Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:07

Урганчни қайта қуриш ҳашарчиларга қолди


Хоразм вилоятининг маъмурий маркази — Урганчдаги ободончилик ишларига шу кунларда мактаб ўқитувчилари, ҳамширалар ва бошқа давлат ташкилотлари ишчи ходимилари мажбуран жалб этилмоқда.

Урганч шаҳрини қайта қуриш ҳашарчилар, аниқроғи ўқитувчилар, шифокорлар, давлат ишчилари ва қариялар зиммасига тушди.

– Чиқасан, чиқмасанг ишдан ҳайдаймиз, деб пўпса қилишяпти, дейди ўз исмини айтмаган урганчлик ўқитувчилардан бири.

Хоразмлик Жумагул опанинг айтишича, шаҳардаги коллеж ва институт талабалари ҳам ободончилик ишларига мажбурланмоқда.

- Чуқур кавлаш, ғишт ташиш, ер ағдариш ишларига чиқаришаётган экан. Кунни ярмигача ўқиб, иккинчи ярмида чиқишяпти. Айрим пайтлари умуман ўқиш бўлмайди бугун, деб ишга ҳайдашаётган экан, дейди фарзанди Урганч қурилиш коллежида таҳсил олаётган Жумагул опа.



Лекин, Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси расмийлари Урганчдаги ободончилик ишларига ўқитувчи ва ўқувчилар чиқарилаётганини кескин рад этди.

- Ҳеч қандай ўқитувчи чиқарилаётгани йўқ. Ишчи хизматчилар, фаррошлар, техник ходимлар чиқариляпти. Ўқитувчилар мактабда дарс беряпти. Бу ерда фақат техник ходимлар ҳашарга чиқариляпти. Лаборант, секретарлар чиқиб, ёрдам беришяпти, кўнгилли сифатида. Ҳеч қандай мажбурий эмас бу, деди Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси расмийларидан бири.

Январда бўлган ҳукумат мажлисида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов: "Хоразм мутлақо ўз қиёфасини ўзгартиради, раҳбарлари шу ҳақда куйиниб яшайдиган бўлса агар, мен бу раҳбарлардан рози бўлар эдим", деган эди.

Ҳозир Урганч шаҳрини қайта қуриш мақсадида умумий қиймати 112 миллиард сўмни ташкил этган дастур ҳам ишлаб чиқилган.

Лекин, икки юз минг аҳоли яшайдиган Урганчни қайта қуриш учун ишчи кучи етишмаётгани айтилмоқда.

– Хоразмнинг ярми Питерда. Бўёқчи, сувоқчи, сваршик, ғишт терувчи ва ҳоказо, ҳаммаси Россия, Қозоғистонда. Бу ерда қариялар, ойлик олиб ишлайдиган ўқитувчилар, шифокорлар қолган, ҳозир шуларни ишлатишяпти, дейди Урганч марказидаги уйлар қурилишида қатнашаётган хоразмлик Жуманазар ака.

Хоразм вилояти Архитектура ва қурилиш бошқармасига яқин манбаънинг айтишича, ҳозир вилоятда қурувчилар етишмаётгани боис қўшни вилоятлардан қурилиш соҳаси мутахассилари Урганчга олиб келинмоқда.

Айни пайтда Россияда меҳнат қилаётган хоразмлик мардикорлар орасида "Урганчни қайта қуриш учун бизни ҳам чақиртирармиш", деган гап-сўзлар тарқалган.

- Шунақа гапни эшитдик. Лекин, шу ерда берадиган ойликни берса жон, деб қайтган бўлар эдим, дейди Санкт Петербургдаги қурилишлардан бирида ишлайдиган хоразмлик Азамат.

200 минг аҳоли яшайдиган Урганч шаҳри марказида ўтган асрнинг эллигинчи йилларида қурилган уйлар бузилиб, улар ўрнида кенг йўллар барпо этилмоқда.

Бузилаётган уйларда яшовчи аҳоли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учраган. Аҳолининг кўпчилиги бу босимга ён бергани ва кўчишга рози бўлгани хабар қилинган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:46 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG