Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:25

Ўзбекистонлик муҳожир полициячилар кўзи олдида отиб кетилди


Ўзбекистонлик муҳожирнинг ўлдирилиши юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам жавобгарликка тортилди.
Ўзбекистонлик муҳожирнинг ўлдирилиши юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳам жавобгарликка тортилди.

Россиянинг Благовешченск шаҳрида маҳаллий полиция ходимлари кўзи олдида 30 ёшли Ўзбекистон фуқароси отиб кетилди. Терговчилар ўзбекистонлик бригадир қурилиш ишларида пул бўлишиш пайтида юзага келган “разборка” қурбони бўлганини айтмоқда.



17 апрел куни кечки пайт Россиянинг Амур вилояти Благовешченск шаҳридаги аэропортга элтадиган йўл ёқасида бир гуруҳ полиция ва тезкор гуруҳ ходимлари (СОБР) кўз олдида ўтиб кетаётган машинадан 30 яшар Ўзбекистон фуқароси отиб ўлдирилди.

Ҳодиса юзасидан тергов олиб бораётган Амур вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмийси адлия капитани Алексей Лубинский жиноятни содир этганликда гумонланаётган икки киши қўлга олингани ва улар аллақачон ўз айбига иқрор бўлганини Озодликка гапириб берди.

- Улардан бирини ўтган жума кунининг иккинчи ярмида, кейингисини кечки пайт қўлга олишди. Биттаси Арманистон фуқароси, иккинчиси Россия фуқароси, миллати рус. Ўлдирилган ҳақиқатан ўзбек. Қотилликда айбланаётганларга айблов эълон қилинди, улар тергов изоляторида сақланмоқда,- деди Алексей Лубинский.

Тергов қўмитаси вакили сўзларига кўра, 17 апрел куни полицияга маҳаллий қурилишлардан бирида бригадир бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик ва унинг акаси мурожаат қилган. “Улар бир гуруҳ шахслар улардан 200 минг рубл миқдорда пул талаб қилаётгани ва дўқ-пўписа қилаётганини гапириб, ёрдам сўраган”, дея давом этади капитан Лубинский.

- Дастлабки маълумотларимизга кўра, ўлдирилган шахснинг акаси қурилишда бригадир бўлиб ишлаб келган. Унинг қўлида арманистонлик фуқаро ишлаган. Армани бригадирдан ойлик маошини талаб қилган. Бунга бригадир буюртмачи бажарилган ишга пул ўтказмагани ва унда ҳозирча тўлашга пули йўқлигини билдирган. У “Сен пул беришни истамасанг, мен дўстларимга айтаман, улар билан гаплашасан”, дея қўрқитган. Айбланувчилардан бири ўзбекистонликни учрашувга чақирган, у эса полицияга бориб бўлган воқеани гапириб, ёрдам сўраган,- дейди тергов қўмитаси вакили.

Маълум бўлишича, ўша куни кечқурун полицияда белгиланган учрашув жойида пистирма уюштириш ва товламачиларни қўлга олиш режаси ишлаб чиқилган. Бригадирнинг укаси ўзининг яқин ўртоғи билан Toyota Corolla машинасида СОБР ва бир гуруҳ полиция ходимлари назоратида Благовешченскдан аэропортга кетавериш йўлидаги 6 километрда тўхтаган.

“Чигир аҳоли пунктига бурилишда улар тўхтаб машинадан чиқиб турган”, дейди тергов расмийси.

- Улар машинадан чиқиб кутиб турганда, товламачилар ойналари қораланган номерсиз машинада келиб, бу одамларга қараб машинадан ўқ узган. Жабрланувчи шеригини итариб юборган ва уни қутқариб қолган, лекин ўзи бошидан ўқ еган ва ҳодиса жойида жон берган. Энг қизиғи, қора машинадан автомат билан ўқ отган жиноятчилар ғойиб бўлишга улгурган. Ўзбекистонликнинг ўлдирилиши юзасидан қўзғатилган жиноий ишдан ташқари, полиция ходимларининг масъулиятсизлиги ва лоқайдлиги бўйича яна битта жиноий иш очилди. Қандай қилиб жиноятчилар ҳодиса жойидан қочиб қолган? Қандай қилиб полицияга ёрдам сўраб мурожаат қилган одам амалиёт давомида ўлдирилишга йўл қўйилди? Ҳозир ички тафтиш олиб бориляпти ва биз айбдорлар аниқланса, уларни жиддий жавобгарликка тортамиз,- дея ишонтирди Амур вилояти бўйича Тергов қўмита расмийси адлия капитани Алексей Лубинский.

Маҳаллий матбуотда бу отишма ўзбек ва арман диаспоралари тўқнашуви ўлароқ баҳоланди. Бироқ, суҳбатимиз сўнггида Тергов қўмитаси вакили ҳодисадан “ўзбек-арман диаспоралари ўртасида миллий тўқнашув” бўлган дея хулоса чиқариш ҳақиқатга тўғри келмаслиги, бу оддий маиший “разборка” эканини айтди.

Амур вилояти прокуратураси вакиллари қотиллик факти асосида Россия Жиноят Кодексининг 105-моддаси (қотиллик) асосида жиноий иш очилгани, 1989 ва 1987 йилларда туғилган айбланувчилар тергов якунига қадар қамоққа олингани айтилди.

Озодликнинг айрим манбаларидан олган маълумотига кўра, нобуд бўлган 30 ёшли ўзбекистонлик фуқаронинг фамилияси Шерматов З. А. бўлган.

Амур вилоятидаги “Олтин Водий” Ўзбеклар миллий-маданий маркази раҳбари Абдимухтор Полвонов нобуд бўлган ўзбекистонлик йигит асли Самарқанддан экани, у ҳақиқатан қурилишда ишлаб келгани ва жанжал ойлик устида чиққанини тасдиқлаб берди. Благовешченскдаги ўзбеклар жамияти раисидан олинган маълумотга биноан, йилига Амур вилоятига асосан қурилишларга 1500-2000 ўзбекистонлик қурилишга ишлагани келади.

Бу қотиллик маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳам қизғин муҳокамага сабаб бўлди ва ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларига қатор саволларни тўғдирди.

Амур вилояти бўйича полиция бошқармаси инспектори майор Элина Якубова ўзбек мардикори ўлдирилиши юзасидан ички тафтиш олиб борилаётганини Озодликка билдирди:

- Ҳозирча бу ҳодиса асосида хизмат тафтиши олиб борилмоқда. Унинг натижасига кўра қарор қабул қилинади. Биз текширувни қонун бўйича 30 кунлик муҳлат давомида якунлашимиз керак, деди майор Элина Якубова.

Куни кеча Благовешченск Тергов қўмитасида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 293 моддаси 2 қисми (масъулиятсизлик) асосида ички ишлар ходимларига нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлди.

Ёрдам сўраб мурожаат қилган Шерматовни ҳимоя қила олмаган полициячилар айби исботланса, уларга 5 йилгача қамоқ жазоси, Ички ишлар органлари сафидан бўшатилиш ва бошқа жазолар тайийнланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG