Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:01

"Криминал авторитет" Ғафур Раҳимов қидирувга берилди


Ғафур Раҳимов "Ўзбекистон спортини халқаро майдодан тарғиб қилгани учун" давлат мукофотини ҳам олган.
Ғафур Раҳимов "Ўзбекистон спортини халқаро майдодан тарғиб қилгани учун" давлат мукофотини ҳам олган.

Ўзбекистон жиноят оламидаги энг нуфузли авторитетлардан бири деб кўриладиган Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят кодексининг учта моддаси билан 13 феврал куни жиноят иши қўзғатилди. Ўзбекистон давлат мукофоти лауреатини ҳибсга олиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси буйруғи милиция ходимлари орасида тарқатилган.


Ғафур Раҳимовнинг қидирувга берилгани ҳақида Озодликнинг Тошкентдаги манбалари хабар қилди. Бир-биридан мустақил бўлган иккита манбадан олинган маълумотга кўра, шу кунларда Тошкент шаҳар ва вилоятида йўл патрул хизмати ходимлари ҳайдовчиларни тўхтатиб, Ғафур Раҳимов расмини кўрсатмоқда ва бу шахснинг қаердалиги тўғрисида маълумотга эга бўлишса, бу ҳақда ички ишлар идораларига хабар қилишни сўрашмоқда.

Озодлик манбаларидан бири ҳатто Ғафур Раҳимовни қидирувга бериш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг буйруғи нусхасини ҳам юборди.

Ғафур Раҳимов Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланмоқда.
Ғафур Раҳимов Ўзбекистон жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбланмоқда.


Тошкент ИББ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Турғунов имзо чеккан хабарномада айтилишича, 62 ёшли Раҳимов Ғафур-Арслонбек Аҳмедович Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 228-моддаси (Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича очилган жиноят иши доирасида қидирувга берилган.

Озодлик Ғафур Раҳимовга яқин доиралар орқали бу хабарни изоҳлашни сўраб унга қилган мурожаатига рад жавобини олди.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ИББ вакиллари ҳам Ғафур Раҳимовга нисбатан жиноят иши очилгани ва қидирувга эълон қилинганига оид хабарни Озодликка изоҳлашдан бош тортди.

Нега ҳозир ва нега Ўзбекистонда

Озодликнинг Тошкентдаги манбаси “Тошкентда йўл-патрул хизмати ходимлари ҳайдовчиларни тўхтатиб, Ғафур Раҳимовнинг расмини кўрсатмоқда. Худди Ғафур Раҳимов ёнма-ён қўшнимиз ёки чойхонада бирга ош еганимиздек, биздан сўрашди”, дея ёзди.

“Нега келиб-келиб энди қидирувга беришгани қизиқ. Бу одам мамлакатдан ташқарида эканини ҳамма биладику”, деб ёзади яна бир Озодлик манбаси.

Ғафур Раҳимовни йўл-патрул хизмати ходимлари қидираётгани ҳам қизиқ. Ҳозирча бу одам қидирилаётгани тўғрисидаги эълонлар шаҳар кўчаларига ёпиштирилгани кузатилмаган.

Ўзбекистонда йирик тадбиркор ва меценат сифатида ҳам танилган Раҳимов 2010 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгани айтилади. Ўшандан бери у Бирлашган Араб Амриликларида истиқомат қилиши кўпчилик манбалардан маълум.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг бундан хабари бўлмаслигини тасаввур қилиш қийин ва Ғафур Раҳимов, нега орадан уч йил ўтиб, Ўзбекистон ичкарисида бундай ғалати тарзда қидирилаётганини тахмин қилиш мумкин холос.

Халқаро ҳуқуқий меъёрларга кўра, бирор шахсни Интерпол орқали халқаро қидирувга бериш учун, аввал бу шахс мамлакат ичкарисида қидирувга берилган бўлиши шарт.

Авторитет, тадбиркор ва Олимпия қўмитаси мулозими

Ғафур Раҳимов ўтган йили Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Бокс миллий уюшмаси раҳбари лавозимларидан четлатилган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Ғафур Раҳимовнинг Ўзбекистондаги мулки, жумладан турли соҳаларни қамраб олувчи йирик бизнеси тортиб олинган.

Ҳозирда Бирлашган Араб Амирликларида истиқомат қилаётгани айтиладиган Ғафур Раҳимов ўтган йилнинг бошида АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро гуруҳ етакчиларига қарши жорий қилган санкциялари рўйхатига киритилган эди.

АҚШ Молия вазирлиги эълон қилган ҳужжатда "Постсовет фуқароларидан ташкил топган “Биродарлик халқаси” (Братва) даги белгиловчи шахс бўлган Ғафур Раҳимов ўзбек уюшган жиноят олами етакчиларидан бири ва у Марказий Осиëда наркотик моддалар ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашган. Раҳимов дунëнинг йирик наркосиндикатларида героин контрабандаси билан боғлиқ операцияларда қатнашиб келмоқда", дейилади.

80-йиллардан бошлаб Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги криминал тўдалар ичидаги нуфузини кучайтириб келгани айтиладиган Ғафур Раҳимов Тошкент ҳукумати томонидан мамлакат спорти, хусусан, боксини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаëтган йирик тадбиркор сифатида эътироф этилиб, шахсан президент Каримов томонидан олқиш ва мукофотларга соҳиб этилган.

Айни пайтда бундан 12 йил муқаддам Сиднейдаги Олимпиада ўйинларида Осиë олимпия қўмитаси расмийси сифатида қатнашишга борган Ғафур Раҳимовни Австралия хавфсизлик идоралари “халқаро наркобарон” деган шубҳа билан мамлакат ҳудудига киритмаган ва бу воқеа халқаро майдонда шов-шувга сабаб бўлган эди.

Ғафур Раҳимовнинг расмий сайтида айтилишича, у бир нечта ширкатда президент лавозимини ҳам эгаллайди. Мазкур фирмалар орқали Ўзбекистонга халқ истеъмол моллари, кимё, автомобил ва енгил саноати учун хом ашё кириб келади.

Норасмий манбаларга кўра, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан бизнесдаги мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга киришганидан сўнг Ғафур Раҳимов ҳукумат, хусусан, Ислом Каримов марҳаматидан мосуво бўлган ва 2010 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетган.
XS
SM
MD
LG