Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:10

К.Клоуз: Мақсадимиз воқеликни қўрқувсиз ва бетараф ёритишдир!


Озод Европа/Озодлик радиоси Президенти Кевин Клоуз.
Озод Европа/Озодлик радиоси Президенти Кевин Клоуз.
17 йил муқаддам Озод Европа/Озодлик радиосининг Президенти Кевин Клоуз Озодлик радиосининг Тошкентдаги мухбирлик пункти очилиш маросимида иштирок этган, ўша кезда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан музокаралар ўтказган эди. Президент Клоуз ўшанда ҳам, ҳозир ҳам радионинг асл мақсади воқеликни холис ва ҳаққоний ёритиш эканини таъкидлади.


Икки соатлик самимий суҳбат

43 йил давомида Германиянинг Мюнхен шаҳридан туриб ўзбек тилида эшиттиришлар узатиб келган Озодлик радиосининг Тошкент бюросида ҳозирланган илк репортажи 1996 йилнинг 17 апрелида эфирга чиққан.

Зеро, ўша йилнинг июн ойида Ўзбекистон президентининг АҚШга илк сафари режалаштирилган ва 25 июн куни унинг ўша вақтда АҚШ президенти бўлган Билл Клинтон билан Вашингтонда музокаралар юритиши кутилаётган эди.

Ўша кезда Ўзбекистон ҳукумати ташқи сиёсатда, асосан Ғарб давлатларига устунлик бераётган ва шу боис, ғарб ахборот воситалари, хорижий дипломатик корпуслари вакиллари изчиллик билан Ўзбекистонда рўйхатга олинаётган эди.

Бюро очилган куни — 1996 йилнинг 17 апрелида Озод Европа/Озодлик радиосининг ўша вақтдаги ҳамда ҳозирги Президенти Кевин Клоуз билан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўртасида музокаралар ҳам бўлиб ўтди.

"Халқ сўзи" газетасининг икки президент учрашуви ёритилган 1996 йил, 18 апрел кунги сони.
"Халқ сўзи" газетасининг икки президент учрашуви ёритилган 1996 йил, 18 апрел кунги сони.
Ислом Каримов билан қарийб икки соат суҳбатлашган Кевин Клоуз Озодликнинг 60 йиллиги арафасида ўша кунни хотирлади.

- Биз президент жаноблари билан қарийб 2 соат суҳбатлашганмиз. У жуда синчковлик ва масъулият билан бизни тинглаган, биз билан фикр алмашган эди. Биз ўшанда жаноб президентга сизнинг – Ўзбек хизматининг журналистлик фаолияти – асл, тасдиқлаб бўладиган фактларни топишга асослангани, эркинликка ва шу боис, ҳам ишончга эга эгани ҳақида айтдик. Президент Каримов бизнинг Озодлик радиоси Ўзбек хизматига оид тақдимотимизни диққат билан эшитди ва мулоқотни маъқуллаб, қувватлаб борди. Биз суҳбатни жуда ижобий хулосалар билан якунладик ва ундан сўнг ҳам ижобий руҳдаги музокараларни давом эттиришга муваффақ бўлган эдик, дея хотирлайди Кевин Клоуз.

Қуйида Озод Европа/Озодлик радиоси президенти билан қурилган суҳбатдан бир парчани томоша қилишингиз мумкин.


Озодлик президенти Кевин Клоуз билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:32 0:00


Ўша кунларни хотирлар экан президент Клоуз Ўзбекистон ва Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарияти ўртасидаги музокараларда фаол иштирок этган ва ижобий натижага эршилишида ўз ҳиссасини қўшган журналист, дея Фурқат Яквалхожиевни алоҳида хотирлаб ўтди.

Озодликнинг Тошкентда аккредитация қилинган илк мухбири Фурқат Яквалхожиев.
Озодликнинг Тошкентда аккредитация қилинган илк мухбири Фурқат Яквалхожиев.
Фурқат Яквалхожиев Озодликнинг Ўзбекистонда аккредитация олиб иш бошлаган илк ҳамкори бўлган ва Тошкентдаги мухбирлик пунктининг очилишига қадар кечган музокараларда иштирок этган.

1997 йилнинг 18 апрел кунида Ўзбекистоннинг барча расмий нашрлари, шу жумладан “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Ўзбекистон овози” каби газеталарда Ўзбекистон ва Озод Европа/Озодлик радиоси президентлари ўртасидаги мулоқот фотосуратлари билан бирга чоп этилди.

Бундан ташқари, Озодлик радиосининг Тошкент шаҳри Муртазоева кўчаси 6-уйдан вақтинча идора қилиб берилган мухбирлик пунктининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мухбирлик пунктининг очилиш маросимида Озод Европа/Озодлик радиоси президенти бўлган Кевин Клоуз, Озодлик радиоси ўзбек хизмати раҳбари Ёқуб Турон, ўшанда АҚШнинг Тошкентдаги элчиси бўлган Стэнли Туэмлер Эскудеро қатнашди.


"Ўзбекистон овози" газетасининг 1996 йил, 18 апрел кунги сони.
"Ўзбекистон овози" газетасининг 1996 йил, 18 апрел кунги сони.
Ўзбекистон томонидан эса Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, президентнинг ўша вақтдаги матбуот котиби Мурод Муҳаммад Дўст ва бошқа ҳукумат мулозимлари иштирок этди.

Озодлик радиосининг Тошкентда мухбирлик пункти очилиши ҳақида Ўзбекистон ахборот агентлигининг хабари ҳам ўша кунги марказий расмий нашрлардан ўрин олди.

1996 йилдан бошланган ва қарийб 10 йил давом фаолияти даврида Озодлик радиосининг Тошкентдаги мухбирлик пунки ҳамкорлари сони 8 нафардан 16 нафарга етди.

Ўзбекистоннинг йирик вилоятларида Озодлик мухбирлари пайдо бўлди ва уларнинг воқеа жойидан ҳозирлаган хабарлари кундалик равишда Прагадан ҳавога узатилди.


Сиёсий иқлимнинг ўзгариши

Озодлик радиоснинг аввалига Ўзбекистон президентининг дуои фотиҳаси билан иш бошлаган Тошкентдаги мухбирлик пункти дастлабки бир неча йил ичида нисбатан эмин-эркин ишлади.

Озодлик радиосининг Тошкентда бюроси очилгани ҳақидаги расмий хабар. "Ҳалқ сўзи", 1996 йил, 18 апрел.
Озодлик радиосининг Тошкентда бюроси очилгани ҳақидаги расмий хабар. "Ҳалқ сўзи", 1996 йил, 18 апрел.
Аммо, 1999 йиллардан сўнг радио мухбирларининг Ўзбекистондаги фаолияти аста-секинлик билан чеклана бошлади.

Чунки, бу вақтга келиб Ўзбекистондаги ички сиёсатни тубдан ўзгартирган воқеалар содир бўла бошлади.

Аввалига, 1999 йилнинг 16 февралидаги Тошкент портлашлари содир бўлди. Бунинг ортидан мамлакатдаги сиёсий гуруҳлар, диний жамоалар устидан кескин назорат ва уларнинг етакчилари ортидан таъқиблар бошланиб кетди.

2004 йилга келиб, Тошкентда яна портлашлар содир бўлди ва бу гал диний жамоалар устидан назорат янада кучайди. Бутун республика бўйлаб ҳуқуқ-тартибот идораларининг репрессив ҳаракатлари янги тўлқини авж олди.

Озодлик эса бу ва бошқа муҳим воқеаларни ўзи жойидан туриб, гувоҳлар тилидан ёритиб борди.

Ўша кезда Озодликнинг микрофони ҳаммага - ҳукумат тазйиқига учрагани, ҳуқуқлари топталганини сўзлаган фуқаролар ва айни пайтда, бу воқеалар ортида сиёсий, диний мухолифат турганини сўзлаган ҳукумат расмийларига ҳам бирдек очиқ бўлди.

Бироқ, 2005 йилнинг май ойида Андижондаги норозилик чиқишлари қонли бостирилиши ортидан Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати тамомила бошқача тус олди.

Андижон воқеалари ҳақида Ғарб нодавлат ташкилотлари ва ҳукуматлари томонидан қилинган кескин танқидларни қабул қилмаган ҳамда ғарбдан юз ўгирган Ўзбекистон ҳукумати Озодлик радиосининг Тошкентдаги мухбирлик пунктини ёпишга қарор қилди.


Янгича сиёсат оқибатлари

2005 йилнинг 12 декабрида Тошкент бюросини ёпиш ҳақида олинган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қарорида Озодлик мухбирлари журналистик этикани бузганлик, мухолиф партияларга ён босганлик ва экстермистик гуруҳларга алоқадорлик каби айбловлар билан айбланди.

