Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:45

Ëзувчи Мамадали Маҳмудовга қамоқда янги айблар қўйилди


14 йилдан бери қамоқда қолаëтган 72 яшар таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудовга қарши янги айблов илгари сурилди. Яқинларига кўра¸ қамоқ муддати шу йилнинг 19 феврали куни тугаган ëзувчи жазони ўташ мобайнида қоидаларни бузганликда айбланмоқда.

Мамадали Маҳмудовнинг рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатига кўра¸ маҳкум ëзувчи Чирчиқдаги зонадан Тоштурмага олиб келиниб тергов қилинмоқда.

Маҳмудовнинг исми айтилишини истамаган бошқа яқинларининг Озодликка айтишича¸ ëзувчига нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 221-моддасига асосан айблов илгари сурилган.

"Жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" деб номланган 221-моддага асосланиб Мамадали Маҳмудов 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.



Маҳмудов яқинларининг айтишича¸ 1991 йилда президентликка даъвогарлик қилган ëзувчига қарши айблов ҳужжати 5 март куни прокурор тарафидан имзоланган.

Бу ҳужжатда Мамадали Маҳмудовнинг жазони ижро этиш муассасасида 31 марта қоида бузгани иддао қилинган.

14 йиллик қамоқ жазоси 19 феврал куни тугаган 72 яшар таниқли ўзбек ëзувчиси Мамадали Маҳмудов айни пайтда Тоштурмада сақланаëтгани айтилди.

Бундан олдин ëзувчининг жазо муддатига яна қўшиб берилаëтгани борасида маълумотлар пайдо бўлган эди.

Ëзувчининг рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг Озодликка айтишича¸ 9 феврал куни Мамадали Маҳмудов ўзи жазо ўтаëтган Чирчиқдаги колониядан олиб келиниб, Тоштурмадаги камерага жойлаштирилган.

Ўтган йил охирида Мамадали Маҳмудовнинг Чирчиқдаги колонияда боши уриб ëрилгани ҳақида маълумотлар чиққан эди.

Ëзувчининг рафиқаси Гулсара Маҳмудовага эса "эринг бошидан жароҳат еди, йиқилиб тушди", деб хабар беришган.

- Бошидан қаттиқ лат еди деб айтишди. Кейин Cангородда (қамоқ касалхонаси) даволандилар. Қизим дори олиб борган эди феврал бошида¸ киролмай қайтиб келди. 11 феврал куни ўғлим узоқ навбатда туриб, олиб борган овқат ва дориларини отасига беролмабди, ўзи билан ҳам учраштирилмаган¸ деган Гулсара опага кўра¸ Маҳмудовнинг Тоштурмага олиб кетилганини унинг ўғлига маълум қилишган.

Абадий маҳбус

Тутқунликдаги таниқли адиб Мамадали Маҳмудов билан боғлиқ вазиятни кузатаëтган тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Дилором Исҳоқованинг айтишича¸ ëзувчини “ички тартибни бузганлик”да айблаб, абадий маҳбусга айлантириш ҳаракатлари кетмоқда:

- Мамадали Маҳмудов Тоштурмада. Маҳмудов ўзига белгиланган жазони соатма-соат ўтаб бўлди. Ўтган йили амнистия чиққанида у киши озод бўлиши керак эди. Чунки жазо муддати тугашига уч ой қолган эди. Менимча, худди Муҳаммад Бекжон¸ Мурод Жўраев каби Мамадали Маҳмудовни ҳам умрбод тутқунга айлантиришмоқчи¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Президентликка даъвогар

1991 йил Ўзбекистонда президентлик сайловлари бошланганида Ўзбекистон Маданият жамғармаси умумий йиғилиш ўтказиб¸ жамғарма раиси Мамадали Маҳмудов номзодини Ўзбекистон президентлигига кўрсатиш бўйича бир овоздан қарор қабул қилди.

Аммо Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Мамадали Маҳмудовни президентликка номзод қилиб рўйхатга олмади.

Мамадали Маҳмудовни яқиндан билганларнинг Озодликка айтишича¸ унинг биографиясидаги бу жиҳат ëзувчини Ўзбекистон раҳбариятининг севилмаган шахсига айлантирган.

Тутқунликда энг узоқ қолаëтган ўзбек ëзувчиси

Ëзувчиларнинг Халқаро ПЕН уюшмаси Мамадали Маҳмудовни дунëдаги энг узоқ муддат тутқунликда қолаëтган ëзувчи сифатида таърифлаб, уни озод қилишга чақириб келади.

Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Мамадали Маҳмудов маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Мамадали Маҳмудов қамалганидан буён кўплаб маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар унинг озод қилинишини талаб қилиб келмоқда.

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов “Менинг Боғдоним”, “Боғдон бўриси”, “Бургут қаноти” каби асарлар муаллифи.

Маҳбуслик даврида ёзаётган асарларининг қўлëзмалари эса, рафиқаси Гулсара Маҳмудованинг айтишича¸ қамоқхона мутасаддилари томонидан тортиб олиниб, қайтариб берилмаган.

Собиқ диссидент

Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги учун совет тузуми даврида курашган ëрқин сиëсатчилардан бири сифатида эътироф қилинади.

Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” асари совет даврида таъқибга учраган.

"Ўлмас қоялар" романи француз тилида нашр этилган. 1999 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхонасида сақланаётган адибнинг асарини Филипп Фризон француз тилига таржима қилган.

1981 йилда "Шарқ юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романи Марказий Осиёнинг Россия томонидан босиб олиниши, туркий халқларнинг Россия босқинига қарши курашига бағишланган.

Айни пайтда, ëзувчиларнинг Халқаро ПЕН ташкилоти Мамадали Маҳмудовнинг озод этилиши учун кампанияни давом эттирмоқда.

Ўзбекистон халқ шоираси Гулчеҳра Нуриллаева Мамадали Маҳмуд дарҳол қамоқдан озод қилиниши зарур деган талаб билан чиққан мамлакат ичидаги саноқли зиëлилардан биридир.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:48 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG