Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:16

Қўшиқчиларга доллар қистириш тақиқланди


“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда, созанда ва санъаткорларга тўйларда хориж валютаси олиш, тўйдаги хизматлар учун доллар ёки бошқа турдаги хориж валютаси шаклида ҳисоб-китоб қилишни таъқиқлади.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси расмий сайтида эълон қилинган бу қарорда ўз хизмати учун доллар ëки бошқа валютада ҳақ олгани аниқланган санъаткорлар лицензиядан маҳрум қилиниши айтилди.

“Ўзбекнаво”нинг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу қарорнинг Ўзбекистонда валюта бозорини тартибга солиш ҳаракатларига уйғун эканини таъкидлади.

- “Ўзбекнаво”нинг бу қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил февралдаги қарорига асосланган. Қарорга кўра, мамлакат ҳудудида миллий валютадан бошқа пул ёки пул бирлигида тўлов ёки келишувларни амалга ошириш қатъиян тақиқланади¸ дейди мулозим.


Солиқ қўмитаси тўйларда рейд ўтказмоқда

Айни пайтда Давлат Солиқ қўмитаси ходимлари прокуратура қошидаги Солиқ, валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаментида тўй-ҳашамларда махсус рейдлар ўтказиб, санъаткорлар ҳатти-ҳаракатини кузатиб бориш режаси борлигини тасдиқлади.

Бу ҳақда Озодликка билдирган солиқ қўмитасининг ўзини Ҳусниддин, деб таништирган мулозимига кўра¸ бундай рейдлар давомида ўз ҳаққини долларда олаëтган санъаткорлар ушланиб, ҳуқуқбузар сифатида жаримага тортилади.


Қўшиқчилар пистирмада

Хоразмлик Дилором ҳалфа (фолклор қўшиқчи) феврал ойида чиққан бу қарорни ўқиб, тўйларга бормай қўйганини айтди.

- Одатда, долларга шартнома тузиб борилар эди тўйга. Кейин келин базмига йиғилганлар менга пул қистириб туришар эди. Рўмол каби совғаларни беришади. Ҳозир пул қистиришни мутлақо тақиқлаб қўйишди. Шўро бува (маҳалла оқсоқоли) келиб назорат қиляпти. Шуни учун ҳозир гармонни шкафнинг устига қўйдим. Тўйга чиқмаяпман¸ дейди санъаткор.

Хоразмдаги тўйларни тасвирга туширадиган ширкат эгаси 41 яшар Алишер бу қарорга қарамасдан санъаткорлар ўз ҳаққини долларда олаëтганини айтади.

- Фақат олдиндан билдирмасдан олишяпти. Олдингидай кўз-кўз қилиб пул олиш йўқ. Ставкалар (қўшиқчи ҳақи) долларда бўляпти. Масалан, Оғабек 1500 доллар¸ Мурод Қиличев 1200. Булар энди танилган артистлар. 500 долларга келадиганлар ҳам бор. Ҳамма ўз нархини долларда айтади¸ дейди Алишер Озодлик билан суҳбатда.

Ашулачиларнинг доллар олиши қарор чиқишидан олдин ҳам мулозимларга ëқмаган эди.

Ўзбек шоу дунëси икир-чикирларидан хабардор Ҳилолиддин Абдужамоловга кўра, ташқарида концерт бериб келган артистлар "Америкада фалон доллар олдим, Исроилда фалон пул олдим", деб мақтанишади.

- Устидан пул сочилаëтгани акс этган видеотасвирларни интернетга юклашади. Кеча Дубайда эдим, эртага Парижга бораман, деб ўзлари ҳақида афсоналар яратилишига сабаб бўлишади, дейди у.

Суҳбатдошга кўра, айнан шу ҳолат боис махсус идораларнинг уларга қизиқиши ортган.