Озодликнинг 2005 йил 12 декабр куни хайрлашув кечасига йиғилган жамоаси.
Озодликнинг 2005 йил 12 декабр куни хайрлашув кечасига йиғилган жамоаси.
Аммо, 2006 йилга келиб Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги бошқа халқаро хорижий ахборот воситаларининг фаолиятини ҳам чеклай бошлади.

Қатор халқаро ноҳукумат ташкилотлар, Ғарбнинг Ўзбекистонга катта-катта сармоя киритган ширкатлари бирин-кетин мамлакатдан чиқарилди.

Сўнггилардан бўлиб дунёнинг, ҳатто ўта репрессив ва авторитар давлатларида ишлаб келаётган HRW инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам чиқариб юборилди.



Озодликнинг яқин хорижда ишини давом эттирган мухбирларидан бири Меҳрибон Бишкек студиясида.
Озодликнинг яқин хорижда ишини давом эттирган мухбирларидан бири Меҳрибон Бишкек студиясида.
Аммо, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва демократик тамойиллар устиворлиги учун курашиб келаётган халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон билан боғлиқ фаолияти бу қув-қувлар билан тўхтаб қолмади.

Хусусан, Озодлик радиосининг Ўзбекистондан чиқариб юборилган мухбирлари Ўзбекистонга қўшни давлатлар ва дунё давлатларидан туриб ишини давом эттирмоқда.

2013 йилдан Озод Европа/Озодлик радиосининг президентлигига қайтган Кевин Клоуз бундай чекловлар билан 60 йиллик шонли тарихга бўлган радионинг йўлини тўсиб бўлмаслигини айтади.

- Гарчи воқеа жойида мухбирлик пунктига эга бўлмасакда, сизнинг ишингизни кузатаётган, сизга ёрдам беришга ошиққан ва сизга ишонган одамлар бор. Зеро, уларнинг кўмагида холис ҳамда мустақил ахборотга асосланган, сиёсий босимлар остида шаклга солинмаган, ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳоли, фатклар ва ўз мустақил суриштирувларига асосланган, муҳими асл воқеликдан сўзлайдиган журналистик фаолиятни амалга ошириш мумкин, дейди Кевин Клоуз.

Озодликнинг Ўшдаги қонли низоларни ёритган мухбирларидан бири Шерзод Юсуф.
Озодликнинг Ўшдаги қонли низоларни ёритган мухбирларидан бири Шерзод Юсуф.
Озод Европа/Озодлик радиоси ҳозирги кунда дунёнинг 21 давлатида 28 тилда эшиттиришларини тақдим қилиб келмоқда.

Бу давлатлар орасида радиога нисбатан Ўзбекистон ҳукумати каби йўл тутган, Озодлик мухбирларини чеклаган ёки тақиб қилган давлатлар оз эмас.

Озодлик радиосининг 60 йиллиги арафасида бугунги репрессив сиёсий режимлар ва уларнинг босими остида ишлаётган эркин матбуот ҳақида сўзлаган президент Кевин Клоуз Озодлик тингловчиларига чақириқ билан юзланди.

- Алоҳида айтишим керакки, бизнинг мухбирлик пунктларимиз бўлган бошқа кўплаб давлатларда ҳукумат мулозимлари баёнот бериш учун бугун бизнинг радио минбаридан фойдаланмоқда. Чунки, бу радио мустақил, эркин бўлгани боис ўша давлат мулозимининг асл ҳоли ёки матубот котиби берган маълумотларни борича, холис эфирга узатади. Бу эса радиога бўлган ишончни кучайтирмоқда ва бу жуда муҳим кўрсаткичдир. Бизнинг асл мақсадимиз реал воқеликни, ҳукуматлар сиёсатини, мавжуд босимларни, айни пайтда оддий одамларнинг ҳаёти ва муаммоларини холис ва ҳаққоний ёритишдир. Муҳими, аввал айтганим каби бу вазифани қўрқмасдан ва холис бажаришимиздир.

Мен яна бир карра ўта муҳим ва улуғ хизмати учун Озодлик радиоси ходимларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, Ўзбекистондаги ва дунёнинг бошқа нуқталаридан туриб, бизни қисқа тўлқинларда тинглаётган, бутун дунёни бирлаштирган интернет тармоғида ўқиётган муштарийларимизга ҳам миннатдорчилик билдираман. Яна бир бор Озодлик радиоси ходимларини табриклайман! деди 60 йиллик сана муносабати билан Озодликка сўзлаган президент Кевин Клоуз.

(Давоми бор.)
XS
SM
MD
LG