Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:43

"Москва-Ситида" ўзбекистонлик муҳожир нобуд бўлди


“Москва-Сити” мажмуаси қурилишида марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари аввал ҳам бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлган.
“Москва-Сити” мажмуаси қурилишида марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари аввал ҳам бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлган.

Москвада қурилаётган “Москва-Сити” комплексида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Полицияга кўра, ишчининг бошига 40 қават баландликдаги швеллер тушиб кетган.



Москвада собиқ шаҳар мэри Юрий Лужков ташаббуси билан 1996 йилдан буён қурилаётган “Москва-Сити” бизнес марказидаги объектларидан бирида ўзбекистонлик 22 ёшли йигити нобуд бўлди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармасининг Марказий округ бўйича матбуот маркази бошлиғи Эльвира Кашафетдинова Озодликка ҳодиса 24 март куни кундузи иш вақтида содир бўлганини маълум қилди.

- 24 март куни “02” хизматига “Краснопресненская набережная” 7 манзили бўйича фуқаро устига металл қурилма тушиб кетгани борасида хабар келди. Ҳодиса жойига етиб борган оператив ходимлар нобуд бўлган шахс 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди. “Москва-Сити”га тегишли бўлган бу кўп қаватли бино қурилишида ҳозир Москва шаҳри бўйича Тергов қўмитаси ходимлари тергов олиб бормоқда,- деди Москва полицияси расмийси Эльвира Кашафетдинова.

Терговчилардан олинган дастлабки маълумотга кўра, юқорига кўтарилаётган 6 метрли металл швеллер яхши қотирилмагани боис бинонинг 40 қаватида узилиб кетган ва пастда ишлаётган ўзбекистонлик мардикорнинг устига тушган.

Олинган бош-мия жароҳатирдан қурувчи йигит ҳодиса жойида ўлган, унинг ёнида ишлаётган бошқа ишчиларга шикаст етказилмаган.

Москва шаҳар Тергов қўмитаси вакиллари фожиага юклаш-кўтариш ишларида йўл қўйилган хавфсизлик қоидаларининг қўпол тарзда бузилиши ва шахсий эҳтиётсизлик сабаб бўлган, деб таъкидлашди.

Терговчилар тафтиши давом этмоқда, жиноий иш қўзғатилиши масаласи кўрилмоқда.

“Москва-Сити” кўп қаватли бинолар мажмуаси қурилишида марказий-осиёлик меҳнат муҳожирлари билан боғлик бахтсиз ҳодисалар биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ.

2001 йилнинг 9 июлида “Москва-Сити”нинг Тарас Шевченко кўчаси тарафида минорали кран тушиб кетиши оқибатида икки киши нобуд бўлган.

2006 йил 19 августда “Москва-Сити” қурилишига жалб қилинган меҳнат муҳожирлари ўртасида оммавий муштлашув келиб чиққан. Иш жойини талашаётган Тожикистон фуқаролари ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида бир киши ўлдирилган, беш киши жиддий жароҳат олган.

2007 йилнинг 31 декабрида Марказий бинонинг 16 қаватидан тушликка кетаётган 37 ёшли қирғизистонлик муҳожир қулаб тушган ва халок бўлган.

2010 йилнинг 18 февралида “Центральное Ядро” қурилиш участкасида ишлаётган 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси қоқилиб, 8 метрлик баландликдан тушиб кетган. Олинган жароҳатлардан бу йигитнинг ҳам жони ўша ерда узилган.

Бундан ташқари, кузатувчилар ҳисоб-китобига кўра, “Москва-Сити” ҳудудида кейинги 13 йил давомида 13 маротаба йирик ёнғинлар келиб чиққан.
XS
SM
MD
LG