Ўзбекистон Халқ артисти мақомидаги бир ҳофиз Озодлик билан суҳбатда ўз юбилейида бир мухлиснинг бир долларлик пуллардан ясалган гулчамбар тутгани муаммога сабаб бўлганини айтган эди.

Бу воқеадан кейин ҳофиз Туркистон саройидаги махсус хонада СНБ ходими тарафидан 2 соат сўроқ қилинган.


Ўзбек қўшиқчилари хорижда ҳам назоратда

Ўзбек қўшиқчиларининг чет эл сафарлари эса ўтган йилдан бошлаб қаттиқ назоратга олинди.

Артистларнинг ташқарига чиқишида хайр аломатини кўрмаган “Ўзбекнаво” маъмурияти махсус қарор қабул қилди. Бу қарорга кўра, бундан буëн чет элга гастролга борадиган ашулачи “Ўзбекнаво” билан махсус шартнома имзолашга мажбур.

Ўзбекистон ташқарисида, хусусан Россия, Жанубий Корея ва АҚШда ўзбек диаспоралари пайдо бўлиш баробарида ўзбек қўшиқчиларининг ўша мамлакатларга гастроллари ҳам кўпайиб қолди.

Ташқарида муқим бўлган ўзбекларнинг суннат ва никоҳ тўйларига ҳам Ўзбекистондан “артист” чақириш аста-секин урф бўла бошлагани кузатилади.

Ўзбекистон шоу-бизнеси билимдони, қўшиқчиларга “администратор”лик қиладиган тошкентлик Ҳилолиддин Абдужамоловга кўра, четга чиққан артистнинг икки муддаоси бор.

- Биринчидан, бу артист фалон-фалон чет давлатларда концерт бериб дунëга машҳур бўлдим, деб гапириб юради. Иккинчидан, иқтисодий манфаат. Гонорар дегандек. Баъзи артистлар борган жойларидаги кийим магазинларига бориб кийиниб ҳам келишади. Хуллас, ҳар томонлама яхши, дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, айни пайтда чет элда концерт бериш таваккал бир иш.

- Шунча ҳаражат қилиб борилганидан кейин концертга ҳеч ким кирмаса, икки қўлини бурнига тиқиб, шўппайиб қайтиб келаëтганлар ҳам бор. Бунақа пайтда ўзига тўқ бақувватлари чиқимга рози бўлиб ўзидан ўтганини ўзи билиб ўтираверади. Процентга пул олиб кетган камбағалроқ қўшиқчилар бунақа пайтда ëмон қийналади, дейди суҳбатдош.

Ўша қийналган қўшиқчилардан бир нечтаси “чет элда чув туширишди”, деб арз қилганидан кейин “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорларни хориж мамлакатларига концерт учун борганда фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирган эди.


“Ўзбекнаво” огоҳлантируви

Бирлашма матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, санъатга алоқаси бўлмаган шахслар хориж мамлакатларида, жумладан АҚШда концерт ўтказиш юзасидан хонандалар билан музокарага киришиб, алдов йўли билан улардан пул ундириши ҳолатлари рўй бермоқда.

Шу муносабат билан, “Ўзбекнаво” хорижда концерт таклифи билан чиққан шахс ҳақида аниқ ахборотга эга бўлмай туриб шартномага имзо чекмасликни талаб қилган.

“Ўзбекнаво”га кўра, санъаткорлар хориж сафари ва унинг ташкилотчиси ҳақида бирлашма билан маслаҳатлашиши зарур.

Шу билан бирга, “Ўзбекнаво” санъаткорларни хориж сафарига чиқишдан аввал бирлашмага расмий билдиришнома бериши зарурлигини ҳам эслатган.


“Ўзбекнаво”— артистлар устидан назорат машинаси

Ўзбекистон шоу дунëсини назорат қилиш аввалига маданият вазирлигига оид филармониялар тарафидан амалга оширилган эди.

Айни пайтда қўшиқчилар жиловини тутиб туриш “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ваколатига ўтказиб берилган.
XS
SM
MD
LG