Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:02

Самарада муҳожирлар изолятордан қочди


8 апрелга ўтар кечаси Самарадаги хориж фуқароларини сақлашга мўлжалланган махсус приёмникдан уч нафар муҳожир қочиб кетди. Панжарани аралаб қочган муҳожирнинг иккиси Ўзбекистон фуқароси экани айтилмоқда.



Самара шаҳрининг Советский тумани Мясокомбинат қўрғонида жойлашган хорижликларни сақлаш махсус изоляторидан душанба кунга ўтар кечаси қочиб кетган уч фуқаро қидирувга берилди.

Самара вилояти бўйича Ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи полковник Сергей Гольдштейн Озодликка 30 ва 27 ёшдаги Ўзбекистон ҳамда 32 ёшдаги Тожикистон фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида маъмурий қонунбузарлик содир этгани учун депортация қилинишини кутиб ўтирганини билдирди.

- Улар маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунинг учун қайта қўлга олинса ҳам, белгиланган муддатни ўтириб, ўз мамлакатларига жўнатилади. Ҳозирча уларни қидириш ишлари давом этмоқда. Уларни депортация қилиш тўғрисида суд қарори бор,- деди Самара вилояти Ички ишлар бошқармаси расмийси полковник Сергей Гольдштейн.

Сергей Гольдштейн ўзбекистонлик ва тожикистонлик маҳбуслар кечаси соат 2 ларда камера деразасидаги темир панжарани аралаб қочган, дейди. Бу ҳодисага йўл қўйган мансабдор шахслар ва уларнинг раҳбарларига нисбатан хизмат текшируви бошлангани, аниқланган айбдорларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари қўлланилишини ҳам билдирди, тергов қўмитаси вакили.

Озодлик Россиянинг бошқа хориж фуқароларини сақлаш махсус изоляторларидан ҳам ўзбекистонлик ва тожикистонлик маҳбуслар қочиши тўғрисида бир неча бор хабар берган.

Ўтган йилнинг 21 февралида Россия ҳудудида миграция қонунчилигини бузгани сабабли изоляторга тушган Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг 8 фуқароси Санкт-Петербург шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига қарашли Хориж фуқароларини сақлаш марказидан қулфларни бузиб қочган.

2 ой ўтиб, 8 апрел куни айни шу Санкт-Петербургдаги Хориж фуқароларини сақлаш марказидан темир эшик қулфларини бузиб ва полиция ходимларига қаршилик кўрсатиб, яна 11 нафар меҳнат муҳожири қочган эди.

Мазкур ҳодисалар ортидан, Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти Хориж фуқароларини сақлаш маркази бошлиғи Виталий Улаев ўз лавозимидан озод этилган эди.
XS
SM
MD
LG