Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:59

Озодлик 60 ёшда: Тошкент бюросининг очилиши


Мухбирлик бюроси раҳбари Фурқат Яквалхўжаев Озодлик радиосининг Тошкент шаҳри Муртазоева кўчаси 6-уйдаги илк идорасида.
Мухбирлик бюроси раҳбари Фурқат Яквалхўжаев Озодлик радиосининг Тошкент шаҳри Муртазоева кўчаси 6-уйдаги илк идорасида.

Германиянинг Мюнхен шаҳридан туриб 43 йил давомида ўзбек тилида эшиттиришлар узатиб келган Озодлик радиосининг Тошкент бюросида ҳозирланган илк репортажи 1996 йилнинг 7 апрелида эфирга чиқди.

Тўрт йиллик музокара

Озодлик радиосининг Тошкентдаги бюроси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида рўйхатга олингани ҳақидаги ҳужжатга 1996 йилнинг 15 мартида имзо чекилди.

Бу вақтга келиб Озодлик радиосининг Ўзбекистонда ўз мухбирлик бюросини очиш ҳақида Тошкент билан Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарияти ҳамда Вашингтон мулозимлари ўртасида келишувга эришилганига 4 йил тўлган эди.

1992 йил май ойида икки томон расмийлари имзолаган келишувда, асосан икки масала — Озодлик радиосининг Ўзбекистонда мухбирлик пунктини очиш ва Озодлик эшиттиришлари трансляциясини қисқа тўлқиндан ўрта тўлқинга ўтказишга келишилган эди.

Ҳужжат имзоланганидан кейинги тўрт йил давомида Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарлари, Озодлик радиосининг Прагадаги таҳририятига раҳбарлик қилган Ёқуб Турон тўрт бора Тошкентга борди.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати расмийлари келишувнинг ўзларига оид қисмини бажаришга ҳеч шошмаётган эди.

Бу тўрт йил ичида радио раҳбарияти ва АҚШ мулозимлари ўртасида кечган музокараларга бевосита гувоҳ бўлган журналист Фурқат Яквалхўжаев 1996 йилнинг июн ойига келиб Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг АҚШга илк сафари арафасида бюрони очиш масаласи узил-кесил ҳал бўлганини эслайди:

- Раҳбаримиз Ëқуб Турон Тошкентга келарди. Бирорта одам расман қабул қилмаган, уларнинг эшигида пойлаб-пойлаб кетган эди. Сабр-тоқат билан, босиқлик билан қилинган музокаралар орқали, тушунтириш орқали, қадам-бақадам биз ўша яхши кунларга келганмиз. Бундан ташқари, 1996 йилга келиб Ўзбекистон-Америка муносабатлари тубдан яхшилана бошлади. Ўша йили ëз ойида Ўзбекистон раҳбари Америкада АҚШ президенти Билл Клинтон билан учрашган. Қисқаси, Америка-Ўзбекистон муносабатларини яхшиланиши радио бюросининг очилишига жуда катта туртки бўлган, дея хотирлайди Фурқат Яквалхўжаев.

Озодлик радиосининг Тошкентдаги бюроси хорижий ахборот воситаси ўлароқ 1996 йилнинг 15 мартида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 42-рақам остида рўйхатга олинди.

10 кишилик кичиккина жамоа учун хориж элчихоналари ва бошқа дипломатик корпус вакиллари учун ажратилган Муртазоева кўчаси, 6-уйдан 3 хоналик кичиккина квартира ажратилди.


Тантанали очилиш маросими

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расман рўйхатга олинганлик ҳақидаги ҳужжат қўлга тушгач, Озодлик жамоаси Тошкентдаги мухбирлик пункти учун идорага мўлжалланган бино қидира бошлади:

- Муртазоева кўчасидаги уйга одатан, Ўзбекистонда ишлашига рухсат берилган хориж ташкилотлари келар ва ўзларига доимий қароргоҳ топгунча, шу ерда ишлаб турар эди. Озодлик радиоси ҳам илк бор шу бинода иш бошлади, дейди Яквалхўжаев.

1996 йилнинг 17 апрелида - Озодлик радиосининг Тошкентдаги бюроси очилиши икки томон мулозимлари иштирокидаги тантанали маросимга айланди - АҚШ томонидан ўша вақтда Озод Европа/Озодлик радиоси президенти бўлган Кевин Клоуз, Озодлик радиоси ўзбек хизмати раҳбари Ёқуб Турон, АҚШнинг ўшандаги элчиси Стэнли Туэмлер Эскудеро қатнашди; Ўзбекистон томонидан эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва бошқа ҳукумат мулозимлари иштирок этди.

Президент Кевин Клоуз билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўртасидаги музокаралар ҳамда Озодлик радиосининг Тошкентда бюроси очилгани ҳақидаги ЎзА хабари эса расмий нашрларда чоп этилди.

Йиллар давомида Тошкентдан туриб Мюнхенга Ўзбекистон ва минтақа янгиликларини юбориб турган Фурқат Яквалхўжаев 1996 йилнинг ноябридан бошлаб Озодлик радиосининг Тошкентдаги бюросига илк раҳбар этиб тайинланди.

Бюрода ҳозирланган илк репортаж эса 1996 йилнинг 17 апрелида Прагадан ҳавога узатилди.

Озодлик радиосининг Тошкентда ўз мухбирлик пунктини очиши ва мухбирларнинг воқеа жойидан хабарларни узата бошлаши, мамлакатдаги турли тадбирлар, шу жумладан ҳукумат тадбирларида иштирок этиб, мулозимлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлиши билан Озодлик радиоси фаолиятида янги палла бошланди.

(Давоми бор.)
XS
SM
MD
LG