Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:28

Каримов аҳолига Намунали уйларни тавсия қилмоқда


Сўнгги уч-тўрт йил ичида Ўзбекистонда Осиё тараққиёт банки кредитлари эвазига 650та қишлоқ массиви барпо этилиб, у ерда намунавий лойиҳалар асосида 24 мингга яқин якка тартибдаги уй-жой қуриб топширилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 17 апрел куни Тошкентда очилган “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзусидаги халқаро анжуманда қилган нутқида таъкидлади.

Рақамлар, рақамлар...

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга кўра, намунали уй-жойлар қурилиши учун сўнгги уч-тўрт йил ичида жами 1,2 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдордаги инвестиция йўналтирилган.

Келажакда мамлакат бўйлаб 350дан зиёд қишлоқ массиви барпо этиш, уларда намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1,4 миллион квадрат метр бўлган 10 мингта уй-жой қуриш кўзда тутилган.

“Шуни инобатга олиш керакки, Ўзбекистонда қишлоқ жойларида ҳар йили 150 мингдан ортиқ янги оила вужудга келмоқда, мустақил тараққиётимиз йилларида эса қишлоқларимизда 2 миллион 600 мингдан зиёд ёш оила пайдо бўлди ва улар ўз уйига эга бўлишга эҳтиёж сезмоқда”, -деди Каримов.

Уйлар қарзга қурилаяпти

Қишлоқ жойларида намунавий уйлар қуриш лойиҳаси Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки берган кредитлар эвазига амалга оширилаётгани айтилади.

2011 йилда Осиё тараққиёт банки “Ўзбекистонда қишлоқ жойларида уй-жойлар қуришни ривожлантириш” лойиҳаси учун жами 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кўп траншли молиялаш дастурини маъқуллаган эди.

Ўзбекистонликларга эса янги қурилаётган уй-жойлар ипотека кредитлари асосида бериляпти. Ипотека кредитларини бериш “Қишлоқ қурилиш банки” акциядорлик-тижорат банки орқали амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, 2009 йилда махсус ташкил этилган мазкур банк ўтган тўрт йил мобайнида қишлоқда 23,6 минг нафар шахсга якка тартибда уй-жой олиши учун қиймати 677 миллион доллардан зиёд ипотека
кредитлари берган.

“Қишлоқда яшайдиган одам уйнинг намунавий лойиҳасини танлаганидан сўнг дастлабки бадал сифатида уй қийматининг 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағини тўлайди. Унга қулай шартлар асосида узоқ муддатга – 15 йилга имтиёзли фоиз ставкаси бўйича – биринчи йил белгиланган фоизни тўламаслик шарти билан – 7 фоиз миқдоридаги ипотека кредити берилади. Бу Марказий банкнинг йиллик 12 фоиз миқдорида белгиланган қайта молиялаш ставкасидан анча пастдир”, - деди президент Каримов.

Аҳоли: Намунавий уйлар қиммат!

Қишлоқ жойларида қурилаётган янги намунавий уйлар нархи 80-100 миллион сўм атрофида баҳоланмоқда. Бу - "қора бозор" курсида 35-40 минг АҚШ долларига тенг.

-Бу пулга Тошкентда уч хонали квартира сотиб олса бўлади. Лекин, тошкентликларнинг даромади қанчаю, қишлоқдагиларники қанча, - дейди қашқадарёлик Нурали ака.

Президент: Намунавий уйлар арзон!

Аммо, Ўзбекистон президентига кўра, уй-жой қуриш ишларида иштирок этаётган ширкартлар солиқ ва бошқа тўловлардан озод этилиши эвазига уйлар нархини икки баравар камайтиришга эришилган.

- Бундай уй-жойларнинг бир квадрат метри шаҳардаги уй-жой қийматидан бугунги кунда ўртача 2 баробар пастдир, - деди Каримов.

Айни пайтда уйларнинг сифати ва нархи бўйича аҳолидан шикоятлар кўп.

–Уйлар жуда чиройли, лекин қиммат. Шаҳарликлар учун арзон туюлиши мумкин, лекин қишлоқ аҳли учун бу уйлар қимматлик қиляпти. Ундан кўра, ер берса яхши эди. Бизни қишлоқда биласиз одамлар топганига аста –секин уйни тиклайди. Қарзга ботиб уй олишни бизникилар ёқтиришмайди, - дейди бухоролик Бобур ака.

"Намунавий уйлар қайтадан таъмирланаяпти"

Яқинда янги оила қурган ўғли ва келинига намунавий уй олиб берган хоразмлик Насиба опа эса иморатнинг сифатидан нолийди.

-Жуда шошма-шошарлик билан пала-партиш қуриб ташлашаяпти. Қайсидир уйни канализация системасини нотўғри созлашган. Чиройлилигига учиб олувдик. Ҳозир уйни ичини бутунлай ўзимиз қайта тузатяпмиз. Ундан кўра ўзимиз қурганимиз яхши, - дейди Насиба опа.

Кўпгина вилоятларда намунавий уйлар ҳашарчилар ҳисобига қурилаётгани айтилади.

Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида уйлар қурилишига турли давлат ташкилотларидан ташқари, институт талабалари ва коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари ҳам жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди.
XS
SM
MD
LG