Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:05

Cўх чегараси очилишига боткенликлар қарши чиқмоқда


Ўзбекистоннинг Сўх анклавини Фарғона вилоятининг Риштон тумани билан боғловчи энг яқин чегара бекати очилишига Қирғизистоннинг Боткен вилояти аҳолиси қаршилик қилмоқда.

Боткен вилояти аҳолиси вакилларидан иборат ташаббус гуруҳи ҳукумат Сўх анклави атрофидаги “Газпром”, “Апкан” ва “Қайтмас” чегара ўтказиш бекатларини очадиган бўлса, маҳаллий аҳоли йўлларни тўсиб қўйиши ҳақида баёнот тарқатди.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов ҳозирча мазкур чегара пунктларини очиш масаласи муҳокама қилинмаётганини билдирди.

Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистоннинг 60 минг аҳоли яшайдиган Сўх анклави жорий йилнинг 5-7 январида содир бўлган чегара мажаросидан сўнг қамал ҳолатида қолган эди. Ўшанда Сўх анклавидаги Хушёр қишлоғи аҳолиси қирғиз чегарачилари томонидан уларнинг назарида ноқонуний равишда ўрнатилаётган симёғочлар олиб ташланишини талаб қилиб чиқишган. Натижада бу жанжал ҳар икки тарафдан одамлар гаровга олинган ва асосан қирғизистонликлар зиён тортган катта жанжалга айланиб кетган.

Шундан сўнг Қирғизистон Сўх анклави аҳолиси Ўзбекистонга бориб келадиган энг яқин “Газпром”, “Апкан” ва “Қайтмас” чегара ўтказиш бекатларини ёпиб қўйган эди. Айни пайтда сўхликлар Фарғонага бориш учун айланма йўллар орқали Водил чегара бекатига бориб, камида 200 километр йўл босишга мажбур бўлмоқда.

Шу кунларда Боткен вилояти аҳолиси ўртасида Қирғизистон ҳукумати Сўх атрофидаги чегара бекатларини очишга рози бўлибди, деган миш-мишлар тарқади. Бу гаплар ортидан боткенлик фаол фуқаролар ташаббус гуруҳи, агар Қирғизистон ҳукумати Сўх анклави чегарасини очса, маҳаллий аҳоли бу йўлларни қамал қилиши ҳақида баёнот тарқатди.

-Мен бугун Чорбоғ қишлоғи билан боғландим. У ерда Сўх анклави чегараси тиконли симлар билан тўсилаётган эди. Қурувчилар фақат 2 километр чегарани чала тўсган ҳолда, ишни тўхтатиб қўйишибди. Агар ҳукумат сўхликларга чегарани очиб бермоқчи бўлаётган бўлса, халқ кўтарилади. Чегара масаласи ва хавфсизлиги тўла таъминланмагунига қадар биз бу чегара орқали Ўзбекистон фуқароларининг борди-келди қилишига йўл бермаймиз, -деди боткенлик Соурбой Шамуратов.

26-28 март кунлари Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини аниқлаш бўйича музокараларда қирғиз томони Сўх анклави чегарасини тиконли симлар билан ўраш ва ўзаро борди-келди учун айрим чегара бекатларини очиш масаласини кун тартибига киритишини билдирган эди. Бироқ музокаралар тугаганига ўн кундан ошганига қарамай, Қирғизистон ҳукумати Тошкент сафари натижалари ҳақида маълумот беришдан тийилаётир. Матбуотда эса Қирғизистон ҳукуматида Ўзбекистон билан чегара бекатларини очиш масаласи ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилингани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

Бу борада маълумот берган Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов қирғиз томони чегараларни очиш бўйича бирон бир қарорга келмаганини айтди:
-“Қайтмас”, “Газпром”, “Апкан” чегара бекатларининг очилиши ҳақидаги гаплар асосиздир. Ўзбекистон томони Сўх атрофидаги чегара бекатлари очилсагина Қирғизистоннинг Барак экславига йўл бериши мумкинлигини айтган. Биз бу таклифга рози бўлмаганмиз. Бу масала ҳозир ҳукуматда муҳокама қилинаяпти. Чегара очиладими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. –деди Тўқўн Мамитов.

Маълумотларга қараганда, Сўх билан чегарадош бўлган Чорбоғ қишлоғидан ташқари Оқтупроқ қишлоғи аҳолиси ҳам чегара очилишига кескин қарши эканликларини билдирмоқда. Оқтупроқликлар мазкур чегара чизиғидаги баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал этилмагунича, чегаранинг ёпиқ тарзда қолишини талаб қилишаяпти.
XS
SM
MD
LG