Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:15

МТС келаси ой Ўзбекистонни буткул тарк этиши мумкин


Россиянинг МТС мобил алоқа ширкати келаси ой Ўзбекистон бозорини буткул тарк этиши мумкин. Бу ҳақда ширкат эгаси Владимир Евтушенков сешанба куни “Вести” мухбири билан суҳбатда таъкидлади.


Жаноб Владимир Евтушенковга кўра, ҳозирда МТСнинг Ўзбекистонни тарк этишига тайёргарлик кўрилмоқда ва бу жараён келаси ойда якуний босқичга киради.

"Биз деярли у ердан кетиб бўлганмиз. Ҳозир ускуналаримиз ва оз сонли ходимларимиз қолган. Ўйлайманки, апрел ойида ҳаммаси тугайди ва бу бозордан кетишимизга тўғри келади",- деб таъкидлади Евтушенков.

Ҳафта бошида Тошкент хўжалик суди МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Ўздунробита" аризаси бўйича тингловни апрел охирига қолдирган эди.

Тошкентдаги маҳкама кредиторларнинг "Ўздунробита"ни банкрот деб эълон қилиш ва мол-мулки нархини белгилаш жараёнини очиш ҳақидаги талабини қондирмаган ва 22 апрелга қадар кузатув амалларини узайтиришга қарор қилди.

Шу йилнинг 18 январ куни Тошкент шаҳар суди “Ўздунробита” ўзига нисбатан молиявий даъволарни қондира олмаслиги сабабидан, ширкатни банкрот деб эълон қилиш тўғрисидаги аризасини қабул қилган эди. Ширкат устидан назорат ўрнатилиб, янги муваққат раҳбар тайинланган эди.

5 март куни “Ўздунробита” кредиторлари мажлисида ширкатни банкрот деб эълон қилиш ва уни тугатишни сўраб, хўжалик судига мурожаат қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

МТС раҳбари Владимир Евтушенков, Ўзбекистонда ширкат юз тутган воқеаларни “сўнгги йиллардаги муваффақиятсизликлардан бири“ сифатида таърифлайди.

"Ҳеч бир асоссиз устимиздан ҳукм ўқиб қўйишди", – дея таъкидлади Евтушенков "Вести" мухбири билан суҳбатда.

МТС раҳбарига кўра, Ўзбекистондаги ҳодисалар оқибатида ширкат 1 миллиард 80 минг АҚШ доллари миқдорида зарар кўрган.

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида 2004 йилдан буён ишлаб келган ва мамлакатдаги энг йирик мобил ширкати ҳисобланган "Ўздунробита" фаолияти ўтган йилнинг июл ойида ҳукумат томонидан тўхтатиб қўйилган. Ширкатнинг тўрт ходими ҳибсга олиниб, жарима ва аҳлоқ-тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги мулки мусодара қилинган.

Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳар Хўжалик суди Ўзбекистон Коммуникация ва ахборот технологиялари агентлигининг "Ўздунробита"га берилган лицензияни бекор қилиш ҳақидаги қарорини ўз кучида қолдирган.

Фаолияти тўхтатилгунига қадар "Ўздунробита" Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа оператори эди. Алоқаси мамлакатнинг 94 фоизини қамраб олувчи оператор 9 миллиондан ортиқ абонентга хизмат кўрсатган. Бу Ўзбекистон мобил алоқа бозорининг 40 фоизидан ортиғидир.

“Ўздунробита” фаолияти тўхтатилиши ортидан унинг миллионлаб мижози мамлакатда фаолият юритувчи бошқа ширкатларга ўтиб кетди.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. 1990 йиллар охирларида ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса Каримова “Ўздунробитани” Россиянинг МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

МТС-Ўзбекистон муаммолари ўтгаин йилнинг июн ойида “Ўздунробита” бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг мамлакатдан қочиб кетгани тўғрисидаги хабарлар ортидан пайдо бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Беҳзод Аҳмедовни молиявий қаллобликларда айблаб, халқаро қидирувга берган.
XS
SM
MD
LG