Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:30

Гулнора Каримова яна президентлик амбициялари ҳақида гапирди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғичи Гулнора Каримова Celebrity Scene News PR агентлиги мухбири билан суҳбатда келажакда президентликка ўз номзодини илгари суришини эҳтимолдан истисно қилмаслиги ҳақида гапирди.



Каримова хоним Celebrity Scene News PR агентлиги мухбирининг Ўзбекистон президенти бўлганингизда ўзингизни қандай хис қилган бўлардингиз деган саволига: "Ўзимда буни синаб кўрмагунимча, бу саволга жавоб бера олмайман. Ҳозирги аҳволимдан мамнунман. Мен бирон лойиҳани бажара олишига ишонч ҳосил қилмагунча, қадам ташламайдиган одамман. Мен босқичма-босқич ҳаракат қилишни афзал кўраман",- деб жавоб берган.

Тошкентда октябр ойида бўлиб ўтган Art week фестивали пайти ёзиб олинган мазкур суҳбат Интернетда ҳозир эълон қилинмоқда.

Қарийб қирқ дақиқалик суҳбат чоғида Гулнора Каримова асосан Фонд Форум доирасидаги ўзининг ҳайрия ишларига батафсил тўхталган.

Celebrity Scene News PR агентлиги мухбири Питер Алман Гулнора Каримовани “Малика” деб таърифларкан, унинг президентлик амбициялари ҳақида қайта-қайта сўрайди.

"Танқидчиларим мени "Малика" деган номдан фойдаланаяпти, дея танқид қилишади. Лекин қилаётган эзгу ишларимизни кўраётганлар ҳам менга нисбатан ҳудди шу сўзни, "Малика" сўзини ишлатишади. Мен эса бундан куламан”,- дейди Гулнора Каримова.

Гулнора Каримова дипломатик фаолиятидан ташқари, қўшиқчилик, заргарлик, модельерлик ва шоирлик каби фаолиятлари билан ҳам танилган.

Celebrity Scene News PR агентлиги мухбири ундан энди актёрликни ҳам синаб кўрмайсизми деб сўрар экан, у буни ҳам истисно қилмаслигини таъкидлади.

"Менга бир неча таклифлар келиб тушди. Art week фестивалида таклифлар бўлди. Бу менинг ҳаётимда жуда бир қизиқ, кутилмаган бурилиш ясаган бўларди. Лекин менинг ишим кўплиги туфайли бунинг имкони бўлмаса керак. Лекин, "ҳеч қачон ҳеч қачон" дейишади. Менимча, бу қандай ғоя, жамоа, ё лаҳзага боғлиқ бўлади. Мен шундоқ ҳам санъат билан кўп шуғулланаман, шундай экан жон деб бир қизиқ ҳикоянинг бир қисми бўлишни хоҳлардим",- деб айтган Гулнора Каримова.

Амбицияли ҳар бир одам президент бўлиши мумкин

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи ўз етакчилигидаги Фонд Форумнинг декабр ойида ўтказилган ҳисобот анжуманида ҳам журналистлар саволларига жавоб берар экан келгусида президентликка номзодини илгари суриши эҳтимолини назардан соқит қилмаган эди.

РИА Новости ахборот агентлиги мухбирининг “ўзингизни Ўзбекистоннинг потенциал президенти президенти сифатида кўрасизми”, деган саволига Каримова хоним “амбицияли ҳамда мияси жойида ва интилувчан ҳар бир одам потенциал давлат раҳбари бўлиши мумкин”, деб жавоб қайтарган эди.

Ўшанда Гулнора Каримова ўзини ҳам амбицияли одам деб ҳисоблашини қўшимча қилар экан: "Мен баъзида ўзим учун потолок (имкониятларим чегараси демоқчи-таҳр.) нима, деган саволга жавоб беришга қийналаман, лекин ўзимни ривожланаётган инсон сифатида аниқ чегара қўйилмаган киши деб ҳисоблайман", деган эди.

41 яшар Гулнора Каримова фаолияти кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ҳам ичида ҳам ташқарисида жамоатчиликка фаол кўрина бошлади.

Бу ҳол эса Ўзбекистонда Каримова хонимнинг президент отасига ворис бўлишга тайёрланмоқда, деган фикрларга туртки бўлди.
XS
SM
MD
LG