Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:37

Ўзбекистон божхоначилари импортни чеклашни бошлади


Ўзбекистон чегараларидаги божхона назорат пунктлари 1 апрелдан импортни чеклашга қаратилган янги тартибда иш бошлади. Энди хориждан товар келтираётган юк ташувчилар божхоначиларга ўндан ортиқ янги ҳужжатни тақдим қилиши шарт.

1 апрелдан Ўзбекистоннинг чегаралардаги Божхона назорат пунктлари Ўзбекистонга кираётган товарлар ва транспорт воситалари назоратини кучайтиришга оид янги тартибда ишлашни бошлади.

Янги тартиб 2013 йилнинг 4 мартида қабул қилинган "Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтишни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" тўғрисидаги қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Яъни, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонга ҳаво, темир йўл, автомобил йўли ва сув транспорти орқали келаётган товарлар "ишончлилигини ошириш мақсадида" назоратини кучайтириш талабини илгари сурган эди.

Бу талаб эса мамлакатга кириб келаётган импорт товарлар контрабандаси олдини олиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни қувватлашга қаратилган 2013 йилнинг 29 мартидаги Ўзбекистон президенти фармони асосида ишлаб чиқилди.

Эндиликда хориждан мол келтираётган юк ташувчилар чегарада уларни кутиб турган божхоначиларга янги ҳужжатларни тақдим қилиши керак.

Айни пайтда ушбу ҳужжатда "юк ташувчилар" дейилганда айнан кимлар - хориждан мол келтирадиган тужжорлар юкини ташувчилар (ширкатлар) назарда тутилганми ёки ўз юкини ўзи келтираётган тужжорларми - бу ҳақда аниқ маълумот берилмаган.

Хуллас, рўйхатдан қуйидаги ҳужжатлар ўрин олган:

а) бош декларация;
б) юк ведомости;
в) авиа юк хати;
г) авиа юк хатига илова қилинадиган ташиладиган юкларга тижорат ҳужжатлари. Юк туркумлаб ташилганда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар юкнинг биринчи туркумига тақдим этилади;
д) халқаро почта жўнатмаларига илова қилиш учун Бутунжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар.

Бу ҳужжатларда эса қуйидаги маълумотлар аниқ кўрсатилган бўлиши шарт:

а) ҳаво кемасининг миллий мансублиги белгилари ва рўйхатдан ўтказиш белгиларини кўрсатиш;
б) парвоз рақами, ҳаво кемасининг парвози йўналишини, учиш пунктини, қўниш пунктини кўрсатиш;
в) ҳаво кемаси эксплуатантининг номи;
г) экипаж аъзоларининг сони;
д) Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ камида 6 белги даражасида товарларнинг номи ва кодлари;
е) авиа юк хатининг рақами, авиа юк хати ва юк туркуми бўйича ўринлар сони;
ж) юк жўнатилган ва қўниладиган пунктлар номи;
з) парвоз қиладиган кеманинг ичига юкланадиган борт анжомлари сони (ҳар бир товарнинг бирликлари сони ва номи);
и) ҳаво кемаси ичида халқаро почта жўнатмалари мавжудлиги;
к) товарнинг ҳар бир кўрсатилган коди бўйича товарларнинг брутто оғирлиги (килограммларда ёхуд бошқа ўлчов бирликларида);
л) товарларнинг фактура қиймати.

Чегарадан темир йўл орқали олиб ўтилаётган товарлар учун бож ҳужжатларида кўрсатилиши шарт бўлган маълумотлар ҳам умумиятла шундай.

Худди шундай автомобил ва сув транспортида олиб кирилаётган юкларни Божхона постларида расмийлаштириш чоғида юк ташувчилар юқорида тилга олинган маълумотларга қўшимча равишда:

а) кеманинг рўйхатга олинганлиги ва унинг миллий мансублиги;
б) кеманинг номи ва тавсифи;
в) капитаннинг фамилияси;
г) кема агентининг фамилияси ва манзили;
д) кемадаги йўловчиларнинг сони, фамилиялари, исмлари, фуқаролиги, туғилган санаси ва жойи, чиқиш ва тушиш порти;
е) экипаж аъзоларининг сони ва таркиби;

ж) кеманинг жўнаш порти ва кириш портининг номи;
з) Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ камида 6 та белги даражасидаги товарларнинг кодлари ва номи;
и) товарнинг ҳар бир кўрсатилган коди бўйича юк жойлари сони, товарларнинг брутто оғирлиги (килограммда ёхуд бошқа ўлчов бирликларида);
к) товарларни юклаш портининг ва тушириш портининг номи;
л) ушбу портда тушириладиган товарларга денгизда (дарёда) ташиш шартномаси мазмуни ва мавжудлигини тасдиқловчи коносаментлар ёки бошқа ҳужжатларнинг тартиб рақами;
м) бортда қоладиган товарларни тушириш портларининг номи;
н) кемадаги мавжуд кема анжомларининг сони кўрсатилган ҳолдаги номи;
о) кемада товарларни жойлаштириш тавсифи;
п) товарларнинг фактура қиймати ва ҳоказо.

Айни пайтда, божхоначиларга товарлар ва юк ташиш воситаларига оид маълумотлар хорижий тилларда бўлгани ҳолида уни ўзбек ёки рус тилига ўгириш ҳуқуқи ҳам берилган.

Юк ташувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар етарли бўлмаганда эса "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ товарлар ва транспорт воситаларини қўшимча божхона назоратидан" ўтказиш чораси қўлланади.
XS
SM
MD
LG