Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:17

ЖҲҚ Асқаров иши қайта кўрилишини талаб қилмоқда


Ню Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўш воқеаларида айбланиб бир умрга қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш илтимоси билан Қирғизистон расмийларига мурожаат жўнатди. Бироқ бишкеклик айрим ҳуқуқ фаоллари Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқилишига ишонмайдилар.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида этник ўзбек бўлган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят ишини халқаро ташкилотлар соҳталаштирилган деб танигани яна бир бор эслатилади. Қўмита Қирғизистон Бош прокурорини Азимжон Асқаровнинг айбсизлигини исботловчи янги тафсилотлар пайдо бўлганини тан олган ҳолда, ишини қайта кўриб чиқишга чақиради.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг билдиришича, Азимжон Асқаровнинг Ўш воқеалари пайтида Бозорқўрғон шаҳрида милиция ходимини ўлдирмаганини кўрган гувоҳлар бор.

“Камида уч одам Азимжон Асқаров 2010 йилнинг 13 июнида эрталабки соат 7.30 дан 9.00 гача милиция ходими ўлдирилган жойдан анча узоқда жойлашган ўз уйида бўлганини тасдиқлади. Бошқа бир гувоҳ эса Асқаровни тахминан 9.30 да милиция ходими ўлдирилган жойдан 1 километр узоқликда бўлган офисда кўрган”, дейилади баёнотда.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдумалик Шарипов мана шу тафсилотларнинг ўзи ва жиноят ишининг судда бир томонлама кўриб чиқилгани тўғрисидаги баёнот Қирғизистон Жиноят процессуал кодексининг 384 ва 385 моддаларига биноан Асқаров ишининг қайта кўриб чиқилишига асос бўла олади, деб ҳисоблайди.

Қирғизистон Бош прокуратураси расмийлари Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёноти ва унда келтирилган далиллар юзасидан маълумот беришни истамади.

-Мазкур масала юзасидан бизга ёзма равишда мурожаат қилиб кўринг. Қонунда белгиланган муддатда сизга ёзма жавоб қайтармиз, -деди прокуратура расмийси Сейитжан Апишев.

Қирғизистон қонунчилигига биноан эса ёзма мурожаатларга икки ҳафтадан сўнг жавоб берилади.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўтган йилнинг декабрида Германияга қилган сафари чоғида Асқаров иши қайта кўриб чиқилишига қарши эмаслигини билдирганини ҳам эслатиб ўтган. Шу билан бир қаторда, Атамбаев 24 декбарда бишкеклик журналистлар билан учрашувида бошқа гапларни ҳам айтган эди:

- - Журналистлар, нодавлат ташкилотларининг мурожаатларидан ташқари менга битта-иккита гувоҳни кўрсатинглар-чи? Бу иш мен президент бўлгунимга қадар якунланган. Лекин ҳар доим гапни Асқаровдан бошлайсизлар. Ўтган сафар Германия президентига “Агар суд қарори чиқса, сизлардан бошқа биров мана шу суд қарорни бекор қиласан деб талаб қила оладими?”, деб савол бердим. Нега энди президент Атамбаев қонунни бузиб, қарор қабул қилиши керак? Бизда ҳам қонун бор. Суд қарорини президент бекор қилсин деб талаб қилаётганлар Қирғизистонни менсимайдиганлардир, - деган эди Алмазбек Атамбаев.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Қирғизистон ҳукумати Асқаров ишини сиёсийлаштирмоқда ва бу иш чиндан ҳам соҳталаштирилганини тан олишни истамаётир, деб ҳисоблайди.

-Балки тергов нотўғри олиб борилгани оқибатида суд ҳукми нотўғри чиқарилган бўлиши мумкиндир, деган таҳминни тан олмаган ҳолда, Қирғизистон ҳукумати мамлакат суди чиқарган ҳукмни энг тўғри қарор сифатида талқин этмоқда. Бу позицияни ҳукумат халқаро доирада ҳам бот-бот такрорламоқда. Асқаров масаласи бугунги кунда ҳукумат учун принципиал сиёсий масала бўлиб қолди. Чунки Асқаров иши қайта кўрилиши, Ўш воқеаси юзасидан бошқа ўнлаб ноҳақ қамалган одамилар ишининг қайта кўрилишига сабаб бўлади. Шу жиҳатдан Асқаров иши қайта кўриб чиқишига ишониш қийин, -деди Азиза Абдурасулова.

Азимжон Асқаров 2010 йилда Бозорқўрғон туманидаги тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров иши сиёсийлаштирилгани ҳамда соҳталаштирилганини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG