирланган йигитлар ўғриликка қўл урди”

Наманган шаҳрида 1997 йилда туғилган Аҳаджон Ваҳобов ўғрилик жинояти учун қўлга олинди (“Диёнат”, 21 феврал). Вояга етмаган ўсмир кўп қаватли уйларга ўрнатилган панжараларни қайириб, “дом”ларга ошиб тушган ва катта миқдордаги бойликларни ўғирлаган. Наманган қурилиш ваа дизайн касб-ҳунар коллежи талабаси Ю. Зингиров ҳам кўп қаватли уйда содир этган ўғрилиги учун қўлга олинган. Наманган шаҳар прокуратураси вакили Ғайратжон Бобожоновга кўра, тергов-суриштирув пайти ҳар икки ўсмир кўп қаватли уйни ўмариш тажрибасини жангари филмлардан ўрганганини маълум қилган.

“Таймазов Олимпия қўмитаси таклифини кескин танқид қилди”

Таниқли курашчи, икки карра Олимпия чемпиони Артур Таймазов Халқаро Олимпия қўмитасининг кураш спорт турини Олимпиада ўйинларидан чиқариш борасидаги таклифини кескин танқид қилди (“Новый век”, 21 феврал).

Кураш Олимпиада ўйинларига асос солинган пайтлардаёқ мавжуд бўлганини таъкидлаган курашчи мазкур спорт турининг Олимпиада баҳсларидан чиқарилиши жуда катта хато бўлишини айтган. “Спорт заллари улкан ғалабаларга эришишни кўнглига туккан болалар билан тўлиб тошган. Бу спорт тури Олимпиададан чиқариб юборилди деган хабарни эшитганда бу болалар қандай аҳволга тушишини тасаввур қилаяпсизми?! Бу уларнинг орзуларини яксон қилиш билан баробар” деган уч карра Олимпиада чемпиони Артур Таймазов.

Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия идораси курашни 2020 йилги Олимпиада ўйинлари дастуридан чиқаришни таклиф қилган. Бу борадаги якуний қарор жорий йилнинг 7-10 сентябрида Аргентинада ўтадиган йиғилишда қабул қилинади.

“Почта орқали юборилган смартфонлар божхонада ушлаб қолинди”

Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларга АҚШдан почта орқали юборилган 27 дона смартфон “Бошпочтамт” ташқи иқтисодий божхона постида тўхтатиб қолинди. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати “Адолат” газетасига маълум қилишича, қиймати 30 миллион сўмлик смартфонлар божхона баённомасида қайд этилмаган. Шунингдек, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи А. Муҳамеджонов почта жўнатмаси орқали 8 дона смартфонни бож тўловисиз олиб киришга урингани учун қўлга олинган. Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари олиб борилаётгани айтилмоқда.

“Ўзбекистонда 3D форматдаги илк филм ишланди”

Жорий йилнинг 1 мартида Ўзбекистонда “Папагандус” деб номланган 3D форматдаги илк ўзбек филми премьераси бўлиб ўтади. Бу ҳақда “XXI аср” нашри хабар беради. Фантастик-саргузашт жанридаги картина “Ўзбеккино” агентлиги кўмагида “Fantasy production” cтудияси томонидан суратга олинган. Унда бош ролларни Адиз Ражабов, Алишер Абдукаримов ва бошқалар ижро этган.

Лойиҳа муаллифи Азиз Паттаховнинг айтишича, ўзбек ва рус тилида дубляж қилинган “Папагандус” филмини суратга олишда 40 дан ошиқ махсус эффектлардан фойдаланилган. Картина 70 кунда суратга олинган бўлса-да, монтажга 5 ой сарфланган.
XS
SM
MD
LG