Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:32

Балоғат ёшига етмаган ўзбек қизи икки ҳафта сўроқ қилинди


Россия матбуоти Подолскда ҳибсга олинган ўзбекистонликларни "террорчи" деб эълон қилди.
Россия матбуоти Подолскда ҳибсга олинган ўзбекистонликларни "террорчи" деб эълон қилди.

Подмосковьеда халқаро террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинганлар орасида вояга етмаган 17 ёшли ўзбек қизи ҳам бўлгани аниқланди. Подолск шаҳар шифохоналаридан бирида полиция назорати остида сақланган бу қиз шу йилнинг 14 февралидан буён бошидан кечирганини Озодликка гапириб берди.


Қўлга олинганлар орасида ўзбекистонлик аёллар бўлган

Жорий йилнинг 14 февралида Россия Ички ишлар вазирлигининг Экстремизмга қарши кураш бошқармаси (“Т” Бошқармаси) ва Ўзбекистон Ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида Подмосковьенинг Одинцово ва Подолский туманларида ўтказилган махсус амалиёт натижасида икки ўзбекистонлик ҳибсга олинган эди. Улар Ўзбекистон ҳудудида “Туркистон Ислом партияси” террорчилик ташкилоти таркибида фаолият юритгани учун 2012 йилдан бери давлатлараро қидирувда бўлган айтилмоқда.

Озодлик Подмосковьедаги ҳибсга олиш амалиётида Ўзбекистондан келган хавфсизлик ходимлари бевосита иштирок этгани, ҳибс этилганлар Рўзиқулов Ҳасан ва Жўраев Турғунлар экани ҳақида хабар берган эди (кейинчалик ҳибсга олинган Рўзиқуловнинг исми Ҳусан экани, Ҳасани қидирувда экани аниқланди).

Экстремизмга қарши кураш бошқармаси матбуот маркази раҳбари Владимир Коробков қўлга олинганлар Ўзбекистон Жиноят Кодекси 159-моддасининг 3-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-1- моддасининг 3-қисми (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш, ноқонуний диний ва бошқа уюшмалар фаолиятида иштирок этиш), 244-2-моддасининг 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ҳамда 223-моддасининг 2-қисми (Жиноий гуруҳ таркибида хорижга ноқонуний чиқиш) бўйича айбланаётгани ва уларни ҳозирда Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи муҳокама этилаётганини билдирди.

Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, 2012 йилнинг ўзидаёқ бу икки шахс Москва шаҳри ва вилоятидан 38 ўзбекистонлик ва 18 марказий-осиёлик ва россияликни жанггарилар сафига ёллаган.

“Ўта хавфли ўзбек террорчилари” гуруҳининг фош этилиши тўғрисида Россиянинг деярли барча марказий ахборот воситалари хабар берди. Озодлик 14 феврал куни Подолскдаги амалиётда ушланганлар орасида 5 нафар ўзбекистонлик аёллар бўлгани ҳақида маълумот олди.

Хавфсизлик хизмати вояга етмаган болани 2 ҳафта сўроққа тутган

17 ёшли Малоҳат (вояга етмагани боис исми ўзгартириб берилмоқда–таҳр.) биринчи маротаба Москвага 3 ой олдин – ўтган йилнинг 12 декабрида турмуш қургани келганини Озодликка гапириб берди.

- Аэропортдан чиқиб, оқ “Жигулига” ўтирдик. Мени никоҳига олган одам кутиб олди. Аэропортдан ярим соатча юрдик. Жигулидан тушиб, бошқа мошинага ўтирдик. У ерда улар никоҳ ўқиди, “Жигули”дагилар гувоҳ бўлди. Кейин Подолскка квартирага келдик, у ерда мен икки ой юрдим. Шу февралда хонамизда ўтирган эдик, бирданига свет ўчиб қолди. Домларни қарасак – ёниқ, эшикни очиб кўрувдик, подъезддан иккита ўрис бизга қараб югуриб келяпти. Эшикни ёпиб қулфлаб қўйдик. Эшикни роса тақиллатди, очмадик. Ҳусан деган бола очманглар деди, анча очмадик. Эшикни очадиганлари бор экан, кейин Ҳусан ака очди эшикни. Кейин мелисалар бостириб кирди, Ҳусан акани роса тепди. Формада, баъзиларини формаси йўқ. Ўзбекистонлик иккита киши бор экан, ўзбекча гапирди. Улар Ҳусаннинг акаси Ҳасанни қидиряпти экан. Ҳусанни ўша куни олиб кетишди. Қашқадарёлик аёллар билан бирга мени эртаси куни мелисага олиб боришди. Сўроқдан кейин аёлларни квартирага олиб келишди, мени эса Подолскдаги 3-чи болницага олиб келишди,- дейди Малоҳат.

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:30 0:00
Бевосита линк

Унинг айтишича, полиция ходимлари уни “вояга етмагани боис” квартирага қўйиб юбормаслигини айтган. Подолск шаҳар 3-клиник шифохонада уни сўроқ қилишда нафақат ФСБ ходимлари, балки Ўзбекистондан келган ходимлар ҳам иштирок этган.

- Агар ҳаммасини айтмасангиз уйингизга кета олмайсиз, қамаб қўядими, деди. Мен бу болницада бир ҳафта бўлдим, кейин Климовск болницасида бир ярим ҳафта бўлдим. Кейин яна бошқа жойга олиб ўтаётганди “ўзбек қиз экан” деб мени қабул қилишмади ва Подолскка қайтиб келдик. Ўша ерда оиймни кўриб қолдим,- дейди 17 кун полиция назоратида сақланган Малоҳат.

Малоҳатни полиция ходимлари олиб кетганидан хабар топган онаси Ў. опа Қирғизистондан Москвага учиб келган ва бир ҳафта давомида қизининг қаерда эканини аниқлай олмаган. Она Москвадаги “Ёрдам” ташкилотига мурожаат қилган.

Озодлик билан суҳбатда Малоҳатнинг онаси Жалолободдан келгани, 4 нафар фарзандни ўзи катта қилаётганини гапириб берди.

- 13 йил бўлди дадаси буларни Россияга ишлагани келиб йўқ бўлиб кетганига. Топилган ҳозир, қайсидир ўрисга илакишиб олиб юрибди. Аммо бизга қўнғироқ қилмайди, гаплашмаймиз шу 13 йилдан бери. Буни бериб юбориб, ўзимни ўзим роса сўкиб юрдим “қандай қилиб танимаган одамга бериб юбордим-а”, деб. Келиб, қайтариб олиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Энагачим “Тек ўтиринг, пулни бекор кетгизманг”, деди-да,- дейди қизини ўзининг танишлари сўзларига ишониб нотаниш одамларга узатиб юборганидан афсусланган аёл.

Малоҳатни полициядан олиб чиққан “Ёрдам” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази фаоли Ахмет Умаров полиция, ФСБ ва шифохона маъмурияти аввалига уни яширишга уринганини айтди. Ҳуқуқ фаоли вояга етмаган бу шахс ноқонуний равишда кунига бир неча маротаба сўроққа тутилганини ҳам қўшимча қилди.

Ҳуқуқ фаоли Подолск шифохонасида Малоҳатни қаерга кўчириш масаласини муҳокама қилаётган полиция ходимларига тасодифан дуч келганини айтади.

- Вояга етмаган шахсни сўроққа тутиш ҳақиқий террор! Улар вояга етмаганни қонуний вакили ёки болалар васийлиги томонидан тайинланган шахс иштирокисиз сўроқ қилишга ҳаққи бўлмаган, чунки у энг аввало бошқа давлат фуқароси ва у ерда албатта консулликдан ҳам кимдир бўлиши керак эди. У кунига 2-3 марталаб сўроқ қилинган. Ҳозир биз ўзбекистонлик оперлар ва маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари ундан нималарни талаб қилгани ва нималарни сўраганини аниқламоқдамиз,- дейди ҳуқуқ фаоли Ахмет Умаров.

“Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари маркази ходимлари кўмагида халос этилган Малоҳат ва унинг онаси ўз юртига жўнаб кетишга тайёргарлик кўрмоқда.

Озодлик Подолскдаги “ўзбек террорчилари” билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.
XS
SM
MD
LG