Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:49

Туркман президенти пойгада отдан йиқилди


Туркманистонда "От куни" муносабати билан ўтказилган пойгада президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов отдан йиқилиб тушди. Аммо, йиқилганига қарамай, Туркманбоши пойгада ғолиб, деб эълон қилинди.


Туркманистон давлат телевидениеси 28 апрел — "От куни" муносабати билан ўтказилган пойгада мамлакат президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ғолиб чиққани, у бошқарган от 11 миллион долларлик мукофотни қозонгани акс этган лавҳани намойиш этди.

Лекин, Бердимуҳаммедов финиш чизиғидан ўтибоқ, отдан йиқилиб тушганини давлат телевидениеси кўрсатмади.

Воқеадан бир кун ўтиб, пойгадан олинган видео тасвирни EurasiaNet.org сайти эълон қилди.

Унда Туркманистон президенти отнинг эгаридан қалқиб кетиб, бир неча метр нарига учиб тушганини кўриш мумкин.



Яъни, бир километрлик пойгада илғорликни қўлдан бермай келган президент маррадан кейин ўзининг суюкли “Барқарор” лақабли отидан йиқилиб тушди.

Томошабинлар сафидан олинган тасвирда йиқилиб тушган ва ерда қимирламай чалқанча ётган Сардорни ортда келаётган бошқа отларнинг босиб ташлашига сал қолгани акс этган.

Пойгани томоша қилгани йиғилган вазирлар ва қора кoстюмли хавфсизлик xизмати ходимлари дарҳол президент томон чопа бошлади ва ҳушидан кетиб, қимирламай ётган Бердимуҳаммедовни шартта кўтариб, тез ёрдам машинасида олиб кетишади.

Бу ҳодиса отчопарга йиғилган минглаб томошабин кўз ўнгида содир бўлди. Лекин, Туркманистон давлат телевидениеси бу кадрларни кесиб ташлади.

От чоптираëтган Бердимуҳаммедов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:04 0:00

"Отчопарга йиғилган минглаб одам бир соат давомида Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг на ўлик, на тирик эканини билмай, худди игнанинг устида ўтиргандай ўтиришди", деб ёзди EurasiaNet.org сайти.

Бир соат ўтиб, туркман давлат телеканали объективлари оқсоқланиб келаётган Бердимуҳаммедов томон қаратилади.

Туркманистон президентининг оти марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтгани ва пойгада ғолиб бўлгани эълон қилинди.

Унга 11 миллион долларлик мукофот топширилди.

Воқеа гувоҳи бўлган Ахалтака отлари халқаро уюшмаси президенти Клэр де Воз Стинвейк туркман президенти марра чизиғини кесиб ўтганидан кейин йиқилганини айтмоқда.

- Марра чизиғини кесиб ўтаётиб, президент томошабинларга жилмайиб қаради. Кейин, отининг оёғи қоқилиб, президент йиқилиб тушди. Ҳақиқатан, президент жуда тез чопаётган эди. Йиқилганидан кейин унга тез ёрдам кўрсатишди. Қисқа вақт ўтиб, у миллий либосда одамлар орасида ҳозир бўлди, дейди Клэр де Воз Стинвейк.

Туркманистон президентининг “Барқарор” лақабли оти дунёдаги энг ноёб ахалтака отларининг биридир.

"Туркманистондек давлатда фақатгина от президентни эгардан улоқтириши мумкин экан", деб ёзди EurasiaNet.org мухбири воқеага хулоса ясар экан.
XS
SM
MD
LG