Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:06

Жазо муддати тугаган Мамадали Маҳмудов қамоқда қолмоқда


Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати шу йилнинг 19 феврали куни тугади, аммо ëзувчи ҳануз тутқунликда қолмоқда.
Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати шу йилнинг 19 феврали куни тугади, аммо ëзувчи ҳануз тутқунликда қолмоқда.

14 йиллик қамоқ жазоси 19 феврал куни тугаган 72 яшар таниқли ўзбек ëзувчиси Мамадали Маҳмудов асоссиз тарзда бир ҳафтадан бери "Тоштурмада" сақланмоқда.



Қамоқхона нозирлари таниқли ëзувчи устидан тергов кетаëтгани ҳақида унинг рафиқаси Гулсара Маҳмудовага билдиришган.

- 19 феврал куни озод бўлишлари керак эди. Лекин чиқаришмади. Ҳозир адвокат тутиб нима бўлаëтганига аниқлик киритиш ҳаракатидамиз¸ дейди Гулсара опа Озодлик билан суҳбатда.

Бундан олдин ëзувчининг жазо муддатига яна қўшиб берилаëтгани борасида маълумотлар пайдо бўлган эди.

Ëзувчининг рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг Озодликка айтишича¸ 9 феврал куни Мамадали Маҳмудов ўзи жазо ўтаëтган Чирчиқдаги колониядан олиб келиниб, Тоштурмадаги камерага жойлаштирилган.

Ўтган йил охирида Мамадали Маҳмудовни Чирчиқдаги колонияда боши уриб ëрилгани ҳақида маълумотлар чиққан эди.

Ëзувчининг рафиқаси Гулсара Маҳмудовага эса "эринг бошидан жароҳат еди, йиқилиб тушди", деб хабар беришган.

- Бошидан қаттиқ лат еди деб айтишди. Кейин "Cангородда" (қамоқ касалхонаси) даволандилар. Қизим дори олиб борган эди феврал бошида¸ киролмай қайтиб келди. 11 феврал куни ўғлим узоқ навбатда туриб, олиб борган овқат ва дориларини отасига беролмабди, ўзи билан ҳам учраштирилмаган¸- деган Гулсара опага кўра¸ Маҳмудовнинг Тоштурмага олиб кетилганини унинг ўғлига маълум қилишган.

Тутқунликдаги таниқли адиб Мамадали Маҳмудов билан боғлиқ вазиятни кузатаëтган тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича¸ ëзувчини “ички тартибни бузганлик”да айблаб, абадий маҳбусга айлантириш ҳаракатлари кетмоқда.

- Мамадали Маҳмудов Тоштурмада. Унинг аҳволи мавҳумлигича қолмоқда. Унга қарши суд ҳали бўлмади. Маҳмудов ўзига белгиланган жазони соатма-соат ўтаб бўлди. Ўтган йили амнистия чиққанида у киши озод бўлиши керак эди. Чунки жазо муддати тугашига уч ой қолган эди. Менимча, худди Муҳаммад Бекжон¸ Мурод Жўраев каби Мамадали Маҳмудовни ҳам умрбор тутқунга айлантиришмоқчи¸- дейди Дилором Исҳоқова.

Тутқунликда энг узоқ қолаëтган ëзувчи

Ëзувчиларнинг халқаро ПЕН уюшмаси Мамадали Маҳмудовни дунëдаги энг узоқ муддат тутқунликда қолаëтган ëзувчи сифатида таърифлаб, уни озод қилишга чақириб келади.

Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мамадали Маҳмудов маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён кўплаб маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар унинг озод қилинишини талаб қилиб келмоқда.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов “Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар муаллифи.

Маҳбуслик даврида ёзаётган асарларининг қўлëзмалари эса, рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг айтишича¸ қамоқхона мутасаддилари томонидан тортиб олиниб, қайтариб берилмаган.

Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги учун совет тузуми даврида курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф қилинади.

Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” асари совет даврида таъқибга учраган.
"Ўлмас қоялар" романи француз тилида нашр этилган.

1999 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган адибнинг асарини Филипп Фризон француз тилига таржима қилган.

1981 йилда "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган.

Айни пайтда, ëзувчиларнинг халқаро ПЕН ташкилоти Мамадали Маҳмудовнинг озод этилиши учун кампанияни давом эттирмоқда.

Мамадали Маҳмудовнинг қамоқ муддати шу йилнинг 19 феврали куни тугади. Аммо ëзувчи ҳануз тутқунликда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG