Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Ўзбек ҳуқуқбонлари NIKEни почта орқали уялтирмоқчи


Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва бошқа фаоллар тарқатган мактубда Daewoo International ва у билан ҳамкорлик қилаëтган NIKE ширкатлари олаëтган фойдага тамал бўлган пахта мажбурий меҳнат ва қурбонликлар эвазига етиштирилаëтгани таъкидланади.

Вашингтондаги "Меҳнат ҳуқуқлари халқаро форуми" тарафидан минглаб манзилларга жўнатилган мактуб остига Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида истиқомат қиладиган 141 нафар фаол имзо чеккан.

Мактубда январь ойида ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатишни ваъда қилган NIKE ширкатининг Ўзбекистонда пахтани қайта ишловчи энг йирик ширкат Daewoo International компанияси билан ҳамкорлик қилаётгани учун танқид қилинади.

Санжар Умаров¸ Толиб Ëқубов¸ Умида Ниëзова¸ Елена Урлаева¸ Азиз Йўлдошев¸ Дмитрий Нуриллаев каби фаоллар имзо чеккан бу мактуб NIKE ширкатининг ҳар бир ходими электрон почтасига жўнатилиши таъминланди.

Мактубга имзо чекканлардан бири - "Ўзбекистон - Германия инсон ҳуқуқлари форуми" раҳбари Умида Ниëзованинг Озодликка айтишича, бу мактубдан кейин NIKE ширкатининг Daewoo International билан алоқаларни узиши тайин:

-Чунки NIKE мижозлари, асосан, прогрессив ëшлардир. Бу ширкат учун жамоатчилик фикри жуда муҳим. Агар NIKE мижозлари ўзлари сотиб олаëтган маҳсулот Ўзбекистондаги қулларча меҳнатга билвосита асосланганидан воқиф бўлишса, бу ширкат учун катта талафот бўлар эди. Шу маънода бизнинг тадбиримиздан кейин NIKE ўзбек пахтасидан фойда олишда давом этиш учун сурбетликдан қайтмаётган Daewoo билан алоқани узиши аниқ¸ дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.


Uzbekistan - recycling of cotton fiber company DAEWOO Textile Bukhara, 15Jun2012
Uzbekistan - recycling of cotton fiber company DAEWOO Textile Bukhara, 15Jun2012
Бугунга келиб дунëдаги кийим-кечак ишлаб чиқарувчи 130 дан ортиқ етакчи компания ва брендлар ўзбек пахтасини сотиб олишдан ошкора равишда воз кечди.

Nike ширкати ҳам январь ойида ўзбек пахтасини сотиб олишни тўхтатишни ваъда қилган эди.

Айни пайтда Nike ширкати билвосита қуллар меҳнатига шерик бўлгани биз учун кутилмаган ҳолат бўлди дейди Умида Ниëзова:

- Ўзбекистондаги энг йирик пахтани қайта ишловчи, қуллар меҳнати ортидан бойлик орттираётган Daewoo International компанияси билан онгли равишда савдо муносабатларини юритаётгани кўпчилик учун кутилмаган совға бўлди, дейиш мумкин. Балки Nike Daewoo дан пахта эмас, фақат синтетик материал сотиб оляпмиз, деб қутулмоқчидир. Бу ҳолатда Nike ўз раҳбарлари Марк Паркер ва Фил Найт тимсолида ўз таъминотчилари тармоғидаги инсон ҳуқуқлари бузилишидан фойда кўраётган компанияни яширмоқда, холос. Бу билан улар дунёдаги энг деспотик тузумлардан бири томонидан тизимли равишда амалга ошириб келинаётган мажбурий меҳнатни рағбатлантиряпти, деб бемалол айтиш мумкин¸ дейди Умида Ниëзова.

NIKE даги мажбурий меҳнат сири

Инсон ҳуқуқ фаоллари NIKE даги мажбурий меҳнат сирини фош қилишнинг илк босқичида Озодлик радиоси эълон қилган фактларга таянишди.

17 апрел куни дунëдаги юз мингдан ортиқ электрон манзилларга жўнатилган мактубда Озодлик радиоси ëритган пахта қурбони бўлган ëш йигит ҳикояси бор.

2012 йилнинг 6 октябрида 18 ёшли Наврўз Мўйсинов белгиланган терим нормасини бажармасдан пахтадан кетиб қолгани учун Шаҳрисабз милицияси ходимлари томонидан калтаклаб ўлдирилди.


Uzbekistan - Uzbek girls are picking cotton in Tashkent region, undated
Uzbekistan - Uzbek girls are picking cotton in Tashkent region, undated
Исми сир сақланишини истаган манбанинг 2008 йил 8 октябрда “Озодлик”ка билдиришича, 1994 йилда туғилган ўсмир ўша куни онасининг ўрнига теримга чиққан.

Тахминларга кўра, ўзини ёмон ҳис қилгани учун даладан эртароқ қайтган. Йўлда эса милиция ходимлари томонидан тўхтатилган ва ўртада чиққан тортишувдан сўнг қаттиқ калтакланган. Шундан сўнг у шифохонага келтирилган ва ўша тунда вафот этган.

Мактубда “Ўзбек пахтасидан фойда олишда давом этиш учун сурбетликдан қайтмаётган ширкат” сифатида тилга олинган Daewoo International ва у билан ҳамкорлик қилаëтган NIKE ширкатлари олаëтган фойдага тамал бўлган пахта мажбурий меҳнат ва қурбонликлар эвазига етиштирилаëтгани таъкидланади.
Мактуб сўнгидан эса ўзбек пахтасини билвосита тасарруф қилаëтган NIKE ширкатига қарата чақририқ ўрин олган.

“Биз Nike ширкатини Daewoo билан бизнес алоқаларни тўхтатишга, бу компанияни мажбурий меҳнат орқали териб олинган пахта таъминотчилари рўйхатидан ўчиришга қаратилган қадамлар ташлашга ундашга чақирамиз¸” дейилади мактубда.

Қора рўйхат

Ўз тарихида инсон ҳуқуқларини бузиш билан ном чиқарган Daewoo Жанубий Кореянинг халқаро компанияларидан бири. У H & M, The Limited, C & A, и Levis каби дунёдаги энг машҳур кийим-кечак ширкатларининг қора рўйхатига киритилган. Бу 100 дан ортиқ ўзбек инсон ҳуққлари фаолининг ўзбек пахтасини бойкот қилиш чақириғига жавобан амалга оширилган эди.
XS
SM
MD
LG