Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:54

“Ўзбек тилида имтиҳон олмаслик тўғрисида буйруқ йўқ”


Қирғизистон маориф ва фан вазирлиги матбуот котиби Керез Жукеева Озодлик билан суҳбат чоғида мана шундай баёнот берди. Қирғизистонда ўзбек тилида тест имтиҳонларини қабул қилиш таъқиқлангани ҳақида 31 январ куни қирғиз матбуоти хабар тарқатган эди.

Маориф вазирлиги матбуот котиби Керез Жукееванинг айтишича, вазирлик томонидан олий ўқув юртларига кириш имтиҳони вазифасини ўтовчи умумреспублика тестларини ўзбек тилида қабул қилмаслик тўғрисида бўйруқ бўлмаган.

-Маориф вазирлиги ўзбек тилини умумреспублика тестига киритмаслик ҳақида буйруқ чиқармаган. Фақат таълимни баҳолаш ва ўқитиш услублари маркази билан тузилган шартномага ўзбек тилида тест имтиҳонлари топширилиши ҳақидаги банд киритилмай қолган, -деди Керез Жукеева.

Айтиб ўтиш лозимки, Таълимни баҳолаш ва ўқитиш услублари маркази маориф вазирлигидан мустақил тузилма ҳисобланади ва умумреспублика тест имтиҳонларини айнан мана шу тузилма қабул қилади.

Таълимни баҳолаш маркази билан имзоланган шартномада ўзбек тилига оид банднинг тушириб қолдирилгани ҳам тест имтиҳонларини ўзбек тилида топшириш масаласи савол остида қолаётганини англатади. Суҳбатдошимиз Керез Жукееванинг айтишича, умумреспублика тести топширувчи ўқувчиларни рўйхатга олиш якунлангач, тестни ўзбек тилида топшириш нақадар мақсадга мувофиқ экани аниқланади. Унга кўра,ўзбек тилидаги тест масаласи бу тилида қанча одам имтиҳон топширишни исташига қараб ҳал қилинади.

-Ўзбек тилида умумреспублика тестини турли йилларда мингтадан икки мингтагача бўлган битирувчи топширган. Бу ўзбек мактаби битирувчиларининг 20-30 фоизини ташкил қилади. Айни пайтда умумреспублика тестини топшириш ниятида бўлган битирувчиларни рўйхатга олиш жараёни кетмоқда. Бу жараён 11 апрелда якунланади. Рўйхатга олиш натижаларига қараб вазирлик тестни учинчи тилда ўтказиш масаласини ўрганиб чиқади. Агар ўзбек тилида имтиҳон топширишни истовчилар кўп бўлса, бу тилда тест имтиҳонларини қолдириш масаласи ҳал этилади, - деб тушунтирди Керез Жукеева.

Бироқ парламентнинг айрим депутатлари масала бу тарзда ҳал қилинишига қаршилик қилмоқда. 27 март куни Қирғизистон парламентидаги айрим депутатлар яна бир бор ўзбек тилида тест имтихоналарини топшириш масаласини кўтарди. “Қирғизистон парламентида Умумреспублика тестини ўзбек тилида ўтказмаслик талаб қилинган камситувчи баёнотлар янграмоқда”, деб хабар берди 27 март куни 24.kg ахборот агентлиги.

Парламент йиғинида депутат Жилдизкан Жолдошева: “Қайси асосда УРТни ўзбек тилида ўтказамиз? Ўзбекистонда, масалан, қирғизлар ҳам яшайди, лекин улар ягона имтиҳонни ўзбек тилида топширади. Агар УРТни ўзбек тилида топширишга ижозат берсак, ўз тилимизни ҳеч қачон ривожлантира олмаймиз”, деб билдирган.

Маориф вазири Канат Садиков парламент депутатининг саволига жавоб берар экан, умумреспублика тестини топшириш жараёнидан ўзбек тилини олиб ташлаш ҳозирча мақсадга мувофиқ эмаслигини айтган.

2012 йилда парламент депутатлари Умумресбулика тестларини ўзбек тилида олинишига қаршилик билдирган эдилар. Ўтган ойда эса УРТни ўзбек тилида топширмаслик ҳақида қарор чиқарилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

8 феврал куни Озодлик радиосига суҳбат берган маориф вазирлигининг исмини айтмаслигимизни сўраган масъул ходими 1 февралда тест имтихонларни ўзбек тилида топширишни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинганини тасдиқлаган эди.

- Ҳа, чиндан ҳам шундай. Умумреспублика тестлари давлат тили ва расмий тилдагина ўтказилади, -деган эди вазирликнинг айнан шу масала билан шуғулланадиган мутахассиси.

Бу маълумот Қирғизистон матбуотида пайдо бўлгач, бир қатор нодавлат ташкилотлари ўзбек тилида имтиҳон топширишга тўсиқ қўйилиши фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши ва камситилиши эканини айтиб чиқдилар. Қирғизистон халқлари конгресси сиёсий партияси эса ўзбек тилида имтиҳон топшириш ҳуқуқи қайта тикланиши талаб қилинган мурожаатни эълон қилиб, республика бўйлаб имзо йиғиш жараёнини бошлаган эди.

-Май ойида имтиҳонлар бошланади. Ўзбек тилида тест синовларини топшириш масаласи мана шу муддатгача ижобий ҳал қилиниши керак. Чунки ўзбек мактабини битирган ўқувчи рус ёки қирғиз тилида ўз билим даражасининг нақадар кенглигини кўрсата оладиган даражада имтиҳон топшира олмайди. Бу билан эса биз минглаб ёшларнинг келажагини бўғиб ташлаган бўламиз. Бу масала тўғри тушинилиши ва ўзбек тилида имтиҳон олиш масаласи тез кунларда ижобий ҳал этилиши лозим, -деди партия раиси Шамшибек Медетбеков.

Маориф вазирлигига кўра, Қирғизистондаги ўзбек мактабларида 122 минг 200 ўқувчи таълим олади. Ўтган йили ўзбек мактабларини битирган 7 минг ўқувчидан 1 минг 74 нафари УРТни ўзбек тилида топширган.
XS
SM
MD
LG