Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:28

Г. Каримова: МТС ва Беҳзод Аҳмедов мени шантаж қилди


Гулнора Каримова ўз атрофидаги жанжаллар оротида халқаро қидирувда бўлган Беҳзод Аҳмедов турганини иддао қилмоқда.
Гулнора Каримова ўз атрофидаги жанжаллар оротида халқаро қидирувда бўлган Беҳзод Аҳмедов турганини иддао қилмоқда.

Гулнора Каримова Швейцариянинг Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ вариантини эълон қилиб, ўзи ва Беҳзод Аҳмедов ўртасидаги муносабатларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Гулнора Каримованинг иддао қилишича, “Ўздунробита” ширкатининг ҳозирда қидирувда бўлган собиқ бош директори номи келитирилмаган давлатдан сиёсий бошпана сўраган. Бундан ташқари, интервьюнинг тўлиқ варианти, деб тақдим этилган матнда Беҳзод Аҳмедов ва унинг ортида турган одамлар Гулнора Каримовани бир неча ой давомида шантаж қилгани иддао қилинади.



Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти, деб тақдим қилаётган материалда қарийб 10 ойдан бери қаердалиги номаълум бўлиб келаётган Беҳзод Аҳмедов шу йилнинг 9 январ куни “кўп сонли оиласи билан сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилгани” иддао қилинади. Лекин на Гулнора Каримова, на Bilan журналининг мухбири Аҳмедовнинг қайси мамлакатдан бошпана сўрагани аниқлаштирилади.



Озодлик манбалари йил бошида Беҳзод Аҳмедовнинг ҳақиқатан Европа давлатларининг биридан сиёсий бошпана олишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар қилишди, лекин бу хабарни мустақил бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи бўлгани йўқ.

Каримова хонимнинг таъкидлашича, ўтган йилнинг июн ойида Ўзбекистонни тарк этганидан бери МТС ҳимояси остида бўлган Беҳзод Аҳмедов ва унинг ортида турган гуруҳлар, бу ерда Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинган Россиянинг МТС ширкати назарда тутилмоқда, унга, яъни Гулнора Каримовага бир неча ой давомида компрамат эълон қилиш билан таҳдид қилиб келган. Хусусан, Financial Times газетасида яқинда эълон қилинган “Ўзбекистон: Яккаю ягона раҳнамо хоним” номли мақола ҳам, Каримова хоним иддаосича, Беҳзод Аҳмедов бир йил давомида ўйлаб топган уйдирмалардан иборат.

Financial Times газетасининг айни мақола чоп этилишига бевосита алоқадор муҳаррирларидан бири, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бу иддаоларни асоссиз, деб атади. Суҳбатдошимизнинг айтишича, журналистик суриштирувга асосланган мақола мутлақ Financial Times мухбирларининг ташаббуси бўлган ва бунга ҳақиқатан Ўзбекистонда МТС ширкати бизнесининг тортиб олингани, Швецияда TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда пора берганликда айбланаётгани, Швейцарияда пул ювишга оид жиноят иши ҳамда бу жанжалларнинг ҳаммаси Гулнора Каримова шахси билан боғланаётгани туртки бўлган.

Каримова шахсан яқин танишини яширмаган Беҳзод Аҳмедов Швеция ва Швейцарияда порахўрлик ва пул ювиш бўйича очилган жиноят ишларининг асосий фигурантларидан бири эканини эслатиш жоиз.

Ўзбекистон президентининг қизи МТС ва Беҳзод Аҳмедов нима сабабдан уни шантаж қилишганларига оид тахминларни келтирмагани ҳам қизиқ.

Бундан ташқари, интервьюнинг Bilan журналида чоп қилинган кўринишида ҳам, Каримованинг блогидаги тўлиқ вариантида ҳам, Швеция ва Швейцария прокуратуралари пул ювганликда айблаётган ва Гулнора Каримовага бевосита алоқаси борлиги айтиладиган Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев ҳамда Takilant Ltd. ширкатининг номлари тилга олинмагани ҳам шубҳаларни уйғотади, дейди бу жанжалларга боғлиқ воқеалар ривожини кузатиб келаётган швециялик журналист Ола Вестерберг.

- Интервьюнинг яна бир жиҳати менинг диққатимни тортди. Гулноранинг айтишича, TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги келишувлари мамлакатнинг қонунчилигига зид бўлган, яъни у келишувлар ноқонуний бўлганини тан олмоқда. Хўш шундай экан, TeliaSionera Ўзбекистонда фаолиятини давом эттираверадими, деган саовл туғилади. Бундан ташқари Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам, алоқа ва ахборотлаштириш қўмитаси ҳам, TeliasSoneraнинг фаолияти мутлақо қонун доирасида бўлганини айтиб келаётган эдику. Демак, бу ерда ё Гулнора, ё Ўзбекистон расмийлари ёлғон гапирмоқда, дейди Ола Вестерберг.

Швед журналисти Гулнора Каримова интервьюсининг ҳақиқатга мос бўлмаган бошқа жиҳатларига ҳам эътибор қаратади.

- У истаса тафсилотларни назардан қочирмайди. Масалан, Mannheimer Swartling адвокатлик фирмасининг ҳсиоботи 165 саҳифадан иборат эканига эътибор қаратади-да, бошқа фактларни бузиб беради. Гўёки, Mannheimer Swartling TeliaSonera Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатишга уринганига оид имейлларни топмаган, бундай имейллар умуман бўлмаган, деган иддаолар келтирилади. Аслида эса, TeliaSonera бу имейлларни адвокатлик фирмасига тақдим қилмаган. Бу имейллар Швеция прокуратураси томонидан очиқланди. Яъни бу ерда ёлғон информация берилмоқда. Ундан кейин Гулнора Каримова ҳеч қачон TeliaSonera вакиллари билан учрашмаганини иддао қилади. Бу ҳам ёлғон, у 2008 йил январида, Тошкентда ширкатнинг собиқ президенти Ларс Нюберг билан учрашган, буни Нюбергнинг ўзи тан олган. Яъни бу ҳам тасдиқланган факт, дейди Швециянинг ТТ агентлиги мухбири Ола Вестерберг.

Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти деб тақдим қилинаётган матнда Гулнора Каримова ўз навабтида Беҳзод Аҳмедовга қарши компрамат ўлароқ, ўтган йили бир нечта вебсайтда эълон қилинган мақолани ҳам илова қилади. Бу мақолада Аҳмедовнинг Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаев билан олди-берди қилгани иддао қилинади.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, президент қизининг мамлакат хавфсизлик хизмати мулозимини очиқчасига айблаши унинг ҳокимият учун қаттиқ кураш кетаётгани белгисидир.

- Шу пайтгача Гулнора ҳеч қачон Ўзбекистон ичкарисидаги процесслар тўғрисида бу қадар очиқ гапирмаган эди. Бу биринчи марта бўлаяпти. Агар мақолага эътибор берган бўлсангиз, Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари Ҳаëт Шарифхўжаев Беҳзод Аҳмедовнинг асосий ҳомийси, ҳимоячиси эканлиги айтилган. Бир нарса хулоса қилиш мумкин. Ўзбекистон режими ичида бир томондан Гулнора Каримова, иккинчи томондан қудратли шахслар ўртасидаги урушни очиқчасига тан олганини англатади,- дейди Камолиддин Раббимов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:53 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG